ҚАЛАМГА САДОҚАТЛИ ИНСОН

Журналист бўлишни орзу қилган аксарият мактаб ўқувчиси ёки  битирувчиси, албатта, газеталарда ўз ижоди билан иштирок этиши лозимлигини яхши билади. Шу боис улар ёзганларини таҳририятга жўнатадилар. Чоп этилса, табиий, хурсанд бўладилар. Чоп этилмаса-чи? Қораламаларда айрим камчиликлар, хусусан, фикрнинг тарқоқлиги, нотўғри ёки текширилмаган ахборотнинг мавжудлиги ва бошқа сабабга кўра кўпгина машқлар газета юзини кўрмай қолиб кетади. Бундай пайтда ёшлар яшаш жойларига яқин бўлган таҳририятларга интиладилар.

Журналистикага ҳавасманд шундай ўқувчилардан бири 1983 йили қимтиниб-симтиниб, Самарқанд туманининг «Шарқ тонги» газетаси таҳририятига кириб борганлигини бошқа ҳамкасблар каби яхши эслайди. Албатта, муҳаррирнинг эътибори ўзига хос бўлади. Агар у ёшлар билан ишлашни яхши кўрса талабгорнинг имкониятлари кенгаяди. Шу билан бирга, ўша ниҳол таҳририятда нисбатан яхши ёзадиган ва жамоада ўзига хос ҳурмат-эътиборда бўлган, энг асосийси, боланинг мусаффо кўнгли қабул қиладиган журналистни устозликка танлайди. Бу табиий жараёндир. Қолаверса, мурғак қалбни сохта мулозамат билан ром этиб бўлмайди. Камина, яъни «ўқувчи-мухбир»нинг кўнгли бу борада тажрибали ва навқирон журналист, «Шарқ тонги» газетаси бўлим мудири Холиқ Ҳакимовни танлаган.

Болалик хотираларига бериладиган бўлсам, бунинг биринчи сабаби, Холиқ ака ёш ва сермаҳсул журналист эди, газетада таҳлилий-танқидий мақолалари кўп чоп қилинарди, ёзганларини радиода ҳам узлуксиз ўзи ўқиб борарди. Хушқомати, хушсурати, ёқимли овози, атрофдагиларга илиқ муносабати – очиқлиги ва хушчақчақлиги ҳам биринчи сабабдан кам эмас эди назаримда.

Бир куни хабаримни кўтариб таҳририятга кириб борганимда Холиқ ака «машинистка»нинг ёнида ўтириб, материал «диктовка» қилаётган экан. Эшик ортида бу қизиқарли жараённи кузатиб турдим. У терувчи қиз улгурсин деган маънода аҳён-аҳёнда атрофга назар ташлаб қўярди. Менга кўзи тушгач, имлаб ёнидаги стулга таклиф қилди, матнни худди радиода ўқигандек равон «диктовка» қилишда давом этди. Тугатиб, менга юзланди-да:

- Қандай янгилик олиб келдингиз, - деди.

- Бригаданинг бир аъзоси бошқаларга нисбатан кўп пилла етиштиришибди, шуни ёзгандим, - жавоб бердим иккиланиб. Қўлёзмамни олиб, танишиб чиққач:

- Яхши. Эртанги сонга хушхабар етмай турганди. Бирдан тайёрлаб туширамиз, - дея машинисткага ўгирилди-да, сарлавҳасини айтди. Унинг оғзидан чиқаётган баъзи сўзлар нотаниш, аниқроғи ёзган матнимда йўқ эди. У қўлёзмамни ўқиш билан бирга, биратўла таҳрир қилаётганлигини ҳис қила бошладим. Бу ҳолдан ҳайратга тушганим, мен ҳам шу кишидай журналист бўла олармиканман, деган хаёлларга берилганим ҳамон ёдимда. Янгилик эртаси куни газетада чоп этилди. Хабари тезкорлик билан эълон қилинган «ўқувчи-мухбир»дан кўра, заҳматкаш пиллакорнинг хурсандчилигини кўрсангиз эди.

Холиқ Ҳакимов 1949 йил 27 майда Самарқанд вилояти Тойлоқ туманидаги Маданият маҳалласида туғилган. Ўрта мактабни тугатиб, Самарқанд давлат университетининг ўзбек ва тожик филология факультетини тугатган. 

Университетнинг кечки бўлимида ўқиш билан бирга туман газетасида ишлаб, журналистика тилсимларини ўрганди, қалами ўткир журналист сифатида танилди. У 1991 йилгача «Шарқ тонги» газетасида аввал мухбир, кейин бўлим мудири вазифасида ишлади. Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди. 

Юқорида унинг бетакрор овози ҳақида қисман сўз юритган эдик. Самарқанд тумани бағридан Тойлоқ тумани ажралиб чиққач, Холиқ ака Тойлоқда ташкил этилган радио эшиттиришлар таҳририятида фаолият кўрсатди. 1993 йилдан эса Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясида муҳаррир лавозимида ишлаб, юзлаб кўрсатув, репортаж ва лавҳалар тайёрлади. Айни пайтда “Буюк Турон” журналида фаолият кўрсатмоқда. Ўз умрини журналистикага бағишлаган бу инсон ҳамон ёшларга ўрнак бўлиб, ижодини давом эттирмоқда.

Холиқ Ҳакимов қишлоқ хўжалигини ёритиш борасида катта тажрибага эга, бошқача айтганда, қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашган тажрибали журналистдир.

Унинг мамлакатимиз миқёсида олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларга бағишланган «Қишлоқ ҳаёти», «Қишлоқ мулкдори», «Деҳқон ва замин», «Замин саховати», «Умр мазмуни» каби кўрсатувлари телетомошабинлар эътиборига тушган. 

Унинг «Даштда тўй», “Замин саховати","Далаларда қолган ҳисларим", "Яхшиликдан яралган дунё", "Хуморим" сингари ўнлаб китоблари нашр этилган. 

Қизи Гулрухсор Ҳакимованинг фикрига қулоқ тутсангиз яна бошқа ҳақиқатларни ҳам англайсиз: “Бир пайтлар онам билан ёнма-ён кулган инсоним, бугун дераза томонга термулиб жим қоладиган бўлиб қолдилар... Аммо барибир биз учун тоғдек суянчиқ бўлиб турибдилар... Отам — журналист, ёзувчи... Одамларнинг дардини ёзиб келган, лекин юракларидаги оғриқларни ҳеч кимга айтмаган инсон... Энг ҳайратланарлиси, умрнинг 77 баҳорида ҳам қўлларидан қалам тушгани йўқ... Ҳали ҳам ижод қиладилар, ҳали ҳам сатрлар орасига юракларини жойлайдилар. Балки ёзаётган ҳар бир жумлаларида соғинчлари, армонлари, яширилган кўз ёшларидир...”

Мен Тошкентга келгунимга қадар журналист Холиқ Ҳакимовга шогирд, суҳбатига мухлис бўлганман, лекин шеърлар битишидан бехабар эканман. Унинг шеърларини ўқиб, битган мисраларида сохта эҳтирос эмас, ҳаёт ҳақиқати, инсон дарди, шукроналик ва самимият устувор эканлигини англадим. У шеърни шоирликка даъво учун эмас, қалб эҳтиёжи учун ёзаркан. Унинг сатрларида юрт меҳри, қадрдонлар соғиничи ва умрнинг ўткинчилиги табиий акс этади. Умр йўлдоши Зулхумор Уста Эгамберди қизининг порлоқ хотирасига бағишлаб чоп эттирган “Хуморим” китобидаги шеърларни ўқиб шундай хулосага келдим.

Яқинда “Автопортрет” деб номланган яна бир шеърини телеграм тармоғи орқали жўнатди. Содда, самимий ва ҳаётий руҳда битилган каттагина шеър. Инсон умрининг босқичлари, кечмиш хотиралари ҳамда ҳаётга шукроналик туйғуларини ихчам ва таъсирчан ифода этган. Муаллиф ўз тақдирига назар ташлар экан, болаликдан қариликкача бўлган ҳаёт йўлини табиий кечинмалар орқали ёритади. Дастлабки бандларида лирик қаҳрамоннинг дунёга келиши ва оила қувончи илиқ туйғулар билан тасвирланган. “Отам хурсанд, онам хурсанд” мисралари орқали ўзбекона меҳр, оилавий муҳит ва фарзандга бўлган эзгу тилаклар ҳис этилади. Кейинги бандларда эса вақтнинг шиддат билан ўтиши, инсон умрининг беқиёс қадри фалсафий руҳда ифодаланган.

Муаллиф ёшлик йилларини ҳаяжон ва соғинч билан эслайди. “Йигирма беш, ўттиз ёшлар” деган мисраларда инсон қалбида абадий сақланувчи навқиронлик ҳисси мужассам. Шу билан бирга, шеърда меҳнат инсон ҳаётининг ажралмас қисми сифатида кўрсатилади. “Дала кезиб тупроқ йўлда” каби сатрлар нуроний журналистнинг ҳаёт машаққатларидан қочмаган, ҳалол меҳнат билан умр кечирган инсон эканини англатади. Шеърдан бир парча:

Қалам-дафтар тутиб қўлда, 

Гоҳи боғда, баъзан чўлда, 

Дала кезиб тупроқ йўлда, 

Уй ишларим ўлда-жўлда...

Йиллар бир-бир қолиб ортда, 

Сингиди тарих қаърига. 

Нолимайман ҳеч ҳаётдан, 

Шукур қилгумдир барига. 

Шеърнинг энг муҳим жиҳати самимиятдир. Бадиий тасвир воситалари халқона ва табиий бўлгани боис ўқувчи қалбига яқин. Асар якунидаги ҳаётдан нолимаслик, шукур қилиш ҳақидаги мисралар эса бутун шеърнинг муҳим хулосаси сифатида янграйди. Бу бир зиёли инсоннинг яшаган умрини миннатдорлик билан қабул қилиш, ортда қолган йилларга ҳасрат эмас, шукрона билан қараш фалсафасидир.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоирТошпўлат Тугалов унинг “Хуморим”  китобига ёзган сўзбошида шундай тилк бор: “Ўзининг айтишича: “Ярмин яшнаб ёздим, ярмини – дилгир”, дея борини битган ижодкорнинг қаламига барака тилаймиз!”

Биз эса Холиқ аканинг ижоди билан бирга умрига ҳам барака тилаймиз!

Ҳалим САЙИД,

“Олтин қалам” миллий мукофоти совриндори.