Шифохоналарнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати қандай?
Куз-қиш мавсумида тиббиёт муассасаларида беморлар ва тиббиёт ходимлари учун зарур санитария-гигиена шароитларини таъминлаш, иситиш тизимларининг барқарор ишлашини йўлга қўйиш ҳамда мавсумий юқумли касалликларнинг олдини олиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Самарқанд вилояти бошқармаси масъуллари Булунғур туманидаги тиббиёт муассасаларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини ўрганди.
Ўрганишлар давомида шифохоналарнинг иситиш тизимлари, қозонхоналар ва радиаторларнинг техник ҳолати, палата ва муолажа хоналари, операцион, туғруқ, болалар бўлимлари ҳамда бошқа хоналарда белгиланган ҳарорат меъёрларига риоя этилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, дераза ва эшикларнинг зич ёпилиши, хоналарда совуқ ҳаво киришининг олдини олиш, вентиляция тизимларининг ҳолати ва улардан тўғри фойдаланиш, хоналарни мунтазам шамоллатиш, ҳарорат ва намлик кўрсаткичларини назорат қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Мутахассисларга куз-қиш мавсумида фавқулодда иситиш ҳолатлари юзага келганда фойдаланиш мумкин бўлган захира чораларини олдиндан белгилаш, электр энергияси, сув ва бошқа коммуникацияларда узилишлар эҳтимолига тайёр туриш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
– Шифохоналарда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларининг узлуксиз ишлаши ҳам мавсумга тайёргарликнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланди, - дейди "Санэпидқўмита" вилоят бошқармаси даволаш-профилактика муассасаларини назорат қилиш бўлими бошлиғи Иброҳим Аблақулов. – Сув таъминотида узилишлар юзага келганда фойдаланиш учун етарли сув захирасини шакллантириш, канализация тармоқларини мавсумга тайёрлаш, тиқилиб қолиш ва музлаш ҳолатларининг олдини олиш зарур, Бундан ташқари, куз-қиш ойларида кўпайиши мумкин бўлган ЎРВИ, грипп ва бошқа мавсумий юқумли касалликларнинг профилактикасига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тиббиёт ходимлари ва беморлар ўртасида шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш, дезинфекция тадбирларини белгиланган тартибда ташкил қилиш, беморларни қабул қилиш ва зарурат туғилганда уларни изоляция қилиш учун етарли шароитларни таъминлаш бўйича чораларни кучайтириш тавсия этилди.
Мавсумга тайёргарлик доирасида тиббиёт муассасаларида зарур дори воситалари, тиббий сарф материаллари ва дезинфекция воситалари захирасини шакллантириш, электр энергияси ёки бошқа коммуникацияларда узилишлар содир бўлган тақдирда муҳим тиббий хизматларнинг узлуксизлигини таъминлаш чораларини кўриш ҳам муҳим вазифалардан экани қайд этилди.
Шифохоналарнинг озиқ-овқат блокларида санитария ҳолати, маҳсулотларни сақлаш шароити, сақлаш ҳарорати ва яроқлилик муддатлари, ошхона ходимларининг шахсий гигиена қоидаларига риоя этиши назоратда бўлиши лозим.
Муассаса ҳудудларини санитария жиҳатидан тартибга келтириш, барг ва бошқа чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш, тиббий чиқиндиларни белгиланган тартибда йиғиш, вақтинча сақлаш ва олиб чиқиш, шунингдек, кемирувчилар ва ҳашаротларга қарши дератизация ҳамда дезинсекция тадбирларини ўз вақтида ўтказиш бўйича ҳам тавсиялар берилди.
Айни пайтда вилоятда жами 446 та даволаш-профилактика муассасаси фаолият юритаётган бўлиб, уларнинг куз-қиш мавсумига муносиб тайёргарлигини таъминлаш санитария-эпидемиология хизмати олдидаги муҳим вазифалардан биридир.
- Тиббиёт муассасаларининг мавсумга тайёргарлигида, аввало, беморлар учун қулай ва хавфсиз муҳит яратиш, санитария ҳолатини барқарор сақлаш, иситиш, сув ва вентиляция тизимларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш ҳамда мавсумий касалликлар профилактикасини кучайтиришга устувор аҳамият қаратиш зарур, - дейди И.Аблақулов. - Шунингдек, фавқулодда вазиятлар эҳтимолига тайёр туриш, муқобил энергия манбалари, генераторлар ва бошқа захира воситаларининг шай ҳолатда бўлишини таъминлаш, ёнғин хавфсизлиги талабларига қатъий риоя этиш бўйича чораларни олдиндан кўриш муҳим.
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик мавсум бошланганидан кейин эмас, балки унинг олдидан кўриладиган чора-тадбирлар самараси билан баҳоланади. Шу боис тиббиёт муассасалари раҳбарлари томонидан мавсумга тайёргарлик ишларини сифатли ва масъулият билан ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилиши лозим.
Айни вақтда "Санэпидқўмита" вилоят бошқармаси ва ҳудудий бўлимлар мутахассислари томонидан вилоятдаги тиббиёт муассасаларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатлари ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва мавсумни муносиб шароитда ўтказиш бўйича тегишли тавсиялар берилмоқда.
"Санэпидқўмита" вилоят бошқармаси ахборот хизмати.