Самарқандликларнинг ихтиролари самара беряптими?

Олий таълим муассасаларида таълим бериш билан бирга илмий тадқиқотлар олиб борилади, илмий изланишлар самара берса, уларга патент олинади. Кейинги йилларда олий таълим муассасаларида қандай ихтиролар яратилгани ва уларнинг ҳаётга жорий этилгани билан қизиқдик.

Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида охирги бир йилда олтита ихтирога патент олинган. Улардан бири арпанинг Бек нави бўлиб, ушбу нав ҳосилдорлиги, касалликка чидамлилиги ва эртапишарлиги билан аҳамиятли.

- Арпанинг Бек нави бўйича 2-3 йилдан бери илмий тадқоқотлар олиб боряпмиз, ўтган йилнинг август ойида патент олдик, - дейди институтнинг агробиология факультети декани, профессор Ғулом Ғайбуллаев. – Институтимиз Жомбой туманида жойлашган Ёдгор Назаров фермер хўжалиги билан ҳамкорликда фаолият олиб бормоқда. Мазкур фермер хўжалигининг 20 гектар ер майдонига арпанинг Бек нави бирламчи уруғчилик мақсадида экилди. Ушбу нав вилоятда 500 гертар ерга экилган. Айни кунда Республика Давлат нав синаш марказида арпанинг мазкур нави синаляпти.

Бундан ташқари, ҳозирги кунда юмшоқ буғдойнинг “Самарқанд” нави устида илмий-тадқиқот ишлари олиб боряпмиз. Мазкур буғдой нави 100 гектар ерга экилган бўлиб, далаларда супер элита авлодли уруғлар ўниб чиқади. Бу илмий ишлар келажакда эл-юрт дастурхонининг тўкин бўлишига хизмат қилади.

Институтда нафақат ўсимлик навлари, балки уларни экиш технологиялари бўйича ҳам ихтиролар қилинмоқда. Бир гуруҳ олимлар “Яйловларни фитомелиорациялаш усули ва уни амалга оширувчи қурилма”га патент олди.

- Қурилма яйловларда мавжуд чим қатламини сақлаган ҳолда тувакчали кўчатларни автоматик ўтқазади, - дейди институт катта ўқитувчиси Фурқат Намозов. – Бу бўйича “Яйловларни яхшилашда кўчат ўтқазиш қурилмаси параметрларини асослаш” мавзусида номзодлик (PhD) диссертацияси ҳимоя қилдим. Махсус иссиқхоналарда тувакчаларга экиб ўстирилган кўчатларни мазкур қурилма ерга экиб беради. Бу қурилмани институт олимлари билан биргаликда ихтиро қилдик. Уни Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институтининг Нурота дала тажриба майдонида синовдан ўтказдик. Агар фермерлар томонидан мазкур қурилмага буюртма тушса, ясаб берамиз. 

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетида 2025 йилда профессор-ўқитувчилар томонидан ўнта патент олинган. Улардан бири “Енгил бетон тайёрлаш учун таркиб” деб номланади. Хўш, олимларимиз енгил бетон тайёрлаш учун қандай таркиб ихтиро қилди?

- Ўтган йили иккита патент олдим, бири “Енгил бетон тайёрлаш учун таркиб”, иккинчиси “Енгил бетон олиш учун таркиб”, - дейди патент муаллифи, университет таянч докторанти (PhD) Сарвара Саидмуродова. – Ихтиро қилинган енгил бетон тайёрлаш учун таркиб ўзимизнинг маҳаллий хомашёдан тайёрланади. У махаллийлиги, тан нархининг арзонлиги, енгил ва мустаҳкамлиги, экологик зарарсизлиги ҳамда зилзилабардошлик талабларига мослиги билан хориждан кириб келаётган пеноблок, газаблоклардан фарқ қилади. Пеноблокка нисбатан мустаҳкам бўлса, газоблокка нисбатан экологик тоза ва маҳаллий хомашёлардан ташкил топганлиги билан фарқ қилади. Заҳарли моддалар вақт ўтиши билан инсон организмига таъсир қилади. Шунинг учун биз қурилиш материалларини табиий маҳсулотлардан тайёрлашимиз керак.

Ҳозирча ушбу ихтиро қилинган маҳсулотлар Triplet Construct Solutions, JB Monolit, Sam Tex Proect каби МЧЖларда қўлланилаяпти. Яқин йилларда ушбу таркибларни кенг оммалаштиришга ҳаракатлар бошланган.

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар  университетида ўтган йили 5 та патент олинган. Улардан бири парранда ва балиқлар учун мўлжалланган пробиотикдир.

- Илмий-тадқиқот ишларини бажариш доирасида 2024-2025 йилларда учта патент олинди, - дейди патент муаллифи, университетнинг паразитология кафедраси доценти, ветеринария фанлари номзоди Шуҳрат Насимов. - Жаҳон миқёсида чорвачилик ва унинг тармоқлари (паррандачилик, интенсив усулда балиқчилик) касалликларига қарши ишлатилаётган антибиотиклар самарадорлиги пасайиб бормоқда. Сабаби, касаллик қўзғатувчилари-микроорганизмларнинг резистентлиги (чидамлилиги) антибиотикларга қарши ортиб бормоқда. Ривожланган мамлакатларда чорвачилик ва унинг тармоқларида табиий резистентликни ошириш мақсадида пробиотикларни қўллаш бошланган, касаллик чиққанда қўзғатувчи тури аниқланиб, даволаш ишлари амалга оширилади. Худди шундай тадбирлар Республикамизда ҳам амалга оширилмоқда. Фақат пробиотиклар хориждан импорт қилиняпти.

Жамоамиз билан илмий-тадқиқот ишлари уч босқичда олиб борилди: 1-босқич 2018-2020 йиллар - хўжалик шартнома доирасида (университет ва хўжалик); 2-босқич 2021-2023 йиллар - Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Инновацион ривожланиш агентлигининг инновацион лойиҳаси доирасида ва 3-босқич MUNIS RCP халқаро лойиҳаси доирасида.

Яратилган янги “INNOPROVET” маҳаллий табиий пробиотиги чорвачилик ва унинг тармоқларида (паррандачилик, интенсив балиқчилик) қўллашда патоген ва шартли патоген микроорганизмларга қарши таъсир этиш, организмнинг носпецифик табиий резистентлигини стимуллаш, ҳайвонлар яшовчанлиги, озиқа ҳазмланиши, моддалар алмашинуви ва маҳсулдорлигини ошириш мақсадида қўллашга мўлжалланган. Бугунги кунда мазкур пробиотик чорвачилик, паррандачилик, интенсив балиқчиликда қўлланиляпти.

Юқорида келтирилган ихтироларнинг барчаси соҳадаги муаммоларни камайтириш, ҳар бир соҳа ривожи учун хизмат қилиши, шубҳасиз. Олимларнинг ихтиролари тижоратлаштирилиши, оммалашиши учун уларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш керак. Бу борада илғор хориж тажрибаларини ўрганиш ва ҳаётга жорий этиш мақсадга мувофиқ. 

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.