Пахта теримида замонавий терим машиналарининг ҳиссаси катта бўляпти

Бу йил самарқандлик фермерлар 60 минг гектар пахта майдонидан 261 минг тонна пахта хомашёси териб олишни режалаштирган.
Фермерлар вилоятда етиштирилган ҳосилни терим машиналари ёрдамида йиғиштириб олишга алоҳида эътибор қаратган. Яъни, мавсум давомида 88 та замонавий пахта териш машиналари ёрдамида 157 минг тонна ҳосил (60 фоиз)ни териб олиш кўзда тутилган. Бир кунда ўртача 2,8 минг тонна пахта замонавий машиналар ёрдамида териб олиняпти. Мавсум бошидан буён 49,6 минг тонна хомашё машиналарда йиғиштириб олинган.
- Жорий йилда вилоятимизда етиштирилган ҳосилни 25 октябргача, яъни бир ой муддатда тўлиқ териб олиш режалаштирилган, - дейди вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси шгъба бошлиғи Тоҳир Дувланов. - Ҳосилни қисқа муддатда, уюшқоқлик билан териб олиш учун ташкил этилган 720 та терим отрядларига 122 минг нафар теримчи бириктирилган. Теримчилар учун барча шарт-шароитлар яратилган бўлиб, даланинг ўзида ҳар куни иссиқ овқат ва тоза ичимлик суви ташкил қилинган.
Пахтани тўлиқ механизация ёрдамида териб олишга ўтиш мақсадида бу йил 50 дона юқори унумли замонавий пахта териш машиналари олиб келинди. Хитойда ишлаб чиқарилган “Боширан 7419” русумли мазкур машиналар тўрт қаторли бўлиб, бир кунда ўртача 50 тонна пахта териш қувватига эга. Эътиборлиси, машиналар юртимиздаги кластер корхоналари ва фермерларнинг фикрлари, пахта ҳосили етиштириш агротехникаси бўйича талаблари инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқарилган ва мамлакатимиз далаларида синовдан ўтказилган. Бу ҳам фермерларимиз учун қўшимча даромад, десак тўғри бўлади. Сўнгги йилларда ҳосилни инсон омилисиз, тўлиқ ахборотлаштирилган тизим орқали қабул қилиш жараёнига ўтилаётгани ҳам ўз самарасини бермоқда. Жумладан, жорий йилда териб олинган пахта ҳисоб-китобини юритиш тўлиқ рақамлаштирилди. “Агротарози” ва “Ҳосил қабули” ахборот тизими яратилди. Бу ҳосилнинг аниқ ҳисоб-китобини юритишда жуда қўл келмоқда. Барчаси шаффоф, кунлик ва мавсум бошидан топширилган пахта миқдори тўлиқ кўриниб турибди.
Бугунги кунда вилоятда 36 та пахта қабул қилиш масканларидаги 36 та электрон тарозилар тўлиқ “Ҳосил қабули” ахборот тизимига уланган.
Эслатиб ўтамиз, пахтанинг қўлда терилган 1 килограми учун 2000 сўмдан, машинада терилгани учун 1372 сўмдан ҳақ тўланиши белгиланган.
Дилмурод Тўхтаев.