БМТ Бош котиби Тожикистон ва Қирғизистон орасидаги чегара муаммосини тинч йўл билан ҳал қилишга чақирди
Бугун БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Чўлпон-Ота шаҳрида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров билан учрашди. У Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегарадаги келишмовчиликларни музокаралар йўли билан ҳал қилишини кутмоқда.
- Қирғизистон тинчлик рамзи бўлсин. Сиз тинчлик ўрнатиш учун катта саъй-ҳаракатлар қиляпсиз. Мен Фарғона водийсида икки марта бўлганман ва чегараларни ҳал қилиш масаласи нақадар мураккаб эканини яхши биламан. У ер жумбоққа ўхшайди. Ҳамма нарсани тушуниш ва ҳал қилиш учун ҳаракат қилиш керак. Тожикистон билан чегара масаласи Ўзбекистон билан бўлгани каби дипломатик, тинч – музокаралар йўли билан ҳал қилинади, деб ҳисоблаймиз, - деди БМТ Бош котиби Қирғизистон Республикаси Президентига.
Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги давлат чегарасининг узунлиги қарийб 980 километр. 2002 йил декабрь ойидан буён уни делимитация қилиш бўйича музокаралар (давлат чегарасини унинг ўтиш жойини тавсифлаш ва харитада чизиш билан белгилаш) давом этмоқда. Ҳозирги вақтда чегара чизиғининг 90 фоиздан ортиғи аниқланган ва давлатлар томонидан ўзаро тан олинган, қолган қисмлар баҳсли ҳисобланади. Ушбу муаммонинг ҳал қилинмагани икки республиканинг маҳаллий аҳолиси ва ҳарбий хизматчилари ўртасида, жумладан, ўқотар қуроллардан фойдаланиш билан боғлиқ низоларни бир неча бор келтириб чиқарди. Умуман олганда, 2014 йилдан буён қирғиз-тожик чегарасида 10 дан ортиқ жиддий можаро содир бўлган. Қирғизистон Хитой, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарадош.
Учрашувда Жапаров Гутерришга Сари-Жоз ҳудудидаги тоғ чўққиларидан бирига БМТ номини бериш тўғрисидаги сертификатни топширди.