Маҳсулотни маҳаллийлаштириш ва миллий сертификат тизимида ўзгариш

Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги масъуллари иштирокида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Конференцалоқа шаклида ўтказилган мулоқотда агентликнинг ҳудудий лойиҳа офиси раҳбари Музаффар Ҳамдамов иштирокчиларга Президентимизнинг 2026 йил 4 февралдаги “Маҳаллий ишлаб чиқариш ва саноат кооперациясини янги тизим асосида ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони моҳияти билан таништирди.   

Фармонга мувофиқ, маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ва давлат харидларида маҳаллий маҳсулотлар улушини ошириш мақсадида Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги ташкил этилди. 

-  Саноат кооперациясини ривожлантириш мақсадида молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳам жорий этилди, - деди М.Ҳамдамов. - Хусусан, Саноат кооперациясини ривожлантириш жамғармаси орқали 10 миллион долларгача имтиёзли кредит (хорижий валютада йиллик 6 фоиз, миллий валютада йиллик 12 фоиз); 

- янги турдаги юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун 30 фоизгача субсидия (технология трансфери, бренд, товар белгилари ҳуқуқини олиш учун); 

- саноат стартапларига 50 фоизгача субсидиялар ажратилади. 

2026 йил 1 апрелдан бюджет буюртмачиларининг давлат харидлари доирасида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга 8-15 фоизгача нарх преференцияси, 1 сентябрдан давлат харидларида иштирокчилар учун электрон-скоринг тизими, 1 октябрдан бюджет буюртмачиларининг давлат харидлари доирасида маҳаллий хизматларга 15 фоиз нарх преференцияси қўлланилади. 2027 йил 1 январдан давлат харидлари соҳасида кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларининг давлат харидларидаги иштирокини кенгайтириш мақсадида давлат харидларида харид предметини технологик занжирлар, функционал босқичлар ва иш турлари кесимида алоҳида лотларга бўлиш амалиёти жорий этилади. 

Шунингдек, мулоқотда маҳаллий тадбиркорларни давлат харидлари тизимида иштирок этиш, маҳсулотларни сотиш механизми, электрон платформалардан самарали фойдаланиш, йирик корхоналар билан кооперацияни йўлга қўйиш, маҳаллий ишлаб чиқарилган товарни рўйхатдан ўтказиш, маҳсулотларга миллий сертификат олиш масалаларида ҳам маълумот берилди.

- Бугунги мулоқотда маҳсулотлар учун маҳаллий сертификат олиш, унинг зарурати тўғрисида маълумотлар олдик, - дейди “Самарқанд экспертиза” МЧЖ эксперти Шаҳбоз Аҳмаджонов. – Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 28 октябрдаги “Маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори тасдиқланган. Бугунги мулоқотда маҳаллий сертификат олиш тартиби, таомиллари, камчиликлари бўйича тадбиркорлар томонидан таклифлар билдирилди. Бу таклифлардан келиб чиқиб низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида маълумот тайёрланди. Масалан, ҳозирги тартибда маҳаллий сертификат олиш учун уч хил мезон қўлланилади. Яъни, маҳсулотингиз тўғридан-тўғри Ўзбекистон ҳудудида етиштирилган, ишлаб чиқарилган бўлиши, ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг ишлаб чиқариш даражаси камида 30 фоиз бўлиши, маҳсулот ва хомашёнинг кодининг дастлабки тўртта кодида ўзгариш бўлиши керак. Бу мезонлар кўплаб тадбиркорларга маҳаллий сертификат олишда бирмунча қийинчилик келтирмоқда. Шу боис, ўрганишлар, очиқ мулоқотларда билдирилган таклифлар асосида янги низом устида ишлар олиб борилмоқда. Бу бўйича киритилган таклифларга кўра мезонлар иккитага туширилади. Биринчиси, тўлиқ Ўзбекистонда ўсиб чиққан, етиштирилган, ишлаб чиқарилган, иккинчиси мамлакатда сўнгги трансформация қилинган маҳсулотларга маҳаллий сертификат бериш ишлари кўриб чиқилмоқда. Яъни, хомашёни хориждан келтириб, йиғув жараёни мамлакатда амалга оширилса ҳам маҳаллий сертификат берилади. Бундан ташқари, кўпчиликка тўлов масаласи қийинчилик туғдираётганди. Амалдаги низомга кўра, битта сертификат БҲМнинг уч баробарига тенг эди, энди эса битта маҳсулот учун сертификат олиш БҲМнинг 1,5 фоизига тенг бўлади. Яна олдиндан тўлов қилинса 1,5 фоизлик миқдор учун 50 фоизлик чегирма берилади. Қайта расмийлаштириш сертификати учун амалдаги низомга кўра БҲМнинг 1 баробарида тўлиқ қилинади, янги низом бўйича БҲМнинг 1 баробаридан 0,1 фоизини, яъни 46,144 сўм тўлов қилинади. Бу ҳам тадбиркорларга анча енгиллик беради. 

Маълумот учун, миллий сертификат 24 ойга (фақат электротехника маҳсулотлари учун 36 ой)га берилади ва янги низом бўйича бир турдаги жамланма маҳсулотга битта сертификат олиш имконияти яратилади. Бу сертификат билан тадбиркор маҳсулотини биржа савдолари орқали бюджет ташкилотларига сотиши мумкин бўлади. Бу тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқарувчиларни биржа савдоларида эркин иштирок этишлари, маҳаллийлаштириш даражасини ошириши, халқаро бозордаги савдоларда қатнашишлари учун бу тизим жорий этилган.             

Ўктам Худойбердиев.