Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамда Миллий медиа бирлашмасига янги раҳбарлар тайинланди
Бизнесни ривожлантириш банки матбуот хизмати бошлиғи Шуҳрат (Ориф) Орипов Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.
Ш.Орипов - 1981 йил Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида туғилган.
Ўзбекистон Миллий университети ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1999 йилда журналист сифатида бошлаган. Бир қанча газеталарда фаолият юритган. Кейинчалик давлат ва жамоат ташкилотларида (Республика Маънавият ва маърифат марказида), шунингдек, сиёсий партия (ЎзЛиДеп) тизимида ахборот сиёсати ва матбуот хизмати йўналишларида фаолият олиб борган.
“Мен асли одаммас, ёр эдим”, “Шом товуши” китоблари нашр этилган. 15-Халқаро туркий шеърият фестивали иштирокчиси (Туркия, 2022 йил).
“Шуҳрат” медали, «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи лавозимида ишлаб келаётган Холмурод Салимов Уюшма раиси биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи лавозимига тайинланган.
***
Одилжон Тожиев Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси бошқаруви раиси этиб тайинланди.
О.Тожиев 1984 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 2006 йил Тошкент ислом университетини тамомлаган. Мутахассислиги ҳуқуқшунос. Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Қонунчилик палатаси Спикерининг рақамли ривожланиш ва ахборот сиёсати масалалари бўйича ўринбосари сифатида ишлаган.