"Юрагимда энтикар бахтлар"

Каттақўрғон туманининг Сув омбори қишлоғида яшовчи Садоқат Ҳамроева номи ижтимоий тармоқларда анча танилиб қолди. Бу қиз вужудидаги сўз айтишга ташналик, қонидаги Худо берган иқтидор ва хислатидаги зукколик шеърларида ҳам яққол сезилади.

Очиғи, ўзим ҳам баъзи тадбирларда ўқиган машқларини эшитиб, ҳали олий мактаб кўрмаган қиздаги маҳоратга ҳавас қилганман. Шунинг учун ҳам "Ilm-ziyo-zakovat" нашриётида чоп этилган янги "Ой товушлари" китобини иштиёқ билан ўқидим. 

Хулосамни олдиндан айтсам, айб этманг: Самарқанд адабий муҳити ўзининг яна бир Хосиятига, Эркатошига, Жумагулига ва Гулжамолига эга бўляпти! 

Бу фикрим бежиз эмас. Садоқатда тинимсиз ёзиш иштиёқи баробарида инсон руҳиятини англаш, унинг сувратини чизиш маҳорати кучли. У нафақат табиат ранглари, кўнгил туйғуларидан, балки атрофидаги ҳар бир нарсадан моҳият қидиради ва... муҳими, уни топа билади. Шу сабабли шеърларида баёндан кўра кечинмалар устувор: 

"Осмон ерга ёмғир илинди" ("Ёмғир ёғса"), "Жонимга тиғдайин ботади соғинч" ("Сенсиз"), "Сабримдан узилган сўнгги томчидай" (...), "Жим туриб, жимликда ҳам кўнгил синар, воажаб!" ("Соғиндим"), "Гар сабрга кимки ҳайкал қўяр бўлса, У аёлнинг тимсолига қўйилгайдир" ("Аёл зоти"), "Дарз кетган кўнгилда қулайди Сабрдан ясалган қоялар" (...), "Бу олчоқ ҳижронда ҳадсиз таланган" ("Кутиш"). Бундан ташқари, шеърларида "баргпарчин йўлка", "иймон отлиғ зирҳ", "вақт тош отар", "Минг тилим юракнинг банди ҳислари", "парча дилни парчалар хаёл" каби чиройли ташбеҳлар ҳам эътиборингизни тортиши бор гап. 

Китобда "Сенсиз" деган шеър бор. Унда ишқий муносабатлар хотирланади, шеър қаҳрамони ўша қадрдон сайилгоҳни айланар экан, ширин дамларини эслайди. У бор атрофда соғинч, армон кўради: "Телбадай кезаман кўзларим гирён, Юрак шод дамларни қумсайверади"," Ҳар сас овозингга ўхшайверади"... Муаллиф уни жуда чиройли якунлаган: 

"На бориб ўтирдим, на кета олдим,

Қаршимда чиққанда бўм-бўш ўриндиқ!". 

Бундай гўзал хулосаларни бошқа шеърларда ҳам учратиш мумкин. 

Дарвоқе, китобга сўзбоши ёзган ва муҳаррирлик қилган таниқли шоир Шодмонқул Салом айтганидек,"Унинг битганларини ўқиб, бир содда ҳақиқатга амин бўлдим. Шеърнинг жони самимиятда экан!... Ўз қалбидан ҳақиқатни излаб яшаётган, кечмаса-да, бариси енгил. Келинг, Сиз ҳам бу китобни топиб ўқинг, баҳра олинг, каттақўрғонлик дилбар шоирамизга туйғудош бўлинг...". 

Фармон ТОШЕВ.