Самарқанддаги МДҲ давлатларида ягона бўлган кутиш зали
Республика кардиология илмий амалий маркази вилоят бўлимидаги кутиш зали нафақат Ўзбекистон, балки МДҲ давлатлари орасида ҳам ягона саналади.
Тўғри, бу ерда беморларнинг яқинлари учун яратилган шароит бошқа клиникаларда ҳам бўлиши мумкин. Аммо кардиология шифохонасидаги бу зал ўзига хос қулайликлари билан ҳам эътиборли.
Хусусан, залда болалар майдончаси, wi-fi, экран каби замонавий қулайликлар мавжуд.
- Беморларнинг яқинларини ҳам кутиш жараёнида тиббий кўрикдан ўтказиш имкони бор. Қолаверса, залда вакуум капсулалар ташкил этдик, - дейди Республика кардиология илмий амалий маркази вилоят бўлими бош шифокори Хушнуд Низомов. - Ушбу капсулалар махсус экран ва жиҳозлар билан таъминланган бўлиб, унда беморнинг хавотирда бўлган яқинлари экран орқали операция жараёни, бемор аҳволини кузатиб туришлари мумкин.
Ушбу жараёнларни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар учун ташкил этилган пресс-тур давомида кузатдик.
Кейинги манзил - Иштихон тумани тиббиёт бирлашмасидаги ҳолат ҳам журналистларнинг эътиборини тортди. Хусусан, туман туғруқ бўлими ёнида ташкил этилган кутиш залида аёлнинг яқинлари учун муҳим хабарлар карнай орқали эълон қилиб борилар экан. Аёлнинг яқинлари чақалоқнинг туғилгани, жинси, вазни ва бошқа зарур маълумотлардан кутиш залининг ўзида хабардор этилмоқда.