Қуруқ куз: Нафас олиш қийинлашяптими? Ҳаво намлигининг пасайиши нафас йўлларига нечоғли таъсир қилади?
Кейинги йилларда Ўзбекистонда куз фасли об-ҳавоси сезиларли даражада ўзгармоқда. Айниқса, жорий йилда куз ойларида ҳавонинг одатдагидан ҳам қуруқ келиши аҳоли саломатлигига ҳам таъсир қилди.
Қуруқ ҳаво нафас йўллари касалликларининг кўпайишида муҳим омиллардан бири сифатида қаралмоқда. Намликнинг кескин камайиши нафас йўллари шиллиқ қаватининг ҳимоя функциясини сусайтиради, патоген микроорганизмлар учун қулай муҳит ҳосил қилади ва инфекция тарқалишига замин яратади.
Қуруқ ҳавонинг нафас йўлларига таъсири
Нафас йўлларининг асосий вазифаси ҳавони тозалаш, намлаш ва иситишдан иборат. Аммо ҳаво жуда қуруқ бўлганда бу табиий ҳимоя механизмлари ишдан чиқади. Шиллиқ қават намлиги 30 фоиздан паст бўлганда унинг қуриши тезлашади, мукоцилиар клиренс секинлашади ва микроб ҳамда аллергенлар нафас йўлларига тўсиқсиз кириб боради. Бу ҳолат нафас йўлларининг яллиғланишига, ўткир инфекцияларга мойилликнинг ошишига сабаб бўлади. Қуруқ ҳавода интерферон ажралиши камайиб, маҳаллий иммунитет заифлашади. Натижада одам тез шамоллаб қолади. Бронхиал астма билан оғриганларда эса қуруқ ва совуқ ҳаво бронхоспазм чақириб, нафас қисишига олиб келиши мумкин.
Нима қилиш керак?
Хона намлигини меъёрда ушлаш нафас йўллари саломатлиги учун жуда муҳим. Намлик 40–60 фоиз бўлиши тавсия этилади. Бунинг учун намлагич қурилмалардан фойдаланиш, хонага сувли идиш қўйиш ёки табиий намлаш усулларидан фойдаланиш мумкин. Етарли суюқлик истеъмоли ҳам ҳаво қуроқ бўлган даврда катта аҳамиятга эга: катталарга кунига 1,5–2 литр, болаларга ёшига қараб 0,8–1,2 литр суюқлик қабул қилиш тавсия этилади. Бурун шиллиқ қаватини намлаш учун тузли спрейлар, океан суви асосидаги маҳсулотлар (Akva Maris, Akvalor Soft, Marimer) ёки уй шароитида тайёрланадиган сода-тузли эритмалардан фойдаланиш мумкин.
Хонани кунига бир неча марта 5–10 дақиқа шамоллатиш ҳавони янгилайди ва вируслар концентрaциясини камайтиради. Чанг кўтарилган кунларда ёки жамоат жойларида ниқоб тақиш нафас йўлларини ҳимоя қилишда муҳим ҳисобланади. Жисмоний фаоллик, тўғри овқатланиш, витаминларга бой маҳсулотлар истеъмоли, айниқса С ва D витаминлари иммунитетни мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга.
Тавсиялар. Қуруқ куз даврида инсонлар, айниқса, тўғридан-тўғри шамол таъсиридан сақланишлари зарур. Кучли шамолли кунларда ниқоб ёки юзни ёпадиган шарфдан фойдаланиш тавсия этилади. Болалар узоқ вақт шамолли ҳавода қолмаслиги зарур. Томоқ қуриб қолишининг олдини олиш учун иссиқ чой, сув ва ўтли дамламаларни мунтазам қабул қилиш, берк хоналарда кўп ва баланд овозда гапирмаслик маъқул. Уйда намликни доимий равишда назорат қилиш, хонани мунтазам шамоллатиш ва намли тозалашни одатга айлантириш керак. Болалар ётоқхоналарида ҳарорат 20–22 даража, намлик эса 45–60 фоиз бўлиши энг мақбул ҳисобланади. Кечқурун бурунни тузли эритма билан чайиш болалар ва катталарда қуруқ ҳаво салбий таъсирини анча камайтиради.
Ҳусан Турдибеков,
Самарқанд давлат тиббиёт университети фтизиатрия ва пульмонология кафедраси доценти, тиббиёт фанлари номзоди.