Ҳароратни мўтадиллаштирувчи “ақлли” плёнка ишлаб чиқариш йўлга қўйилади

Фанлар академияси Материалшунослик институти олимлари томонидан дунёда илк бор иссиқхоналар учун мўлжалланган плёнкалар таркибига қўшилувчи, ҳароратни мўтадиллаштириш вазифасини бажарадиган нано-композит заррачалар синтез қилинди. Бу ҳақда Фанлар академияси ахборот хизмати маълум қилди.

Бу нано-заррачалар қуёш нурининг ультрабинафша нурланишини яқин инфрақизил диапазонга айлантиради. Шу билан бирга, бундай фотонларнинг иссиқлик энергияси 17-22°С га тенг бўлади. Натижада, ташқи ҳарорат -3…-7 °С бўлган ҳолатда ҳам, иссиқхона ичидаги ҳарорат қўшимча қиздиришсиз +5…+7°С гача сақланади (одатий плёнкаларда бу кўрсаткич 0…+2°С бўлади). Иссиқ кунларда эса иссиқхона ичидаги ҳарорат 5–8°С га пасаяди.

Инфрақизил диапазондаги фотонлар сони кўпайиши туфайли фотосинтез тезлашади ва ўсимликлар 1,5–2 баравар тез ўсади. Шу билан бирга, энергия сарфи 60% дан ортиқ камаяди, ҳосилдорлик 35–50% га ортади, суғориш учун сув тежалиши 30% ни ташкил этади, агар гидрогеллар қўлланилса, бу кўрсаткич 90% гача етади. Плёнканинг мустаҳкамлиги 3 баравар ошади.

Синовлар Тошкент, Жиззах, Фарғона ва Андижон вилоятларида ўтказилган.
Ҳозирги кунда Шанхай Қишлоқ хўжалиги академияси томонидан Хитой Халқ Республикасининг турли тупроқ-иқлим шароитида кенг кўламли синовлар олиб борилмоқда.
Shanghai Daedon Science and Technology Ltd. компанияси билан Ўзбекистонда Материалшунослик институти базасида нано-порошокларни қўшма тажриба-саноат ишлаб чиқаришини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Тажриба-саноат ишлаб чиқаришни ривожлантириш режасига кўра, 2025 йилда 1 тонна, 2026 йилда эса 10 тонна нано заррачалар ишлаб чиқарилади.
Ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 2 000 тоннага етказиш учун нано-порошоклар ишлаб чиқариш заводи қурилади.
Мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича Shanghai Daedon Science and Technology Ltd. компанияси билан ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди.