Менингит қандай касаллик? Унинг даволашнинг қанақа усуллари бор?

"Санэпидемқўмита" маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида республикамиз бўйича менингококк инфекциясининг бироз кўпайганлиги қайд этилган. Хўш, менингит ўзи нима?

Менингит - бу бош мия ва орқа мия пардаларининг яллиғланишидир. Бу жуда хавфли касаллик бўлиб, тезда ривожланиши ва оғир асоратлар қолдириши мумкин.

Касалликнинг қандай турлари бор?
Менингитни келтириб чиқарувчи сабабларга қараб бир неча турга бўлинади:
1. Бактериал менингит: Энг хавфлиси ҳисобланади. Уни келтириб чиқарувчи асосий бактериялар: менингококк, пневмококк, гемофил таёқчаси ва B гуруҳи стрептококки.
2. Вирусли менингит: Бактериал менингитга нисбатан енгилроқ кечади. Касалликни турли хил вируслар қўзғатади.
3. Замбуруғли менингит: Кўпинча иммунитети заиф бўлган одамларда учрайди. Касалликни замбуруғлар чақиради.

Касаллик қандай йўллар билан юқади?
Менингит асосан ҳаво-томчи йўли билан юқади. Яъни, касал ёки бактерия ташувчиси бўлган одамдан юқади. Касаллик йўталганда, мулоқот вақтида ҳаводаги майда томчилар билан тарқалади. Шунинг учун жамоат жойларида, айниқса, ёпиқ хоналарда кўп вақт ўтказганда касалликни юқтириш хавфи ортади.

Касалликнинг асосий белгилари нималардан иборат?
Касаллик одатда кутилмаганда ва тезда бошланади. Қуйидаги белгиларга эътибор бериш керак:
- 38-40°С гача бўлган иситма, қаттиқ совқотиш;
- кучли бош оғриғи, бу энг кўп учрайдиган характерли белгилардан бири ҳисобланади;
- ёруғликдан қўрқиш (фотофобия);
- кўнгил айнимасдан қайт қилиш.

Менингит касаллигига хос алоҳида белгилар қуйидагилардан иборат:
- бўйин мушакларининг қотиши (ригидлиги): Бошни кўкракка эгиш қийин ёки умуман бошни эгиб бўлмайди;
- керниг симптоми: Чўзилган оёқни тиззадан букиш мумкин, аммо тиззадан букилган оёқни тўғрилаш кийинчилик туғдиради;
- болаларда: Кичик ёшдаги болаларда болани қўлтиғидан кўтарганда бошини ортга ташлаши ва оёқларини қорнига тортиши кузатилиши мумкин. Шунингдек, катта лиқилдоқнинг бўртиши ҳам келиб чиқади.

Касаллик қандай даволанади?
Менингитни уйда даволаш мумкин эмас. Зудлик билан шифохонага ётқизиш керак. Шифокор менингит касаллигини келтириб чиқарган омилга қараб антибиотик, вирусга ёки замбуруғга қарши дориларни белгилайди.
Агар ўз вақтида даволанмаса, менингит оғир асоратларга олиб келиши мумкин:
- эшитиш қобилиятини йўқотиш (бу асорат тахминан ҳар  бешинчи бемордан  бир нафарида учраши мумкин);
- тутқаноқ;
- хотира ва фикрлаш қобилиятининг пасайиши;
- болаларда ақлий ривожланишнинг сустлашиши;
- кўриш қобилиятининг йўқолиши;
- баъзи ҳолларда ўлимга сабаб бўлиши мумкин.
Менингококк инфекциясидан ҳимояланишнинг энг самарали усули бу эмлашдир.

Кимлар эмланиши керак?
Ёш болалар, ўсмирлар (14-17 ёш), қариялар ва иммунитети заиф одамлар хавф гуруҳига киради. Замонавий вакциналар организмда 7-10 йил давомида иммунитетни сақлашга қодир. Ҳаж, умра, умуман хориж сафарига отланган фуқароларга менингококк инфекциясига қарши эмлаш тавсия этилади.

Аъзам Орзиқулов,
Самарқанд давлат тиббиёт университети юқумли касалликлар кафедраси ассистенти, тиббиёт фанлари номзоди.