Самарқанд бир пиёла чой атрофида дунё маданиятларини бирлаштирди

"Буюк Ипак йўли" халқаро туристик марказида Халқаро чой кунига бағишланган «Чой, маданият, тинчлик!» IV халқаро фестивали ўтказилди.

Мазкур анжуман ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси, Хитой Халқ Республикасининг «Бир макон — бир йўл» ташаббуси ҳамда Ўзбекистонда амалга оширилаётган "2026 йил - Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятнинг юксалтириш йили” давлат дастури доирасида ташкил этилди.

Тадбир ташаббускори бўлган Самарқанд халқаро технология университети (SIUT) тўрт йилдан буён ушбу фестивални анъанавий тарзда ўтказиб, уни маданиятлар мулоқоти ва дўстлик рамзига айлантириб келмоқда. Шунингдек, тадбирни ташкил этишда Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Конфуций институти яқиндан кўмак берди.

Фестиваль арафасида Хитойнинг етакчи илмий ва маданий ташкилотлари, жумладан, Teo, Amo kaj la Mondo халқаро лойиҳаси томонидан иштирокчиларга махсус видеотабриклар йўлланди. 

Фестиваль дастури доирасида дунёнинг 50 дан ортиқ тилида тайёрланган «Бугун сиз чой ичдингизми?» мавзусидаги ижодий видеолавҳалар намойиш этилди. Бу эса чой нафақат кундалик ичимлик, балки турли миллат ва маданиятларни бирлаштирувчи маънавий кўприк эканини яна бир бор намоён қилди.

Тадбирнинг энг таъсирли лаҳзаларидан бири — SIUT профессори, Хосият Бобомуродовага университетнинг «Фахрий профессори» унвони тантанали равишда топширилгани бўлди. Шунингдек, Пекин шаҳрида бўлиб ўтган халқаро кўргазмада иштирок этган Amir Tea Samarkand жамоаси Хитой Ташкилий қўмитасининг махсус мукофоти билан тақдирланди.

Фестиваль давомида миллий ва халқаро чой маросимлари, дегустациялар, Анатолий Ионесов бошчилигидаги «Чой сирлари» викторинаси ҳамда санъаткорларнинг дилбар қўшиқлари иштирокчиларга унутилмас таассурот қолдирди.

Кечанинг энг ёрқин қисми эса SIUTнинг хорижлик профессор-ўқитувчилари томонидан миллий либосларда "Ялла" гуруҳининг машҳур «Мусиқий чойхона» қўшиғини беш тилда жонли ижро этиши бўлди. Мазкур чиқиш санъат ва мусиқа орқали халқлар ўртасидаги дўстлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ғояларини таъсирчан тарзда ифода этди.

БМТнинг «Чойда барқарорлик — жамиятда фаровонлик!» шиори остида ўтказилган Халқаро чой куни Самарқандда чин маънодаги маданиятлар байрамига айланди. Бу фестиваль нафақат чой маданиятини тарғиб қилди, балки турли миллат ва халқларни бир дастурхон атрофида бирлаштириш мумкинлигини яна бир бор исботлади.