“Самарқанд сув таъминоти” мутасаддиларига нега маъмурий чора кўриладиган бўлди?

Иллюстратив фото

Самарқанд туманидаги Шўрбои маҳалласи аҳли қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришга мўлжалланган сувни истеъмол қилишга мажбур бўлаётганини улар қачон тушуниб етади?

Ваҳоланки, тегишли ташкилотларга бу борада бир неча марта мурожаат қилинган.

Шу ўринда бошқарув идоралари мутасаддиларига депутат сўрови халқнинг дарди, уларни қийнаб келаётган муаммо сифатида қараш зарурлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Аксинча муносабатда бўлгани учун “Самарқанд сув таъминоти” раҳбарига халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида маъмурий чора кўриш таклиф қилинди. Улар Шўрбои маҳалласида ичимлик суви таъминотини йўлга қўйиш ҳақида киритилган депутат сўровини қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқмагани учун шундай йўл тутилди.

Ўйлаймизки, яқин кунларда Самарқанд туманидаги сайловчилар қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришга мўлжалланган сувни истеъмол қилиш муаммосидан қутулади.

Албатта, бу билан барча ташкилотларда депутат сўровига беписандлик мавжуд, уларни кўриб чиқишда лоқайдликка йўл қўйиляпти, деган фикрдан йироқмиз. Негаки, аксарият ҳолларда депутатлик сўрови орқали масала киритганимизда булар қисқа муддатда ҳал қилинмоқда.

Мисол учун, Равонак маҳалласида яшовчи бир гуруҳ сайловчилар ҳудудга Интернет тармоғи тортишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Ҳудуддан сайланган вилоят Кенгаши депутати сифатида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги вилоят ҳудудий бошқармасига депутат сўрови киритдим.

Сўровимиз қисқа муддатда кўриб чиқилиб, Равонак маҳалласида замонавий ахборот технологиялари ўрнатилиб, Интернет хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, Шўрбойи маҳалласида темир устун ва бошқа воситалар янги ўрнатилиб, бир қанча вақтдан буён ҳаво тармоқлари тортилмай келинаётганди. "Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси" раҳбарига киритган сўров натижасида масала қисқа фурсатда ҳал этилди.

Рост, ҳудудда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш учун қилинаётган хайрли ишлар талай. Аммо одамларни ўйлантираётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Муҳими, айрим мутахассисларнинг ўз ишига совуққонлиги билан кузатилаётган камчиликлар жамоатчилик назорати билан ўз ечимини топмоқда.

Нарзиқул Холиқов,

49-Равонак сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати.