Алиментни олдиндан тўлаш мумкин
Давлат ижрочилари иш юритувида бўлмаган ижро ҳужжатлари бўйича алимент тўловларини ихтиёрий равишда тўлаётган жисмоний шахслар муайян давр учун алиментни олдиндан тўлаш ёки алимент олувчи билан келишилган ҳолда алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузишга ҳақли.
Давлат ижрочиси иш юритувида бўлган ижро ҳужжати бўйича қарздор томонидан ундирувчига алиментларни олдиндан тўлаш ҳисобига кўчмас ёки кўчар мулк ёхуд бошқа қимматли ашё тақдим этилиши мумкин.
Алиментлар суммасини олдиндан тўлаш ёки алиментлар тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров тақдим этиш фақат қарздорнинг алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд бўлмаганда амалга оширилади. Алиментларни олдиндан тўлаш вақтида агар болалар вояга етгунига қадар бўлган давр 5 йилдан кам бўлса, алиментларни олдиндан тўлаш қолган давр учун амалга оширилади.
Суд ажримига асосан олдиндан тўланиши шарт бўлган алиментларнинг тўлиқ миқдорини тўлаш, шунингдек, алиментларни олдиндан тўлаш ҳисобига ундирувчига топширилиши шарт бўлган мол-мулкни топшириш ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилади.
Олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблашда, келгуси даврлар учун тўланадиган алиментлар суммасига, тўлов вақтидаги ҳар йилги алиментлар суммасининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган қайта молиялаш ставкасига капитализатсия коэффициенти қўлланилади.
М.ҚУРБОНОВ,
Cамарқанд шаҳар 1-ФҲДЁ бўлими биринчи тоифали инспектори.