Чегара масалалари мулоқот йўли билан ҳал этилди — БМТ резолюцияси қабул қилинди

БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг “Чегара низоларини тинч йўл билан ҳал этиш” резолюциясини қабул қилди.

Ҳужжатга 40 дан ортиқ мамлакат ҳаммуаллифлик қилган. Резолюция Қирғизистон томонидан Тожикистон ва Ўзбекистон билан ҳамкорликда тақдим этилган. Ҳужжатнинг асосий мақсади минтақа давлатларининг тарихий ютуғини баҳам кўришдан иборат. Марказий Осиё давлатлари БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуққа мувофиқ чегара масаласини тинч йўл билан (мулоқот, музокаралар ва бошқа ўзаро келишилган усуллар орқали) ҳал қилди. Резолюция мамлакатлар чегара низоларига дуч келганда, уни тинч, қонуний ва мулоқотга асосланган йўл билан ҳал этишни назарда тутади.

“Марказий Осиё ютуқлари бутун халқаро ҳамжамият учун конструктив намуна, яхши қўшничилик муносабатлари модели, минтақа давлатларининг халқаро тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси бўлиб хизмат қилади”, дейилади резолюцияда.
ТИВнинг қўшимча қилишича, резолюциянинг қабул қилиниши Қирғизистон ва минтақа мамлакатларининг ўнлаб йиллар давомида ечим топмаган ўткир масалаларни тинч йўл билан ҳал қилиш қобилиятининг яна бир тасдиғи ва эътирофидир.

Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 2022 йил 14 ноябрь куни Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг баҳсли ер масалаларига аниқлик киритган эди. Қирғизистон Ғовасой дарёсининг оқимига тўсқинлик қилмаслик ва сувини ифлослантирмаслик мажбуриятини олганини қайд этган.

Бундан ташқари, Қирғизистон ҳудудида жойлашган, Ўзбекистоннинг эксклав ҳудуди бўлган Сўх тумани аҳолисининг чегарадан ўтиб-қайтишида янада енгиллик яратиш бўйича икки давлат ҳукуматлари ўзаро келишувга эришган. Бош вазир янги чегара чизиқларини белгилашда Ўзбекистон чегара чизиғидан 130 та хонадонни кўчириш назарда тутилаётганини айтганди.
1378 километрга чўзилган ўзбек—қирғиз чегарасининг 85 фоизи 2017 йилгача талаш бўлиб келган ва Ўзбекистон президенти ташаббуси билан бу муаммо тўлиқ ҳал қилинди. 2023 йил январь ойида Бишкекда Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров ратификация ҳужжатларини алмашди.

Шунингдек, 2025 йил 31 март куни Хўжанд шаҳрида Шавкат Мирзиёев, Эмомали Раҳмон ва Садир Жапаров ўртасидаги олий даражадаги учрашув бўлиб ўтди. Улар Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон чегаралари туташган нуқта тўғрисидаги шартномани имзолади. Музокаралардан сўнг президентлар масофадан туриб, уч мамлакат чегаралари туташган ҳудудда Дўстлик стеласини тантанали равишда очиб берганди.