Руҳиятни даволайдиган олима
Қаҳрамонимиз – Самарқанд давлат университети амалий психология кафедраси ўқитувчиси Тоҳирова Моҳигул Умир қизи яқинда Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди.
Ҳаётимни ўзгартирган дакки
– Болалигимда шифокор бўлишни жудаям орзу қилганман. Шунинг учун мактабни тугатгач, ҳужжатларимни ҳеч иккиланмай тиббиёт коллежига топширгандим, - дейди Моҳигул. Яқинларим кўнглимга қарабми, менга қаршилик билдиришмади. Оппоқ халатларда ўқишга гўёки учиб борардим. Бир куни... тиббий кўрикдан ўтишимизга тўғри келди. Ўқувчиларнинг кўзларини текширадиган врач олдида нима қиларимни билмай қолдим. Чунки ташқи кўринишимдан кўзларим ожизлиги билинмайди. Шифокор ҳарфлар ёзилган жадвалнинг ёнига ўтқизиб қўйди ҳамки, уларни кўра олмадим. “Сен бу ерда нима қиляпсан, одамларни қандай даволамоқчисан?” деди шифокор. Бу гаплар кўнглимга тиғдай ботди, уйга бориб уч кун йиғладим. Шундан кейин ота-онам далда бўлди. Дадамнинг “Қизим, сен одамларнинг жисмини эмас, руҳиятини даволовчи бўл, улар ҳам аслида шифокорлар”, деган далдасидан сўнг мақсадларимни аниқлаштириб олдим. Шунга қараб тайёргарлик кўрдим... Ўшанда шифокорнинг гапларидан жуда узоқ вақт хафа бўлиб юрган бўлсам, аммо ҳозирда бу воқеа ҳаётимдаги муҳим нуқта бўлганидан миннатдорман.
Психологияга илк қадам
Болалигим Иштихон туманида ўтган. Отам – фарматсевт, онам – ўқитувчи. Иштихон туманининг Барлос қишлоғидаги 22-умумтаълим мактабида инклюзив таълим олганман. Мактабни аъло баҳоларга тугатгач, педагогика коллежида таҳсил олдим. 2019 йил Самарқанд давлат университети амалий психология факултетини қизил диплом билан тугатдим. Ўша йили факултетимизда магистратурага ўқишга қабул бошланди. Устозларимнинг маслаҳати билан магистратурага ҳужжат топширдим. Лекин ота-онам бироз иккиланишди, қийналиб қолмайсанми, деб хавотир олишди. Қарорим қатъийлигини англагач, қўллаб-қувватлашди. Нега илмий иш қилишни танладим? Чунки ҳеч кимга сир эмас, психологияда адабиётлар кам, айниқса, имконияти чекланган инсонлар, хусусан, кўзи ожиз сафдошларим учун бу борада деярли адабиёт йўқ эди. Талабалик пайтим 80 дақиқалик маърузани телефоним диктофонига ёзиб олардим. Маърузаларни Брайл алифбосига тушириб кейин ўқирдим ёки уларнинг гапларидан тинглаб, ўрганардим. 2021 йил магистратурани тугатганимдан сўнг устозларим ўзлари қўллаб-қувватлаб, мақолаларимни ўқиб, “докторантурага топшириб, кўр”, деб маслаҳат беришди. Ҳақиқий илмга кириб келишим докторантурага киргач бошланди. 2024 йил Брайл алифбосида “Умумий психология” номли ўқув қўлланмам нашр этилди. Ушбу ўқув қўлланма Ўзбекистонда кўзи ожиз инсонлар учун биринчи илмий психологик адабиёт бўлиб, ҳозир унинг аудио шаклини ҳам тайёрлаяпмиз. Бу ишларимизни “Китоб - кўнгил нури” лойиҳасида давом эттиряпмиз. Чунки кўзи ожиз, билимга чанқоқ талабаларга битта китоб камлик қилади.
Орзулар ушалган йил
Шу йиллар давомида 30 та илмий мақола, битта монографиям Молдава давлатида, инглиз тилида 2025 йил нашр этилди. 2023 йилда кўришда нуқсони бор шахсларнинг ижтимойилашувини қўллаб-қувватлаш мақсадида расмли матнни овозлаштирувчи мобил илова дастурини лойиҳалаштирдик. Илова телефон орқали ишлайди. Масалан, кўзи ожиз инсонга шифокор ретсепт ёзиб беради ёки қўлига газета тушиб қолди. Унинг ёнида ўқиб берадиган ҳеч ким йўқ. Шундай вазиятларда иловани очиб, керакли матнни расмга туширади ва илова уни ўқиб беради. Ушбу дастурни ҳам “Китоб – кўнгил нури” лойиҳаси доирасида ташкил қилдик.
2025 йил ПҳД илмий даражасига эга бўлдим. Турк тилидан халқаро С1 сертификатини олдим. Шу йили Москва шаҳрида ўтказилган халқаро форумда “Ўзбекистонда замонавий инклюзив таълим истиқболлари” номли маърузам билан қатнашдим. Форумда устозлар “Сиз нафақат бакалаврда, балки мактабда ҳам инклюзив таълимда таҳсил олгансиз. Демак, сиз соҳанинг ҳақиқий экспертисиз”, дея эътироф этишди.
Бундан ташқари, ўтган йили Америка психологлари ассотсиатсиясида халқаро ҳамкорликка сайландим. Шу ергача етиб келишимда давлатимизнинг бизга яратган шароити, оилам, турмуш ўртоғимнинг қўллаб-қувватлови муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Айни пайтда дарс бериш билан бир қаторда Самарқанд давлат университетида ташкил этилган “Инклюзив медиа клуб” раҳбари сифатида фаолият олиб боряпман. Яъни, университетимизда таҳсил олаётган ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоийлаштириш асосий мақсадимизга айланган. Университетимизда 147 нафар ногиронлиги бор талабалар бор. Улар учун бепул курс ташкил қилганмиз: сунъий интеллект, замонавий мусиқа, тасвирий санъат, робототехника йўналишларимиз бор.
Яқинда кибербуллингнинг олдини олиш буйича халқаро курсни тамомладим. Яхши биламиз, кейинги пайтларда рақамли зўравонлик ҳолатлари кундан кунга кўпайиб бормоқда. Халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида жойларда ўтказилаётган анжуманларда аёлларни рақамли зўравонликдан асраш чора-тадбирлари, уларга психологик ёрдам кўрсатиш бўйича маъруза ўқияпман.
Тафаккур энг муҳими!
Жуда кўпчилик кўзларингиз кўрмай туриб, шунча даражага қандай эришгансиз, деб савол беришади. Менинг эса жавобим битта: бирор фаолиятда муваффақият қозониш, нимагадир эришиш учун тафаккур, билим керак. Қолганини эпласа бўлади.
Муниса ШАМСИEВА ёзиб олди.