Мактаб ва кутубхонага йўл кўрсаткичи бўлса…
Йўл кўрсаткичлари умумий ўрта таълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари ва кутубхоналар жойлашган манзилларга йўл бошловчи белгилар тарзида ўрнатилса, маърифатпарварлик ишига муносиб ҳисса қўшилган бўлар эди. Чунки фарзандларимиз тарбиясида, айниқса, уларнинг сиёсий ва ижтимоий-маънавий дунёқарашини шакллантиришда боғча, мактаб ҳамда кутубхона асосий омил ҳисобланади. Ҳеч бир инсон сабоқ олмасдан туриб, такомил маънавий билимларни эгаллай олмайди. Ҳаёти давомида дуч бўладиган шахсий муаммолар, оилавий ва ижтимоий муносабатларда юзага келадиган воқеа-ҳодисаларга тўғри, адолатли ечим топа олмайди.
Шу ўринда баркамол авлод тарбиясида алоҳида ўринга эга бўлган кутубхоналар моҳияти катталигини таъкидламоқчиман. Бизнинг болалик ва ёшлик давримизда мактаблар кутубхонасидан исталган бадиий, ҳатто сиёсий-ижтимоий-иқтисодий мазмундаги адабиётларни топса бўлади. Ўнлаб даврий нашрлар сонма-сон жамланиб, тикилган ҳолда сақланганлигининг ўзи ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотар эди.
Балким шунинг учундир, кутубхоналар доимо ўқувчилар билан гавжум, адабиётлар эса қўлма-қўл ўтиб, ўқиларди. Худди шундай ҳолатни қишлоқлардаги кутубхоналарда ҳам кузатар эдик. Ҳозир маҳаллаларда кутубхоналар деярли йўқ.
Яқинда матбуотда ургутлик таниқли адиб Абдусаид Кўчимов ўз қишлоғида кутубхона очганлиги ҳақидаги хабар тарқалди. Бу шоир, журналист ва маърифатпарвар инсоннинг ҳақиқий ватанпарварлик, элпарварлик фазилатлари белгиси, деб қабул қилдим. Қани эди бундай ташаббус ҳар бир маҳалла – қишлоқда бўлса…
Йўлдош СУЮНОВ,
«Маънавият фидойиси» кўкрак нишони совриндори.