Алимент тўламагани боис аввал 15 суткага қамалган отага жиноят иши қўзғатилди
Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг 2021 йил 9 июлдаги қарорига кўра, фуқаро Х.Д. ўзининг бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун собиқ турмуш ўртоғи А.А.нинг фойдасига даромадларининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент пулини тўлаб бориши белгиланган.
Бироқ Х.Д. ўзининг фарзанди таъминотига бефарқ бўлиб, алимент тўловларидан йиғилиб қолган 10 миллион сўмдан ортиқ қарздорликни тўлаб беришдан қасддан бўйин товлаб келган.
У илгари жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон тумани судининг қарорига кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47(4)-моддаси билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилган.
Лекин Х.Д. бу жазодан ҳам ўзига хулоса чиқармасдан, вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан муттасил, қасддан бош тортиб келганлиги сабабли Мажбурий ижро бюроси Каттақўрғон тумани бўлими томонидан унга нисбатан терговга қадар текшириш ишлари олиб борилиб, Жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Асрор ЭЛМУРОДОВ,
МИБнинг Каттақўрғон бўлими бошлиғи.