Амир Темурнинг коррупцияга қарши кураш услублари
Амир Темур ўз салтанатини ислом дини асосида қурди. Унинг ҳукмронлиги даврида мансабни суиистеъмол қилиш, етимлар ва ночорларнинг ҳақини ейиш, пора олиш, ахлоққа зид ҳисобланиб, жазога лойиқ, деб топилган.
Амалдорлар, айниқса, вазирларни мансабга тайинлашда Амир Темур қуйидаги сифатларга таянган: “...Вазирлар тўрт сифатга эга кишилардан бўлишлари лозим; биринчиси - асллик ва тоза насллик, иккинчиси – ақл-фаросатлилик, учинчиси – сипоҳу раият аҳволидан хабардорлик, уларга нисбатан хушмуомалик, тўртинчиси – сабр-чидамлилик ва тинчликсеварлик”.
Асллик ва тоза насллик деганида кўпчилик мансабдор ва катта моддий бойликка эга бўлганларни тушунишади. Лекин у давр аҳлоқига асосан ота-она авлодида нокаслар, ўғрилар, хоинлар, судхўрлар, лаганбардорлар, фирибгарлар, каззоблар бўлмаганлиги ҳамда иймони юксак ва инсоний сифатлар билан улғайган инсон назарда тутилган.
Ақл ва фаросатлиликнинг негизида зиёли, ўқимишли, маданиятли, маърифатли, аҳлоқи юксак, ориятли, қилмишларини ҳар томонлама ўйлаб, салтанат манфаатини ўз манфаатидан устун қўядиган, фикр юритувчи ва оқилона тарбияга эга бўлган инсон инобатга олинган.
Сипоҳу раият аҳволидан хабардорлик, уларга нисбатан хушмуомалалик деганида мансабдорнинг камтарлиги, оддийлиги, амалига ва моддий бойлигига қарамай, барчага бир хил ёндашиши, инсон тақдирига ва қадрига бефарқ бўлмаганлиги тушунилмоқда.
Сабр-чидамлилик ва тинчликсеварлик - мансабдорнинг вазминлиги, ҳис-туйғуларга берилмай, масалаларни мулоҳаза асосида ҳал қилишлик назарда тутиляпти.
Бундай сифатларга эга бўлган вазирга тўрт имтиёз – ишонч, эътибор, ихтиёр ва қудрат инъом этилган.
Соҳибқирон забт этган давлатларда ислом қонунларига таяниб, лашкарлари тинч аҳолига зиён етказмаслиги учун кўрган чораларини тузукларида қуйидагича акс эттирган: “Лашкар учун махсус қози ва раият учун алоҳида қози тайинладим. Ҳар мамлакатга шайхулислом юбордимки, токи, мусулмонларни гуноҳ ишлардан қайтариб, уларни яхши ва савоб ишларга ундасин”.
Ундан ташқари, салтанат ҳудудининг барча нуқталарида содир эталаётган ҳуқуқбузарлик (кўнгилсизлик) тўғрисида унга вақтида хабар етказиб бериш учун “...Ҳар эл ва ҳар шаҳарда сипоҳ ва раият орасида урф-одатларга оид жанжалли ишлар ҳақида менга маълумот бериб турсин, деб адолат амирини тайинлади”.
Соҳибқирон улкан салтанатини ҳалол ва адолатли бошқаришда, халққа нисбатан қандай адолатли муносабатда бўлганлиги ва уларнинг манфаатларини барча нарсалардан устун қуйганлиги тўғрисида тўққизинчи тузугида шундай ёритилган: “Раият аҳволидан огоҳ бўлдим, улуғларни оға қаторида, кичкиналарни фарзанд ўрнида кўрдим. Ҳар ернинг табиати, ҳар эл ва шаҳарнинг расму одатлари, мизожидан воқиф бўлиб турдим. Мизожларига, табиатига тўғри келган, ўзлари тилаган одамларни уларга ҳоким қилиб тайинладим. Ҳар бир диёр аҳолисининг аҳволидан огоҳ бўлиб турдим. Ҳар бир мамлакатнинг аҳволини, сипоҳу раият кайфиятини, туриш турмушини, қилиш-қилмишларини, булар ўрталаридаги алоқаларни ҳатто битиб, менга билдириб туришлари учун диёнатли, тўғри ёзувчи кишиларни белгиладим. Бордию эгри ёзганлари менга билдирилса, уларни жазоладим. Ҳокимлару сипоҳлар қай бирининг халққа жабр-зулм етказганини эшитсам, уларга нисбатан дарҳол адолату инсоф юзасидан чора кўрдим”.
У ўз тузугида бир неча бор ҳеч кимдан ўч олиш пайида бўлмаганлигини, очиқ юзлилик, раҳм шафқат билан халқни ўзига ром қилганлигини айтиб ўтади. Ўғиллар, набиралар, қавму-қариндошлар, амирлар ва вазирларни жазолаш йўли билан салтанатда интизом сақлаш ҳақидаги тузукларини синчикловлик билан ўргансак, Амир Темурнинг қандай қилиб қўли эгри амалдорларга чора кўрганини англаб оламиз. Масалан, мамлакат хазиначилари молия ишларида хиёнат қилсалар, ўзлаштириб олган маблағ, оладиган маошидан уч баробар кўп бўлса, ҳаммаси салтанат хазинасига мусодара қилинган. Ундан ташқари, вазирларни ортиқча сийламаслик тўғрисида ҳуқум чиқазган. Чунки алоҳида иззат-икром уларни манманликка олиб келиши мумкин.
Яна бир тузугидан унинг кучли тафтиш ва назоратни ўрнатиб, амалдорларнинг мансабини суиистеъмол қилиш йўлини тўсганлигини билиб олши мумкин. Жумладан, Соҳибқирон девонхонасида ҳар куни тўрт вазир муқаррар ҳозир бўлган ҳамда чегара ерларда ва забт этилган мамлакатларда уч вазирдан иборат давлат ҳайъати тузилган. Уларнинг зиммасига мазкур ерларда молиявий муоммаларни ҳамда келадиган даромадларни бошқариш юклатилган.
Ариза ва мурожаатлар бўйича бир киши арзбеги этиб тайинланган. Унинг зиммасига сипоҳ, раият ва арз-дод қилиб келувчиларнинг аҳволини, мамлакатнинг обод-хароблигини, муҳим ишлардан қайси бири битган-битмаганлигини Амир Темурга етказиб туруш юклатилган эди. Салтанатнинг ҳар бир идорасида бўладиган кирим-чиқимларни, кундалик харажатларни ёзиб бориш учун бир котиб тайинланган.
Тузукда Соҳибқироннинг ҳуқуқ-тартибот ходимларига юклаган вазифалар ҳам акс этган. Масалан, ҳар бир шаҳар ва қишлоққа кутвол тайинланган. Унинг вазифасига сипоҳу раиятга соқчилик қилиш ва бировнинг нарсаси ўғирланса, бунинг соқчилик қилгани ҳисобидан қопланган. Савдо карвонлари хавфсизлигини таъминлаш учун давлат ҳудудининг барча йўллари назоратга олиниб, зобитлар ва кузатувчилар тайинланган. Уларнинг зиммасига бириктирилган йўлларни қўриқлаб, йўловчиларни, савдогарларни, мусофирларни кузатиб, мол-мулки ва бошқа нарсаларини манзилдан-манзилга етказиб қўйиш юклатилган.
“Бинобарин салтанатимнинг энг чекка овулида тартиб ва қонун ўрнатилган бўлса, демакки мен ўша ерда бордекман. Шунинг учун ҳам ҳокимиятни қўлга киритган кунимдан шу пайтга қадар, ҳозир мана шу сатрларни ёзаётган дақиқаларгача нимаики қилган бўлсам барчасини қонун доирасида қилдим.
Чингизхон давлат бошқарувида куч ва шафқатсизликка асосланган бўлса, мен барча ишларимни шариат аҳкомлари ва дунёвий қонунлар асосида адолат юзасидан олиб бордим. Халқ шуни чуқур англасинки, мен қайси масалада қандай қарор қабул қилган бўлсам, ҳам диний талаблар, ҳам ҳаёт талаблари нуқтаи назаридан муҳимлигига эътибор қаратганман. Шунинг учун ҳам қарорим ҳам руҳан, ҳам қалбан қабул қилинмоғи даркор.
Мен аскарларимни ҳам ана шу руҳда тарбияладим: уларни қонунларга сўзсиз итоат этишга ўргатдим. Унга хилоф иш қилсалар аёвсиз жазоладим.
Менинг каттиккўллигим, бағритошлигим энг аввало, халқнинг тинчлиги, салтанатим равнақи учундир. Душманларимга аёвсизман, рост! Ўғирлик, талончилик, зўравонлик илдизларига қаттиққўллик билан болта урилмаса, мулойиммижозлик билан кутилган натижага эришиб бўлмайди. Бунинг исботи учун менинг салтанатимда ўрнатилган тартиб-қоидаларни кўр. Бинобарин, бирор бир карвон бугун Анқарадан чиқиб Самарқандга боргунча бирор-бир киши карвонга ҳам, ундаги юкларга ҳам зиён етказишга журъат этмайди. Ёки бир ўсмир боланинг бошига тилла тўла баркашни қўйиб, мамлакатим бўйлаб сафарга жўнат - шимолдан жанубгача, шарқдан ғарбга борсин: бола улғайиб, балоғат ёшига етар, аммо баркашдаги тилла тангадан ҳатто биттаси ҳам йўқолмаслигига кафилман. Ҳатто норасида гўдакнинг нарсасига биров дахл қила олмайди мен бошқараётган мамлакатда.
Сўраб кўрчи, ҳудудсиз мамлакатимнинг бирор-бир шаҳар ёки қишлоғида, кент ёки овулида ўғри кечаси фалон хонадонга ёки дўконга ўғирликка тушибди, деган гапни эшитасанми? Имоним комилки, бундай гапни эшитмайсан, фақат ушбу тартиб ва қоидаларни ўрнатгунга қадар бўлган воқеалар бундан мустасно. Улуғ ва улкан мамлакатимдаги катта йўллардан талончиликнинг, шаҳарларда ўғирликнинг, тиланчиликнинг илдизини қуритдим.
Бориб кўр, бирор бир муҳтож, нотовонни учратасанми? Тиланчиликни йўқотиш учун қуйидагича йўл тутдим. Аввало, уларнинг орасидан ҳақиқатан ҳам мурувватга муҳтож кўрлар ва майиб-мажруҳлар ажратилди. Уларга давлат томонидан нафақа белгиланди. Бунга қаноат қилмай, касбу-корини давом эттирса, қатл эттилиши муқаррарлиги огоҳлантирилди.
Дастлабки пайтлари баъзилари ўрнатилган тартибни айланиб ўтиб, ўз ишини давом эттирмоқчи бўлганлар ҳам бўлди - жазога тортилди. Охир-оқибат менинг амрим билан ўйнашиб бўлмаслигини англаб етишди. Меҳнатга лаёқатли тиланчиларни эса ишлашга мажбур қилдик. Бугун менинг салтанатимда қийналиб, қисиниб яшаётган бирорта саййидни учратмайсан.
Саййидлар - пайғамбар авлодлари. Менгача бўлган даврда шаҳарларда ўн мингтача саййидлар яшар эдилар. Улар муҳтожликда кун кечирар эдилар. Бир парча нон топиш учун ўлиб-тирилиб меҳнат қилар эдилар. Пайғамбар (С.А.В.)га бўлган чексиз ҳурматим ҳаққи унинг авлодларини “ҳамса” ҳисобидан моддий даромад оладиган қилдим. (Ҳамса - ҳарбий ўлжанинг бешдан бир қисми) сен менинг мамлакатим каби тинч фаровон бошқа бир юртни кўрмагансан, кўрмайсан ҳам, чунки бунақаси бошқа жойда йўқ.
Эл тўқ, эркин - шаъни, қадр-қиммати дахлсиз. Авваллари маҳаллий тўралар, нозирлар ўлигини халқнинг устига ташлаб олган эди: хоҳлаган бир хонадонга кириб, текинга овқатланиб, қорнини тўқлаб юраверган. Истаса, уй эгасидан розилик сўрамасдан ҳам унинг уйида тунаган. Ҳозир шундай қилган амалдорнинг боши кетади.
Агар аскар, соқчи ёки миршаб фуқародан бир нима олса-ю, эл қатори пулини тўламаса, ваколатини суиистеъмол қилса, нафақат бош кийими, бошидан ҳам ажралади”.
Т.МАМАТОВ,
Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети сержантлар тайёрлаш олий мактаби катта ўқитувчиси.
Н.МАМАТОВА,
СамДТУ ўқитувчиси.