Касбий таълим соҳасида Хитой билан ҳамкорлик қилиняпти
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги мустаҳкам дўстлик, ўзаро ҳурмат ва стратегик шериклик муносабатлари изчил ва жадал ривожланиб бормоқда. Сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик, айниқса, касбий таълим соҳасида янги босқичга кўтарилди.
Хусусан, “Бир камар – бир йўл” ташаббуси доирасида амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар замонавий касбий билимларни ривожлантириш, инновацион таълим технологияларини жорий этиш ҳамда юқори малакали мутахассислар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айни пайтда Хитойнинг SUNMAKER & CIICIE., LTD компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган Цзюцюань касб-ҳунар ва техник университети ҳамда Ганьсу ўрмон хўжалиги касб-ҳунар техник университетида Самарқанд вилояти техникумларининг 25 нафар ишлаб чиқариш таълими усталари 16 кунлик касбий малака ошириш дастурида иштирок этмоқда.
Мазкур университетлар замонавий инфратузилма, лаборатория жиҳозлари, илғор таълим дастурлари ва юқори малакали профессор-ўқитувчилар таркиби билан халқаро миқёсда эътироф этилган. Жумладан, Цзюцюань касб-ҳунар ва техник университети шамол энергетикаси, фотоэлектр энергетикаси ҳамда янги энергетика технологиялари соҳасида етакчи таълим муассасаларидан бири ҳисобланиб, ушбу йўналишда давлат даражасидаги “Double High” мақомига эга.
Дастурнинг асосий мақсади ишлаб чиқариш таълими усталарини қуёш энергетикаси ва электромобиллар соҳасидаги замонавий технологиялар билан ишлашини, халқаро таълим тажрибаларни ўрганишини амалиётга жорий этишдан иборат.
Дастур натижасида иштирокчилар қуёш панелларини ўрнатиш ва техник хизмат кўрсатиш, шунингдек, электромобилларнинг тузилиши, диагностикаси ва таъмири бўйича замонавий амалий билимларга эга бўлади. Халқаро стандартларга асосланган ўқитиш методикаларини ўзлаштиради, таълим муассасаларида инновацион ўқув дастурларини жорий этади.
Бугунги кунда вилоятимиз қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида жадал ривожланаётган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Жумладан, вилоятда 220 мегаватт қувватли қуёш электр станцияси фаолият юритмоқда. Нуробод туманида 1000 мегаватт қувватга эга йирик қуёш энергетика мажмуаси қуриляпти. Ўзбекистон электромобиллар бозорида Хитойнинг BYD, Zeekr, Chery, Geely, Neta ва Xpeng каби етакчи брендлари фаол иштирок этмоқда. Бу эса мазкур соҳада юқори малакали техник кадрларга бўлган эҳтиёж ортиб бораётганини кўрсатади.
Тарихан Буюк ипак йўли орқали Самарқанд ва Хитой савдо алоқалари билан боғланган бўлса, бугунги кунда уларни билим, инновация ва касбий тараққиёт боғлаб турибди. Цзюцюань, Ганьсу ва Самарқанд ўртасида шаклланаётган мазкур ҳамкорлик кўприги келгусида халқларимизни янада яқинлаштиради.
Келгусида ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида “1+1” қўшма таълим дастурлари, “2+1” интеграциялашган амалий тайёргарлик моделлари, “2 ой + 2 ой” қисқа муддатли академик-амалий мобиллик дастурлари, қўшма сертификатлаш ва икки томонлама диплом дастурлари, шамол генераторларини ўрнатиш ва техник хизмат кўрсатиш соҳасида қўшма таълим дастурларини биргаликда ишлаб чиқиш режалаштирлмоқда.
Ушбу ташаббуслар Ўзбекистон ва Хитой ўртасида касбий таълим соҳасидаги стратегик ҳамкорлик муносабатларини янада юқори босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ғайрат НОРҚУЛОВ, вилоят касбий таълим бошқармаси бошлиғи ўринбосари.