Таълим фалсафаси

Бошпанасиз мактаб

Кейинги вақтда Хитой ўзининг оламшумул ютуқлари билан дунё афкор оммасини ҳайратга солмоқда. Мамлакат нафақат иқтисодий, балки ижтимоий, илмий ва таълимий соҳаларда ҳам катта ютуқларга эришмоқда. Ўтган йилларда бўлиб ўтган ПИСА тадқиқотлари ва халқаро фан олимпиадалари натижаларига кўра, хитойлик ўқувчилар дунё бўйича пешқадамликни эгаллабди. Шу омиллар сабаб "Учител Узбекистана" газетасининг 2025-йил 28-ноябр сонидаги Марина Николенконинг "Хитой тажрибаси сабоқлари" сарлавҳали мақоласини катта қизиқиш билан ўқидим. Шундан сўнг мавзу билан яқинроқ танишиш мақсадида интернет тармоқларини титкилашга киришдим ва ХХР таълим тизими ҳақида мухбирнинг мақоласида эътибордан четда қолиб кетган маълумотларга дуч келдим. Маълум бўлишича, Хитойда бошланғич таълим газетада ёзилганидек, олти йиллик экан. Бола 1-синфга синов орқали қабул қилинади, аммо мақолада бунинг сабаби ҳақида бир нима дейилмаган.

Бундан шундай хулоса чиқардимки, Хитой мактабларида ўқувчиларни саралаш 1-синфданоқ бошлаб юборилади ва болаларга қобилиятига қараб таълим берилади. Ўқувчилар учун навбатдаги имтиҳон олти йилдан сўнг ўтказилиб, кейин ўрта талим босқичи бошланади. Шу жойда бир номувофиқлик эътиборимни тортди: синовдан ўтолмаган ўқувчилар қабул имтиҳонларисиз ўз яшаш жойларидаги мактабларда ўқишни давом эттиришлари мумкин экан. Хўш, яшаш жойларидан ташқаридаги мактаблар қанақа бўлади-ю, нима учун уларда ўқиш учун имтиҳондан ўтиш керак экан? 

Бу бир вақтлар ўзимизда фаолият кўрсатган машҳур "Қоракўл мактаблари"ни эслатмаяптими? Масалан, Ургут туманида ҳам шундай мактаб - "Иқбол" литсейи мавжуд эди. Унга ҳам ўқувчилар синов билан қабул қилинарди. Ўша мактаб ўқувчилари худди хитойликлардек олий ўқув юртларига киришда 98-100 фоизлик натижа кўрсатарди. Вилоят халқ талими бошқармасининг собиқ бошлиғи Азамат Умаровнинг сўзи билан айтганда: "Олимпиада ва бошқа танловларда вилоят мактаблари уларга тенг келолмасди".

Аммо ҳозир қани ўша мактаб? Бутун вилоятга донғи кетган "Иқбол" литсей-мактабининг тугатиб юборилганига кўп йиллар бўлди. Мактабда жонкуяр устоз Ғайбиддин Фазлиев раҳбарлигида фаолият кўрсатган фидойи устозлар аллақачон пенсияга чиқиб, баъзилари вафот этиб кетишди. Яқинда ўша йилларда туман халқ талими бўлимини бошқарган ҳурматли устозимиз билан ҳамсуҳбат бўлиб қолдим. Собиқ мудир "Иқбол" мактабининг тугатилиши иш фаолиятидаги йўл қўйган энг катта хатоси бўлганини мардларча тан олди. Ўша мактабнинг маънавий меросхўри ҳисобланган 136-ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби ҳозир Самарқанд давлат университети қошидаги аниқ фанларни ўқитишга ихтисослашган мактабнинг биносида ижарачи мақомида фаолият кўрсатмоқда. Бу ИДУМ ҳам тугатилармиш, деган узунқулоқ гаплар юрибди. Ахир ўша машҳурлик давридаям 54-ўрта мактабнинг бир бурчагида жон сақлаган "Иқбол" литсей-мактабининг бошпанаси бўлмаганди-да. Унинг тугаб кетишига ҳам бош сабаб балки шу бўлгандир... Ахир биносиз мактабни тасаввур қилиб бўладими?

Таълимдаги турбулентлик

Турбулентлик - бу табиат ҳодисаси бўлиб, суюқлик ва газлардаги оқимлар уюрининг тартибсиз ҳаракатланишига айтилади. Турбулентлик сув ва ҳаво кемалари ҳаракатини беқарорлаштириб, баъзан хатарли вазиятларни пайдо қилиши мумкин.

Мен умрим давомида таълим соҳасида ўтказилган икки катта тажрибанинг гувоҳи бўлдим. Олдиндан айтиб қўяй: иккалови ҳам мутлақо кутилмаган тескари натижа билан тугади. Албатта, тажрибадаги салбий натижа ҳам натижа ҳисобланади. Бироқ ушбу ўзгаришларнинг энг ярамас жиҳати шу бўлдики, улар аввал тор доирада синаб кўрилмасдан, бирдан бутун мамлакат миқёсида жорий этилди. Ўзгаришларнинг биринчиси ўтган асрнинг 60-йиллари охири ва 70-йиллар бошида бўлиб ўтди. Ўшанда фаолият кўрсатиб турган турли мактаблар тугатилиб, ўрнига ягона нусха ва андазадаги ўрта таълим муассасалари ташкил этилди. Таълим тизимининг бу тарздаги бирхиллашуви мактаблар орасидаги рақобатга чек қўйди. Ўша даврдан мерос бўлиб қолган "Иккисиз ва икки йилликсиз!" деган бўлмағур тамойилга ҳозиргача амал қилиб келинмоқда.

Иккинчи ўзгариш мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин, 1997-йилда амалга оширилди ва озодлик шабадаси уйғотиб юборган янги таълим ғунчаларини жувонмарг қилиб кетди. Бунга янги асримиз бошида тугатиб юборилган, биз юқорида айтиб ўтган мактаб яққол мисол бўла олади. Ўшанда ҳам турли мақомларда фаолият юритиб келаётган гимназиялар, литсейлар, ихтисослашган ва оддий ўрта мактаблар - барчаси тароқнинг тишидек тенг қилиниб, 9 йиллик бир хилдаги умумтаълим мактабларга айлантириб юборилди. Мактаблардаги таълим мезони - якуний натижа кўзга кўринмагач, иш самарадорлигига эътибор сусайди. 2017-йилда жорий этилган янги тартиб таълим тизимидаги беқарорликни янада кучайтирди. Натижада касб-ҳунар коллежлари ва академик литсейлар тугатилиб, бинолари турли вазирликларга ҳадя қилинди. Баъзи касб-ҳунар коллежлари биноси тураржой, ётоқхона ва ҳатто касалхона бўлиб кетган ҳолатлар ҳам бўлди.

Азалдан маълумки, таълим тизими беқарорликни ёқтирмайди. Чунки ундаги меҳнат натижаси йиллар давомида рўёбга чиқади. Мана, ҳозир ўйланмай қилинган ўша ўзгаришлар оқибатини фаолиятимизда ҳис қилиб турибмиз. Қани ўша донғи кетган мактаблар? Қани олий ҳурматга сазовор бўлган фидойи устозлар? Ҳозир ҳурмат негадир устозга эмас, сертификатга қаратилмоқда. Таълим-тарбия бу ёқда қолиб, ҳамма сертификат ишқида. Унга эришиш учун кўз кўриб қулоқ эшитмаган усуллар ўйлаб топилмоқда. 

"Подробно.уз" интернет сайтининг хабар беришича, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари Наманган вилоятида сертификат олиб беришга кўмаклашувчи жиноий гуруҳни фош этган. Улар фаолиятини "бункер" усулида ташкил қилиб, сертификат орзумандларига тест жавобларини телефон ва бошқа турдаги алоқа воситалари ёрдамида етказиб туришган. Ўзим бир ҳамкасбимдан сертификат учун олажак бир йиллик устамасини берганлиги ҳақида эшитдим. Яна менга етиб келган маълумотларга кўра, сертификат ишқибозлари синовда тушадиган саволларни ёдлаб, шу орқали имтиҳон топширар экан.

Албатта, булар бариси музтоғнинг бизга кўриниб турган кичик бир бўлаги, холос. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг: шу тариқа олинган қалбаки ҳужжатлар билан таълим самарадорлигини ошириб бўладими? Наҳотки устама ва мукофотлар меҳнат натижасига қараб эмас, шубҳали йўллар билан олинган қоғозларга қараб берилса? Мен бу билан сертификатини ҳаққи-ҳалол йўл билан олган билимдон фидойи ўқитувчилар шаънига доғ тушириш фикридан йироқман. Аммо қатъий ишончимга кўра, қўшимча иш ҳақи ва мукофотлар сертификатга эмас, таълим самарадорлигига қараб берилиши керак. Буни аниқлашнинг жуда оддий ва синалган усуллари мавжуд. Масалан, синфда у ёки бу фан бўйича нечта аълочи ўқувчи борлигини ёхуд мактаб битирувчиларидан қанчаси олий ўқув юртларига қабул қилинганлигини аниқлаш керак, холос!

Муаммонинг эчими борми?

Бу борада мактабларда латифанамо воқеалар ҳам бўлиб туради. Бир талабчан ўқитувчининг ижтимоий тармоқларда ёзишига қараганда, шогирдига қўйган битта паст баҳоси учун устамадан маҳрум этилибди. Бунда умумий натижа ҳеч кимни қизиқтирмаган. Менимча, устама баҳо ёки қуруқ қоғозга эмас, иш натижасига қараб берилиши керак эди. Чунки баҳо ҳам, сертификат ҳам самарали таълим бериш йўлидаги воситалардир. Афсуски, бизда кўп ҳолда восита мақсадга айланиб бормоқда. Баҳолаш усулларининг ҳар замон-ҳар замонда ўзгариб туриши, қоғоз ҳужжатларнинг орзу даражасига кўтарилиши ёки қоғозбозликнинг кучайиши ана шу жараённинг оқибатларидир. Таълим соҳаси жонкуярларидан бири Комилжон Жалиловнинг қайд этишича, соҳамизда аниқ бир таълим фалсафаси мавжуд эмас. Унинг фикрича, мактабларимиз болани шунчаки, андармон қилиб ўтирадиган жой бўлиб қолмоқда. Унинг фикрига зарафшонлик моҳир педагог Эркинжон Ярашевнинг қуйидаги сўзлари ҳамоҳанг келади:

"Нега миллий таомларимиз, миллий кийимларимиз, миллий урф-одатларимиз, миллий қадриятларимиз бор-у, миллий ўқув дастуримиз йўқ?", дея ёзғиради у. Яна бир жонкуяр, биология фани ўқитувчиси Б.Каримовнинг гапи ҳам Комилжоннинг юқоридаги сўзларига мос тушади:

"Мен бугун таълим тизимимиздан бирор нима кутмаяпман. Ўрта мактаблар болаларнинг бўш вақтини ўтказиши, уларни жиноятчиликдан асраб туриш учун, номигагина, маълумоти ҳақида ҳужжат беришга хизмат қилади, холос".

Аммо унга устоз Ҳулкарой Азимова эътироз билдиради: "Мактабларда ҳам зўр ўқувчилар кўп. Бизнинг мактабда ўқувчиларимизнинг доим 90-100 фоизи олий таълимга ўқишга қабул қилинади. Халқаро олийгоҳларга ҳам муддатидан олдин киряпти".

Қизиғи шундаки, Каримов айтган мактабда ҳам, Ҳулкарой Азимованинг мактабида ҳам ўқитувчиларга бир хил тартибда иш ҳақи тўланади. Бу адолатсизлик эмасми? Президентимиз айтган ўша 1000 долларлик маошни Ҳулкаройнинг мактабига ўхшаш билим даргоҳларида ишлайдиган ўқитувчиларга бериш керак. Ана шундан кейин бошқа мактабларда ҳам ҳаракат пайдо бўлса, ажаб эмас.

Назаримда, таълим фалсафаси битта - у ҳам бўлса, ўқувчига яхши билим бериш. Қолган барча жараёнлар шунинг атрофида айланиши керак. Бизнинг диққат-марказимиз сертификат ёки қоғозбозликка қаратилса, ҳеч нима ўзгармайди! Шу маънода, аввал кўп марта айтганим ва вазирликка берган таклифларимни яна бир бор такрорлайман. Бизда ҳам ўзимизда бир вақтлар бўлган ва ҳозир хитойликлар амалда қўллаётган имтиҳон билан ўқишга қабул қиладиган намунали ўрта мактаблар бўлиши зарур. Уларда олий тоифали малакали ўқитувчилар ишга олиниб, юқори иш ҳақи берилиши керак. Бундай мактаблар атроф маҳаллалардаги билимга чанқоқ ёшларни катта ҳаётга тайёрлаши лозим. Ана шунда биз ҳам худди хитойликлар сингари қобилиятли ўқувчиларни рўёбга чиқарамиз ва халқаро синовларда яхши натижаларга эришишимиз мумкин. Шу орқали рақобат майдони вужудга келиб, зора, бошқа оқсаётган мактабларда ҳам жонланиш пайдо бўлса. Хитой тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатда малакали касб-ҳунар таълими ҳам бўлиши зарур. Чунки халқ хўжалигига фақат илмий ходимлар, зиёлилар ва инженерлардан ташқари малакали ишчилар, хизматчилар, қурувчилар каби ўрта соҳа мутахассислари ҳам жуда керак.

Худойберди КОМИЛОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзоси.