Шоҳона сатрлар соҳиби Убайдий ҳақида биласизми?
XVI аср бошларида таназзулга юз тутган темурийлар давлати ўрнига Муҳаммад Шайбоний (1451-1510) бошлиқ шайбонийлар сулоласи юзага келди. Шайбонийзодалардан бўлган Убайдуллахон даврида шайбонийларнинг Туркистондаги мавқеи янада ошди, адабиёт-санъат ривожланди. Убайдуллахон атрофида ўзига хос адабий муҳит яратди.
Султон Убайдийнинг Шарқшунослик институти қўлёзма фондида сақланаётган “Масоил ус-салот” - ҳикмат, рубоий, таржеъбанд ва нома жанрларидан иборат девони филология фанлари номзоди, доцент Муҳаммад Ҳамзахон Абдуллаев томонидан табдил қилинган. Девон шоҳ ва Султон Убайдий фаолияти, унинг шеърияти ва тақдири ҳақида.
Адибнинг тўлиқ номини тарихчилар Убайдуллахон ибн Маҳмуд Султон ибн Будоғ Султон ибн Абулхайрхон деб қайд этишган. Абулхайрхоннинг Будоғ Султон номли ўғли бўлиб, ундан икки фарзанд дунёга келган. Биринчиси, Муҳаммад Шайбонийхон, иккинчиси Маҳмудхон. Дашти қипчоқда туғилган Маҳмудхон бобоси Абулхайрхон қўлида тарбия топган. Убайдуллахон ана шу Султоннинг фарзанди бўлиб, у 1487 йилда таваллуд топган. Убайдуллахон таваллуд топганда, отаси Маҳмуд Султон тариқат пири ва устози Убайдуллаҳ Хожа Аҳрори Валийдан фарзандига исм қўйиб беришни илтимос қилади. Хожа Маҳмуд Султонга илтифот қилиб, ўз исмларини чақалоққа берадилар. У ўз даврининг энг етук пиру муршидларидан таълим ва тарбия олади, араб ва форс тилларини мукаммал ўзлаштиради. Тасаввуф бўйича дастлабки сабоқни отасининг пири Мавлоно Муҳаммад Қозидан олган. Убайдуллахонга ўз даврининг машҳур уламолари Фазлуллоҳ ибн Рўзбеҳон, Махдуми Аъзам, Мавлоно Муҳаммад Азизон, Мавлоно Хожа Муҳаммад Садр ва бошқалар устозлик қилганлар. Хусусан, унга давлат арбоби ва саркарда амир Абдулла Яманий (Бухорода Мир Араб номи билан машҳур бўлган шахс) ҳарбий санъатдан сабоқ берган.
Убайдий ҳақида Мирзо Ҳайдар ўзининг “Тарихи Рашидий” асарида унинг илм-фанда етишган камолотини таърифлаб шундай деган эди: “У ёшлигидан барча фазилатлар билан безанган. Шу боис ҳам у 7 хил ҳуснихатда қалам юритар, айниқса, насх хатини яхши ёзарди. “Каломуллоҳ”дан бир нусха кўчириб, Ҳарамайни Шарифайн (Макка ва Мадина)га жўнатган эди. Мусиқа илмида ва ашулада моҳир эди”.
“Нафоис ул-маосир” асарида эса қуйидагиларни ўқиймиз: “Илми ҳадисда Убайдуллахон ҳазрати Хожа Муллойи Исфаҳонийнинг шогирдидир ва фиқҳда Мавлоно Маҳмуд Азизоннинг шогирдиким, Мовароуннаҳрда уламоларнинг машҳурларидан турур. Илми қироатни Мавлоно Ёрмуҳаммад Қорининг хизматларида ўтказган. Ул фанда (тажвид илми - А.А.) бир таълиф кўргиздиким, тамоми қориларнинг тилини хатодин сақлар эрди. Муаммони яхши билур эрди”.
Отаси Маҳмуд Султон Қундузга ҳоким бўлиб турган (1504-1505) вақтларида вафот этади. Натижада Шайбонийхон 18 ёшли Убайдуллахонни Бухорога ҳукмдор этиб тайинлайди. Унинг тахтга чиқишини кўпчилик, хусусан, илм-фан ва адабиёт намояндалари катта умид ва хурсандчилик билан қарши оладилар. Бу ҳол ўша давр тарихчилари бўлган Мир Муҳаммад Муншийнинг “Муъиниддин Убайдулла ибн Маҳмуд Шайбоний” ҳамда Мирзо Ҳайдарнинг “Тарихи Рашидий” асарларида яққол кўзга ташланади: “У (Убайдуллахон) барча яхши хислатларни ўзида мужассамлаштирган подшоҳ эрди... У хизмат қилиб турган Бухоро халқининг яхши ва фозиллиги, фаровонлиги жиҳатидан Ҳиротни ва Ҳусайн Мирзо замонини эслатади”, дея Убайдуллахонга катта баҳо билдирган.
Убайдуллахон амакиси билан фақат ҳарбий юришларда эмас, балки Шайбонийхон томонидан ўтказилган илмий, адабий йиғилишларда ҳам бевосита иштирок этиб, ундан ўрнак олишга интилган. Шу сабабли ҳам унинг давр султонлари ичида фазилат ва камолотда ягоналиги эсланганда Шайбонийхон номи билан Убайдуллахоннинг номи баробар тилга олинган.
Асарда қайд этилишича, Шайбонийхоннинг саройи фақатгина ҳарбий кенгашлар ўтказиладиган маскан бўлмаган. У мунтазам равишда ўз даврининг энг йирик уламолари, ҳуқуқшунослари ва файласуфларини тўплаб, мураккаб масалалар юзасидан илмий мунозаралар уюштирган. Бу баҳс ва суҳбатлар эрмак учун эмас, балки давлат бошқарувининг муҳим бир қисмини баҳолаш, бошқариш ҳамда қарорлар қабул қилишда катта аҳамият касб этган.
Убайдуллахон даврига келиб илмий мажлислар фақат диний-ҳуқуқий мавзулар билан эмас, балки фалсафий, адабий ва ҳатто тарих бўйича ҳам қизғин муҳокамалар билан ўтган. Убайдуллахоннинг бу фазилати аввало, Шайбонийхонга хос анъаналарни давом эттириш бўлса, иккинчидан, унинг бу фазилатлари темурий ҳукмдорлар давомчиси эканини, яъни ҳарбий қудратни юксак маданият ва илм ҳомийлиги билан уйғунлаштира олган ҳукмдор бўлганини тасдиқлайди. Шунга кўра, Шайбонийхон ва Убайдуллахонлар бизга нафақат енгилмас саркардалар, балки ўз давлатининг маънавий-мафкуравий пойдеворини ҳам шахсан ўзлари қурган, илм аҳли билан баҳслашишдан чўчимайдиган, қарорларини ақл ва билим тарозисига солиб кўрадиган теран фикрли давлат арбоблари эканлигини кўрсатади. Бу эса уларнинг ўзбек давлатчилиги тарихи, маърифат ва маданият майдонидаги ўрни нақадар кўп қиррали эканлигига яна бир ишорадир.
Убайдий дарвештаб шоҳ ва шоир бўлганлиги учун султонлар суҳбати ва хизматига рўйхушлик бермайдиган зуҳд ва тариқат аҳллари ҳам унга эътиқод қўйганлар. Мазкур манбада баён этилишича, Муҳаммад Амин Зоҳид номли “Зуҳд мақомида нодири замон” бўлган шайх ва олим султонлардан фақат Убайдуллахонга эътиқод боғлаган.
Тарихий манбалардан маълумки, XVII асрнинг биринчи ярмида Мовароуннаҳр илмий-адабий доирасининг шаклланиши бевосита Убайдуллахон номи билан боғлиқ. Убайдуллахоннинг ўзи Убайдий адабий тахаллуси билан туркий, форсий ва араб тилларида шеърлар ёзган. Унинг шеърлар тўплами бизгача етиб келган.
Девонни таҳлил қилган олим Ҳ.Абдуллаев ўз қарашларида Убайдий мумтоз адабиётда мавжуд барча жанрларида, хусусан, ҳикмат жанрида алоҳида муҳаббат билан қалам тебратгани, шунингдек, девонидаги мураккаб ва ноанъанавий ҳикматлар аввалида муножот ва наът келтирилиши ҳолати Убайдий ижодий меросининг қамрови нечоғлик кенг эканлигини кўрсатишини қайд этган.
Ҳикмат мустақил шеърий жанр сифатида Қуръони карим ва ҳадислар асносида юзага келганлиги илмий манбалардан маълум. Қайд этиш жоизки, туркий адабиётда ҳикматлари билан машҳур бўлган адиблардан бири Аҳмад Яссавий бўлса, иккинчиси, у кишининг шогирди Сулаймон Боқирғонийдир. Муҳаммад Ҳамзахон Абдуллаев томонидан нашр этилган Убайдий ҳикматлари мумтоз адабиётимизда яна бир буюк ҳикмат намояндаси борлигидан далолат беради.
Хожа Аҳмад Яссавийнинг ҳикматларидан таъсирланган Убайдий ўз ҳикматида:
Кўч елдек, эй рафиқ, олам барча кўчаро,
Кўзни юмиб очқунча азиз умринг ўтаро...
Давлатинга таёнма, ганжу молга инонма,
Ҳам барчаға ишонма, бари сандин кетаро, деб ёзади.
Убайдий ҳикматлари орасида ўзбек шеъриятида кам учрайдиган ҳодиса, яъни арабий ҳарфлар орқали ўз фикрларини ифодалаш олий бир мақомда амалга оширилганлигини кўрамиз. Бу ҳол Алишер Навоий ва Бобораҳим Машраб ижоди учраса-да, аммо кам ишлатиладиган шеърий санъат туридир:
- Аллоҳ ёдин қилур тузлук билан,
- Бисмиллоҳ, зикр этолинг, келинг дўстлар,
- Таввобун, Ҳаким айтур, тавба қилинг,
- Савоб фикрин мунда этинг, дўстлар...
З - Зоҳиру ботинингни мувофиқ қил,
И - Ишқу ошиқликнинг сиррини бил.
Ҳ - Ғофур ғуфронидин умид туткил,
Ф - Фақр аҳли мақомига ўтинг, дўстлар...
Адабиётшунос олим Муҳаммад Ҳамзахон Абдуллаев тарихий хотираларни варақлар экан, Убайдуллахоннинг замондошлари эътироф этганидек, унинг адолатли олиб борган сиёсати, бебаҳо адабий меросидаги илоҳий ишқ, Ватанга бўлган садоқат, инсонийлик, ҳикмат ва жасурлик шартлари хусусидаги ўгитлари ўз даври учун қанчалик муҳим бўлган бўлса, уларнинг аҳамияти келажагимиз бунёдкорларининг баркамол инсон бўлишига ёрдам беради, деган умиддамиз.
Акбар АСРОРОВ,
Мардон БОЛТАЕВ,
Самарқанд давлат университети доцентлари.