"Омбудсман мактаби" мулоқотларининг навбатдагиси манзил колонияда ўтказилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ташаббуси билан аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” платформаси доирасида ҳудудларда аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда.
Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили томонидан “Омбудсман мактаби: ҳаракатланиш эркинлиги чекланган жойларда маҳкумлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш” мавзусида учрашув ташкил этилди.
Паст Дарғом тумани Гўзалкент қўрғонидаги 37-сонли манзил колонияда ўтган учрашувда жазони ижро этиш ҳудудлари, манзил колонияларда маҳкумларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, уларга яратилаётган шарт-шароитлар хусусида сўз борди.
- Мазкур тадбирлардан кўзланган мақсад маҳкум ва маҳбусларга ўз ҳуқуқлари, Омбудсманга мурожаат қилиш тартиби, қийноқ ва бошқа шафқатсиз муомалаларнинг олдини олиш бўйича мавжуд кафолатлар ҳақида тушунчалар берилди, - дейди Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили Отабек Тошниёзов. - Шунингдек, жазо муддатини ўтаб бўлгандан кейин жамиятга мослашиш жараёнида фойдаланиши мумкин бўлган ижтимоий-ҳуқуқий имкониятлар ҳақида тушунчалар беришди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумларни сақлаш шарт-шароитларини яхшилаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали маҳкумларнинг ҳуқуқларини янада кенгайтириш, жиноят-ижроия қонунчилиги халқаро нормаларга кўра мувофиқлаштирилди.
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган маҳкумларнинг масофали видео-учрашувдан фойдаланиш ҳуқуқини белгилашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Мазкур Қонун маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, уларнинг яқин қариндошлари билан масофадан туриб видео-учрашувлар ўтказиши учун имконият яратишга хизмат қилади.
Шунингдек, учрашувда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бўлими, вилоят ИИБ ЖХХ пробация бошқармаси вакиллари ҳам иштирок этиб, жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумлар, она ва болаларга яратилган шароитлар билан танишдилар.
Манзил колонияда ўрнатилган "Омбудсманга мурожаатлар" қутисига тушган шикоятлар ўрганилди.