Шароф Бошбековнинг исмини ким қўйган?
Буюк драматург таваллуд топганига 75 йил тўлди
“Мен одамларнинг бахшиси, бахшиларнинг яхшиси, устоз Фозил Йўлдош билан деярли ҳамқишлоқ эдим. Деярли дейишимга сабаб қишлоқларимиз ёнма-ён, жуда яқин жойлашган эди.
Айни қиш вақти Фозил ота “кўмир, ўтин-чўпдан қийналиб қолдим, уйимдан чакка томаяпти, ҳеч ким хабар олмайди”, дея Ёзувчилар уюшмаси, Олий Совет ва Марказқўмга устма-уст шикоятлар ёзаверибди. Ўша кезлар Олий Совет раиси бўлган Шароф Рашидов янги йилни кутиб олиш учун Самарқандга келади. Қайтишда оқсоқолдан бир хабар олиб кетайлик деб Фозил отанинг уйига кириб ўтади. Бахшининг хонадонида ҳурматли меҳмон шарафига қўй сўйилиб, катта зиёфат берилади. Қишлоқнинг бообрў одамлари қаторида бизнинг отамиз ҳам айтилади (у киши ўша кезлар "Қорамўйин" қишлоқ советида котиб бўлиб ишлаганлар). Аллоҳнинг қудрати билан кечаси қалин қор ёғиб, уй эшиклари очилмай қолган, ҳатто машинани кўмиб юборган (отамиз таъбири билан айтганда, от юролмас қор босган). Меҳмонлар яна бир кеча қолишга мажбур бўлишади. Вақт ярим кечадан оққанда қўшнилардан бири деразани чертиб:
—Бошбек ака, ўғилли бўлдингиз! — дея хушхабар олиб келади.
—Нима исм қўямиз, Бошбекбой? — дейди Фозил ота.
—Ўзларингиз бир нима дейсизлар-да... — дейди отамиз бошларини эгганча.
—Бўлмаса, ҳурматли меҳмонимиз шарафига Шароф деб қўясиз-да! — дейди бахши ота ва савол назари билан Шароф отага қарайди.
У киши мийиғида кулиб ўтираркан, эътироз билдирмабди. Буни “сукут — ризолик аломати” деб тушунган падаримиз эртанси куни янги туғилган меҳмонга “Шароф Бошбеков” деган ҳужжат олиб келади.
Ана ўша “от юролмас қор босган” кечада туғилган чақалоқ камина бўладилар. Ўшанда 1951 йилнинг 4 январь санаси экан...”
“Тафаккур” журналининг 2021 йил, 3-сони, “Камчиликларга куюниб, ютуқлардан суюниб” мақоласидан.