"Самарқанд сув таъминоти" МЧЖ: Аномал совуқ кунлари соҳа бўйича мурожаатлар сони кескин ошиб кетди

"Самарқанд сув таъминоти" МЧЖ хабарига кўра, тизимда вилоят бўйича аномал совуқ кунлари — 9-15 январь оралиғида 203 та шикоят келиб тушган. Шундан 188 таси жойида бартараф этилган. 15 таси бир неча кун талаб этган.

Авария ҳолатларини бартараф этиш учун 26 та бригада тузилган бўлиб 109 та ишчи ходим 27 та махсус техника жалб этилган.

Соҳада туманлардан келган энг кўп сув тортадиган насос, сув минораси ва бошқа иншоотлар музлаб қолгани бўйича мурожаатлар келиб тушган. Насосдан сув минорасигача, сув минорасидан истеъмолчиларгача бўлган тармоқларни эритиш ишларига асосий эътибор қаратилган. Кейинги кунларда кундузи ҳаво ҳарорати кўтарила бошлагач, бу турдаги мурожаатлар сони қисқарган.

Шаҳарда турувчи истеъмолчилардан ҳам аномал кунларда соҳа бўйича жуда кўп эътироз ва мурожаатлар келиб тушган. "Самарқанд сув таъминоти" МЧЖга кўра, мазкур кунларда электр таъминотидаги узилишлар сабаб Самарқанд шаҳри ва бошқа ҳудудлардаги кўп қаватли уйларга сув етказиб беришда муаммолар пайдо бўлган. Чунки сувни тортиб, керакли босим билан аҳолигача етказиш учун электр керак. Бу эса истеъмолчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган. Электр таъминотида барқарорлик тиклана бошлагач, мазкур муаммо юзасидан ҳам мурожаатлар сони пасая бошлаган.