“Шишали шифт”ни енгиб ўтаётган аёллар
Улар кимлар? “Рақамли шовқин” муҳитида журналист аёллар ўзини қандай ҳимоя қилмоқда?
Тошкентда бўлиб ўтган икки кунлик конференция Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан келган 100 дан ортиқ аёл журналист, муҳаррир, медиа-менежер, рақамли контент яратувчиси, блогер, халқаро эксперт ва ҳуқуқ ҳимоячиларини бир жойга жамлади.
“Минтақавий бирдамлик, рақамли хавфсизлик ва журналистиканинг инклюзив келажаги” мавзусидаги II Марказий Осиё халқаро аёл медиа-мутахассислари конференцияси Ўзбекистон Республикаси Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази, минтақавий ҳамкор сифатида Тожикистон журналист аёллари миллий коалицияси ташаббуси билан бўлиб ўтди.
Бутун дунёда журналистлар хавфсизлиги муҳим аҳамиятга эга, айниқса, журналист аёллар ҳимоясини таъминлаш бу соҳанинг эркин фаолият юритиши демакдир, - деди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар. - Журналист аёллар воқеликларни асл ҳолатда акс эттиришни таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Аммо бутун дунё миқёсида журналист аёллар оддийгина, кундалик фаолиятида, шунчаки ўз ишини бажараётгани учун таъқибга учраш ҳолатлари учраб туради. Шунинг учун ҳам “шишали шифт”ни синдириб ўтиш ва бунга жамият ҳам ҳаракат қилиши лозим.
Икки йил муқаддам биз, энг аввало, Марказий Осиё аёл журналистларини бирлаштириш зарурати ҳақида гапирган эдик, - деди Ўзбекистон Республикаси Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази директори Саида Сулайманова. - Бугун эса навбатдаги қадамни ташлаш – минтақавий ҳамкорликни касбий алоқалар ҳамда ўзаро қўллаб-қувватлашнинг амалий тизимига айлантирмоқдамиз. Медиа соҳасидаги аёллар қайси мамлакатда бўлишидан қатъи назар, бир-бирига жуда ўхшаш чақириқларга – рақамли таъқиб ва касбий босимдан тортиб, сунъий интеллект олиб келаётган шиддатли ўзгаришларгача бўлган муаммоларга дуч келишмоқда. Бошга тушаётган бу чақириқларга эса биргаликда жавоб бериш анча самаралидир.
Форум давомида “шишали шифт”, яъни турли ички босим ва қўрқувларни, жамиятда шаклланган қолипли қарашларни енгиб, журналистика соҳасида муваффақиятга эришган хотин-қизлар тажрибаси ўрганилди, улар билан савол-жавоблар уюштирилди.
Таҳририятлар ишида сунъий интеллектнинг таъсири конференциянинг марказий мавзуларидан бирига айланди. Экспертлар ва иштирокчилар таҳририят фаолиятида сунъий интеллектдан фойдаланишнинг этик тамойиллари, унинг ахборотни таҳлил қилиш ҳамда журналистик суриштирувлардаги имкониятлари, шунингдек, синтетик контент ва дипфейкларнинг тарқалиши ҳамда ахборот манипуляциясининг янги шакллари билан боғлиқ хавф-хатарларни муҳокама қилдилар.
Гулруҳ МЎМИНОВА