Тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинмоқда

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш йўналишида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил — Бизнес-омбудсман девонининг Самарқанд вилояти шўъбаси томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Қисқа вақт ичида мазкур институт тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳамкори ва ишончли ҳимоячиси сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлади. 

Буни жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида амалга оширилган ишлар натижалари ҳам яққол тасдиқлайди.

Хусусан, Самарқанд вилояти бўйича тадбиркорлик субъектларидан 329 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 51 фоизи бўйича талаблар қаноатлантирилиб, тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланиши таъминланди.

Келиб тушган мурожаатларнинг 18 фоизи солиқ, 13 фоизи ер, кадастр ва архитектура, 10 фоизи банк, молия ва кредит, 11 фоизи давлат идоралари қарорлари ёки мансабдор шахслар хатти-ҳаракатлари, 8 фоизи текширув натижаларидан норозилик ҳамда яна 8 фоизи инфратузилма ва бошқа масалаларга оид мурожаатларни ташкил этган.

Мурожаатларни ўрганиш натижасида тадбиркорлар фойдасига жами 570 млн сўм қарздорлик ундирилди. 

Шунингдек, уларга нисбатан қўлланилган 1 млрд 468 млн сўм миқдоридаги молиявий жарималар бекор қилиниб, 712 млн сўм ортиқча ундирилган маблағлар ҳисоб рақамларига қайтарилди.

Тадбиркорларга янада қулайлик яратиш мақсадида ташкил этилган “Тадбиркорлар виртуал офиси” ахборот портали орқали ҳам мурожаатлар қабул қилиниб келинмоқда. Жорий йилнинг январь–март ойлари давомида вилоят тадбиркорларидан 257 та масала юзасидан 228 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 185 таси кўриб чиқилиб, 72 таси ижобий ҳал этилди, 113 таси бўйича эса ҳуқуқий тушунтиришлар берилиши назоратга олинди.

Портал орқали келиб тушган мурожаатларни ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқиш устидан доимий назорат ўрнатилган. Ўтган даврда мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддатларини бузган 4 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жарима қўлланилди.

Шунингдек, назорат қилувчи органлар томонидан ўтказилаётган текширувларнинг қонунийлиги “Ягона давлат назорати” ахборот тизими орқали мунтазам ўрганиб борилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида 284 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Шундан 16 та ҳолат ноқонуний текширув ўтказиш, 268 та ҳолат эса текширув ўтказиш тартибларини бузиш билан боғлиқ экани маълум бўлди.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан масъул мансабдор шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилди.

Умуман олганда, йил бошидан буён 80 нафар мансабдор шахс ва хизматчиларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Жумладан, тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш муддатларини бузгани учун 14 нафар, ноқонуний текширувлар ўтказгани ва текшириш тартибини бузгани учун 26 нафар, давлат хизматлари кўрсатиш тартибини бузгани учун 11 нафар ҳамда лицензия ва рухсатнома бериш тартибини бузгани учун 11 нафар шахс жавобгарликка тортилди. Уларга нисбатан жами 782,4 млн сўм миқдорида жарима жазолари тайинланди.

Мурожаатлар асосида тадбиркорлар ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида назорат қилувчи ва давлат органларига 9 та тақдимнома, 12 та расмий огоҳлантириш ва 4 та хулоса киритилди. Шунингдек, судларга 3 та даъво аризалар киритилди.

Жумладан, “ISHTIXON ISM” МЧЖда ўтказилган ҳужжатли тафтиш натижасига кўра, вилоят солиқ бошқармаси томонидан жамиятга асоссиз равишда 151 млн сўм қўшилган қиймат солиғи ва 201 млн сўм молиявий жарима ҳисоблангани аниқланди. Тадбиркор манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Самарқанд туманлараро маъмурий судига даъво аризаси киритилди. Суд аризани тўлиқ қаноатлантириб, солиқ бошқармасининг қарори ҳақиқий эмас деб топилди. Натижада тадбиркорга ҳисобланган солиқ ва жарималар тўлиқ бекор қилинди.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш келгусида ҳам Бизнес-омбудсман фаолиятининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.

Тадбиркорлар ўз фаолияти давомида муаммо ёки турли тўсиқларга дуч келса, шунингдек, таклиф ва мурожаатлари бўлса, Бизнес-омбудсманга 1100 қисқа рақам, info@biznesvakil.uz электрон почта манзили ёки @biznesombudsmanrasmiy_bot орқали мурожаат қилишлари мумкин.  

А.Ибрагимов,

Бизнес-омбудсман девони

Самарқанд вилоят шўъбаси ходими.