Самарқандда 350 нафардан ортиқ алимент тўлайдиган аёл бор

Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Унда бошқарма бошлиғи Суръат Жабборов идоранинг ўтган 10 ойдаги фаолияти ва келгуси режалари ҳақида маълумот берди.

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида бошқарма томонидан 10,3 триллион сўмлик 1 миллион 244 минг 702 та ижро ҳужжати бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилиб, 6,9 триллион сўмлик 641051 та ҳужжатнинг ижроси таъминланган. 413243 та иш бўйича 2,4 триллион сўмга яқин қарздорлик ундирилган.

Жумладан, солиқ қарздорлиги билан боғлиқ 39758 та ҳужжат бўйича 733,5 миллиард сўм, банклар фойдасига ундирув билан боғлиқ 14033 та ҳужжат бўйича 800 миллиард сўм, бошқарув сервис компаниялари фойдасига ундирув билан боғлиқ 10893 та ҳужжат бўйича 7,4 миллиард сўм ундирилган. Шу 10 ойда иссиқлик, электр энергияси ва табиий газ таъминоти билан боғлиқ 9700 та ижро ҳужжати қабул қилиниб, амалда 58 миллиард сўмдан ортиқ қарздорлик қайтарилган.

Бошқарма бошлиғи таърифи бўйича “энг оғриқли нуқта” ҳисобланадиган алимент ундируви бўйича вилоятда судлар томонидан ҳар ой мингга яқин ҳужжат ижрога қаратилиши маълум қилинди. Ҳисобот даврида идора 39 мингдан ортиқ шу турдаги ижро ҳужжатлари бўйича ижро тадбирларини олиб бориб, 115,1 миллиард сўмдан ортиқ алимент қарздорлиги ундирилишига эришган. Профилактик тадбирлар давомида 9888 та оила яраштирилган бўлса, 123 нафар ундирувчига 1 миллиард 173 миллион сўмга яқин маблағ алимент тўловлари жамғармаси ҳисобидан тўлаб берилган. Эътиборлиси алимент тўловчилар орасида 350 нафардан ортиқ аёллар ҳам бор.