Муаммолар кутиб турмайди: ўтган йили дастурга киритилган кўча нега асфальт қилинмаган?
Самарқанд шаҳридаги хунук бу ҳолат мутасаддиларни сергак торттириши керак.
Одамларнинг турмуш шароитларини ўрганиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш бугуннинг зарурати ҳамда асосий талабига айланди. Хўш, сайлов округим ҳудудидаги маҳаллаларда қандай масалалар ўз ечимини кутмоқда? Фуқароларни қандай муаммолар қийнамоқда?
Бошқа депутатлар сингари шу каби саволларга жавоб излаб, фуқаролар билан учрашувлар ўтказяпман. Айрим ҳолатларда режалаштирилган, ваъда қилинган ишларнинг амалга ошмай қолгани кишини таажжубга солади, қатъиятлироқ бўлишимизни тақозо қилади. Самарқанд шаҳридаги Ғофур Ғулом, Садриддин Айний ҳамда Абдулла Қаҳҳор номли маҳалларда ташкил қилинган учрашувларимда бунга яна бир бор амин бўлдим.
Мулоқот давомида кўплаб муаммолар ўртага ташланди. Жумладан, Ғофур Ғулом номли маҳаллада 5 та ички кўча асфальт қилинмаган. Ваҳоланки, ушбу кўчаларнинг бу масала – вазифа 2022 йилги дастурга киритилган. Ўтган йил давомида йўллар таъмирланишини кутиб чарчаган фуқаролар, иш жорий йилда ҳам амалга ошмай қолишидан хавотирда.
Абдулла Қаҳҳор номли маҳаллада ҳам фуқаролар томонидан 3 та ички кўча асфальт қилинмаганлигини масаласи кўтарилди.
Садриддин Айний номли маҳаллада бўлганимда, энг асосий муаммо жамоат транспорти эканлиги айтилди. Яъни, бир неча йил аввал 22, 32 ва 12-рақамли автобуслар ушбу маҳалла ҳудудидан ўтган. Ҳозирги кунда ушбу транспортлар қатнови тўхтатилиб, аҳолининг бошқа манзилга боришида қийинчилик туғилгани билдирилди. Бу, айниқса, ўқувчи ва талабаларнинг дарсларга қатнашида муаммо келтириб чиқараётгани таъкидланди.
Шунингдек, ушбу ҳудудда жойлашган 31-умумий ўрта таълим мактаби атрофидаги ирригация тизимининг таъмирталаблиги ва симёғочларнинг маънан эскиргани, айримлари яроқсиз ҳолатда эканлиги ҳам айтилди.
Баён қилинганлардан гувоҳ бўлиш мумкинки, муаммолар долзарб, уларнинг ҳар бири тезкор чора кўришни тақозо қилади. Шу сабабли, мурожаатлар юзасидан ваколатим доирасида тегишлилиги бўйича мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари юбордим. Албатта, сўровларга жавоб бериш 10 кун муддат талаб қилади. Расмийларнинг жавоблари, аниқроғи, амалий саъй-ҳаракатлари асосида масалани Кенгаш муҳокамасига олиб чиқишни режалаштиряпмиз. Зотан, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Одамларимиз эртага эмас, бугун бахтли яшашлари керак”.
Муҳиба Бобобекова,
халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати.