Хантавирус қандай касаллик?

Хантавирус касаллиги эътибордан четда қолган инфекция сифатида қаралса-да, кейинги йиллардаги иқлим ўзгариши, қишлоқ хўжалигининг кенгайиши ва одамлар миграциясининг ошиши туфайли унинг қайта юзага келиши кузатилмоқда. Оммавий ахборот воситаларида жорий йил май ойида круиз кемасида юз берган ўлим билан тугаган хантавирус ҳолатининг эълон қилиниши дунё жамоатчилигининг эътиборини ушбу муаммога қаратди.

Хантавирус касаллиги бу кемирувчилар орқали юқадиган, оғир кечадиган вирусли касалликдир. Касалликнинг юқиши асосан кемирувчиларнинг сийдиги, нажаси ёки сўлаги билан ифлосланган чангдан нафас олиш орқали содир бўлади. Экологик мувозанатнинг бузилиши ва қишлоқ хўжалик ерларининг кенгайиши туфайли кемирувчиларнинг яшаш муҳити ўзгариб, инсонларга хантавируснинг кемирувчилар орқали юқиш хавфи ортиб бормоқда.

Хантавирус қандай юқади?

Хантавирус билан касалланиш учун асосий хавф омили бу кемирувчилар (сичқонлар, каламушлар) билан тўғридан-тўғри ёки билвосита алоқа қилишдир.

Инфекция одамга асосан қуйидаги йўллар билан ўтади:

1. Нафас аъзолари орқали: Кемирувчиларнинг нажаси, пешоби ёки сўлаги билан заҳарланган чангдан нафас олиш (масалан, эски омборхоналар ёки далаларни тозалашда).

2.Овқатланиш орқали: Кемирувчилар тегиб кетган ёки уларнинг зарарига учраган маҳсулотларни истеъмол қилиш.

3. Тери орқали: Вирус юққан кемирувчилар билан тўғридан-тўғри алоқа қилиш (кам ҳолатда учрайди).

Муҳим жиҳати шундаки, Марказий Осиёда учрайдиган хантавирус турлари одамдан одамга юқмайди. Фақат Жанубий Америкада учрайдиган штамми жуда чекланган шароитда (бир хонада узоқ вақт бирга яшаш) одамдан одамга ўтиши мумкин.

Хантавирус инфекциясининг икки асосий клиник шакли мавжуд:

Касаллик вируснинг турига қараб икки хил шаклда намoён бўлади:

1.Буйрак синдроми билан кечадиган геморрагик иситма - асосан Европа минтақасида (Европа, Россиянинг бир қисми) учрайди. Оғир ҳолларда буйрак етишмовчилиги ва қон кетишига олиб келиши мумкин. Бу шаклда ўлим кўрсаткичи тахминан 5-15 фоизни ташкил этади.

2. Хантавирус ўпка синдроми асосан Америка қитъаси (АҚШ, Канада, Жанубий Америка давлатлари)да  учрайди. Ўпка шиши ва нафас етишмовчилиги билан кечади. Бу шакли жуда хавфли бўлиб, ўлим кўрсаткичи 20 фоиздан 40 фоизгача етиши мумкин.

Касаллик қандай белгилар билан бошланади?

Касалликнинг дастлабки белгилари гриппга ўхшаб кетади. Касалликнинг яширин даври (вирус юққандан то белгилар пайдо бўлгунча) ўртача 2-4 ҳафта давом этиши мумкин.

1. Биринчи босқич (гриппга ўхшаш белгилар):

· Иситма, титроқ;

· Бош ва мушаклар оғриғи;

· Кўнгил айниш, қусиш, ич кетиши ёки қорин оғриғи. 

2. Иккинчи босқич (касалликнинг шаклига қараб):

1. Буйрак шаклида:

· 2-3 ҳафтадан сўнг бел, қорин оғриғи кучаяди.

· Сийдик ажратиш камаяди, буйрак етишмовчилиги ривожланиши мумкин.

· Терида қон қуйилишлар, бурундан ёки милкдан қон келиши кузатилиши мумкин.

2. Ўпка шакли жуда оғир кечади ва тез ривожланади:

· Нафас қисилиши, енгил ҳаракатланишда ҳам ҳаво етишмаслиги.

· Йўтал, ўпкада суюқлик тўпланиши (ўпка шиши).

· Қон босимининг кескин пасайиши.

Бу турида ўлим кўрсаткичи юқори (50-60% гача) бўлиши мумкин .

Касаллик қандай даволанaди?

Ҳозирги кунда хантавирусга қарши махсус вакцина ёки даволашга қодир анъанавий дори-дармон мавжуд эмас. Даволаш асосан касаллик белгиларини енгиллатиш ва организмни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Инфекциянинг олдини олиш учун қуйидаги оддий қоидаларга риоя қилиш тавсия этилади:

· Озиқ-овқатни тўғри сақлаш: Маҳсулотларни, айниқса, нон, дон, ун кабиларни кемирувчилар етиб бора олмайдиган ёпиқ идишларда сақланг.

· Уйни тоза ушлаш: Уй ва хонадонларни доимий тозалаш, айниқса озиқ-овқат маҳсулотлари сақланадиган ёки узоқ вақт давомида очиқ турган хоналар (боғ уйлари, ертўлалар, иморатлар)ни тозалашда эҳтиёт бўлиш керак.

Омборхона, уйларни тозалашда ниқоб ва қўлқоплардан фойдаланиш: Узоқ вақт ишлатилмаган, ифлосланган бўлиши мумкин бўлган жойларни (ертўлалар, омборхоналар) тозалашдан олдин хонани яхшилаб шамоллатинг ва нам тозалаш (сув сепиш) орқали чангни кўтармасдан тозалашга ҳаракат қилинг, нафас олиш йўлларини ҳимоялаш учун тиббий ниқоби ва қўлқопдан фойдаланинг.

· Шунингдек, узоқ вақт ишлатилмаган уй, ертўлалар ёки бошқа жойларни тозалашдан аввал хонани 30-60 дақиқа шамоллатиб қўйинг. Тозалашни нам усулда (сув сепиб) бажаринг ва ҳимоя ниқоби ҳамда қўлқопдан фойдаланинг.

Хантавирус кемирувчилар орқали юқадиган хавфли касаллик бўлиб, унинг олдини олиш чоралари (уй-жойни тоза сақлаш ва тозалаш қоидаларига риоя қилиш) инфекциянинг олдини олишда энг самарали воситадир.

Шаҳло РУСТАМОВА,

Самарқанд давлат тиббиёт университети,

юқумли касалликлар кафедраси

ассистенти (PhD) тайёрлади.