Хитойча маромийлик: “Пулпарастлик ва бойликни кўз-кўз қилиш қадрият эмас”
Хитойда “ҳашаматли ҳаёт тарзи” ва “муваффақиятни кўз-кўз қилиш” маданиятига қарши жиддий кураш бошланди. Бу ерда бир куни Ferrari, Hermes ва миллионлаб обуначиларга эга блогер эртасига интернетдан бутунлай йўқолиб қолиши мумкин.
Судсиз, шов-шувсиз, изоҳсиз. Кечагина “муваффақият рамзи” бўлган инсоннинг аккаунти бугун очилмайди.
Сўнгги йилларда Хитой ҳукумати шундай хулосага келди: ҳашаматли ҳаётни намойиш қилиш жамиятни илҳомлантиришдан кўра, одамларда норозилик ва асабийликни кучайтирмоқда.
Шу сабабли 2024 йилдан бошлаб бу йўналишда катта тозалаш ишлари бошланди ва ҳозир янги босқичга ўтди.
Йиллар давомида: миллионлаб юанлик Hermes сумкаларини, Rolls-Royce ва Ferrari автоколлекцияларини, хусусий самолётлардаги ҳаётни, улкан қаср ва квартираларни намойиш қилиб келган блогерлар Douyin, Weibo ва Xiaohongshu платформаларидан оммавий тарзда ўчирила бошлади.
Масалан, “хитойлик Ким Кардашьян” деб аталган Wang Hongquanxing’нинг 4 миллиондан ортиқ обуначиси бор эди. Бир кунда унинг аккаунтлари йўқолди.
Douyin платформаси бир ҳафта ичида минглаб видеоларни ўчириб, 4700 дан ортиқ luxury аккаунтларни блоклади. Xiaohongshu ҳам юзлаб профилларни ёпди.
Бу орқали давлат жамиятга аниқ сигнал бермоқда: “Пулпарастлик ва бойликни кўз-кўз қилиш қадрият эмас”. Чунки Хитой ҳозир жамиятга бошқача ғояни тарғиб қилмоқда:
“Фақат бой бўлиш эмас, балки меҳнат қилиш ва жамиятга фойда келтириш муҳим.”
Энг қизиқ жиҳати шундаки, энди тиббиёт, ҳуқуқ, молия, таълим каби муҳим мавзуларда гапирадиган блогерлар ўз малакасини расман тасдиқлаши шарт.
Яъни, диплом, лицензия, сертификат бўлмаса, контенти ўчирилиши ёки аккаунти блокланиши мумкин.
Douyin, Weibo ва Bilibili платформалари муаллифларнинг ҳақиқий мутахассис эканини текшириши талаб қилинган. Демак, энди исталган одам камерани ёқиб — “депрессияни қандай даволаш керак”, — “қайси жойга инвестиция қилиш тўғри”, — “суд ишларини қандай ютиш мумкин”, — “болани қандай тарбиялаш керак” каби мавзуларда бемалол маслаҳат бера олмайди.
Ғарб интернети ҳали ҳам: “Ёшлигингда бойиб кет”, “криптомиллионер бўл”, “осон ва ҳашаматли ҳаёт кечир” каби ғояларни сотмоқда. Хитой эса аксинча қуйидаги қадриятларни олдинга сурмоқда: камтарлик, интизом, қаттиқ меҳнат, таълим, муҳандислик фикрлаши, ишлаб чиқариш, мамлакатга фойда келтириш.
Бу Хитой учун табиий ёндашув. Чунки ҳукумат яхши тушунади: ёшлар ишсизлиги ортиб бораётган, уй-жой нархи қимматлашган, рақобат кучайган шароитда, қиммат соат ва машиналарини намойиш қилаётган блогерлар одамларда энди ҳавас эмас, балки ғазаб уйғотиши мумкин.
Энг қизиғи, бу сиёсатни кўпчилик хитойликлар қўллаб-қувватлаяпти.
Холбек Кубаев,
Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари.