Чўғ устида рақс...

Самарқанд давлат педагогика институтида “Ёшлар билан учрашув” лойиҳаси дирасида Гулжамол Асқарованинг “Чўғ устида рақс” китоби тақдимоти ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон халқ шоири Хосият Бобомуродова ҳамда самарқандлик ижодкорлар, институт талабалари иштирок этди.

Институт ректори Гулзода Негматова “Ёшлар билан учрашув” лойиҳаси талабаларнинг қизиқишларини рўёбга чиқариш, истеъдодларни кашф этишда алоҳида аҳамият касб этаётганлигини таъкидлаб, ижодкорлар билан ўтказилаётган мулоқотлар адабиётга ихлосманд ёшлар камолотида муҳим ўрин тутишини қайд этди.

Ижодкорлар ҳам бундай адабий кечалар китобхон ва ижод аҳли учун ҳам бирдек манфаатли эканлигини таъкидлаб, айни жараёнлар орқали халқнинг дарди, ўй-фикрлари, орзу-истаклари, бугунги кунидан шукронаси бадиий асарларга кўчишини баён этишди.

– Шеърларимда ҳам қайта-қайта такрорлаганимдек, Самарқанд ягона ва доимо унга талпиниб яшаймиз, - дейди шоира Гулжамол Асқарова. – Бугунги мулоқотимиз ҳам самимий, Самарқандга хос бадиий савияда ўтди. Аслида адабиёт ҳаёт мезони. Ҳеч бир соҳа адабиётдан айро бўлмаслиги керак. Инсон адабиёт орқали ички кечинмаларини теран ҳис этади, руҳий ҳолатини мўътадиллаштиради. Шунинг учун ҳам адабиёт инсон ҳаётида муҳим ўрин тутади. Бугун ҳам берилган саволлар, ёшларнинг муносабати орқали бунга яна бир амин бўлдик. Учрашувга йиғилганлар дийдорга, суҳбатга тўймадик. Бу ижодкорлар ҳам, адабиёт ихлосмандлари ҳам мана шундай адабий кечаларни соғиниб қолганлигидан далолат. Тақдим этган янги китобимизда жамланган ижод маҳсулларимиз ушбу кемтикларни тўлдиради, деб ўйлайман. 

Учрашув самимий мулоқот тарзида ўтказилиб, муоширалардан ташқари адабиёт, шеърият ҳақидаги қизғин савол-жавобларга бой бўлди.

–  Адабиётга бўлган қизиқиш мени ушбу олий таълим масканига етаклади, – дейди Самарқанд давлат педагогика институти талабаси Рушана Олимова. – Гулжамол Асқарованинг ижодини кузатиб бораман. Шоиранинг шеърларини ўз кечинмаларим баён қилингандек ҳис этиб ўқийман. Бугун у киши билан кўришиш баробарида Гулжамол опанинг энг гўзал шеърларидан бирини ўқидим. Шоиранинг адабиёт, бадиий ижод ҳақидаги фикрлари барчамизларга ижодий куч, мадад берди десам янглишмайман.

Тадбир доирасида ижодкорлар институтда ташкил қилинган “Маънавий баркамоллик маркази” очилишида қатнашди. Ушбу марказ талаба қизлар ўртасида маънавий муҳитни яхшилаш, уларнинг ижодий интилишларини рағбатлантиришга қаратилгани билан аҳамиятли экани таъкидланди.

Шоира иштирокидаги “Чўғ устида рақс” китоби тақдимотлари Каттақўрғон шаҳрида ҳамда Каттақўрғон давлат педогика институтида ҳам ўтказилди.