“Динамо” мавсумга тайёрми?

Илк турда устоз-шогирд дуелида ким ғолиб бўлади?

Суперлиганинг ўтган йилги мавсумида Вадим Абрамов бошчилигида “Динамо” ёрқин ўйин кўрсатиб, 25 йил аввалги тарихий натижасини такрорлади ва ҳатто бронза медаллага даъвогарлик қилди. Жамоа бу йил ҳам олий лигада совринли ўринларни қўлга киритиш ва мухлисларни хурсанд қилиш ниятида. 

“Динамо” янги мавсумга тайёргарлик жараёнида 21 нафар футболчини лига рўйхатидан ўтказди. Жумладан, клуб 9 нафар маҳаллий футболчи билан шартномани узайтирган бўлса, 6 нафар легионер ва яна 6 нафар маҳаллий футболчи билан шартнома имзолади. Суперлига-2026 стартидан олдин «Динамо» янги мавсумга тайёргарлик режаси доирасида Бирлашган Араб Амирликларида икки босқичли хориж йиғинини ўтказди. Ўқув-машғулот йиғини давомида Абрамов шогирдлари тўққизта халқаро ўртоқлик учрашуви ўтказиб, тўрт ғалаба, тўрт мағлубият ва бир марта дуранг натижа қайд этди. Хориж йиғинида шунчаки спарринг рақиб эмас, Россия, Арманистон, Қозоғистон ва БАА клубларининг энг кучли жамоалари билан куч синашди. 

— Ўртоқлик баҳсларида натижа эмас, аввало, ҳар бир футболчининг ўйин амалиёти ва жисмоний ҳолатини яхшилашга урғу берилди, — дейди “Динамо” жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов. — Ўйинлар ёмон ўтмади. Йиғин якунида футболчиларнинг тўпдан “тўйиб” қолгани кўринди. Шу боис одатдагидек ҳисобга қарамадик, барча футболчиларга ўйин амалиёти бердик ва жамоавий ўйин кўрсатишга интилдик. Футболчилар узоқ вақт сафарда бўлишди, Самарқандда ўтган тайёргарликнинг сўнгги босқичида ҳам футболчилар билан ишладик. Тўғри, баъзи камчиликлар бор, лекин бу ўйинлар давомида босқичма-босқич бартараф этилади.

Устоз-шогирд баҳсида ким ғалаба қозонади?

Суперлиганинг 1-тури доирасида «Динамо» 28-феврал куни Самарқандда «Навбаҳор»га қарши майдонга тушади. Миллий терма жамоанинг собиқ бош мураббийи Темур Кападзе ҳозирда «Навбаҳор» клубини бошқармоқда. Айтиш жоизки, Абрамов ва Кападзе устоз-шогирд саналади ва мавсумнинг илк тури улар баҳси билан бошланади. Бу икки мураббий қўл остида ҳам ўйнаган, шу йил “Андижон” клубидан «Динамо»га ўтган Бектемир Абдуманнонов Самарқанд клубидаги мақсадлари ва олий лиганинг илк ўйини ҳақида фикрларини билдирди. 

- Самарқанддаги фаолиятим давомида Ўзбекистон миллий терма жамоасидан чақирув олиш ва «Динамо» билан камида битта соврин ютишни мақсад қилганман, - дейди  Бектемир Абдуманнонов. - Шунинг учун бу ердаман. Ўтган мавсум кузатгандим, «Динамо» иккинчи ўринга жуда яқин эди, қолаверса, кубок ярим финалида пеналтилар сериясида омади келмаганди. Финалга чиққанда «Динамо» кубокни оларди, деб ўйлайман. Албатта, бу мавсум ҳам юқори ўринлар учун курашишни мақсад қилганмиз. Мавсумнинг илк баҳсига келсак, икки мураббийнинг ҳам ўйин услуби деярли бир хил. “Олимпик” сафида Кападзе мураббийлигидаги тактикадан келиб чиқиб, айтишим керак,  иккала жамоа ҳам тўп билан кўп ҳаракат қилади. Бу ўйин зўр ўтади, ким яхшироқ тайёр бўлса ва омад кулиб боқса, ўша уч очкога эга бўлади. Мезбон сифатида фақат ғалабага интиламиз ва мавсум давомида яна ёрқин ўйинлар кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

Ҳужумкор таркиб билан ўйинлар қизийди

Бу йил «Динамо»да асосий дарвозабон сифатида Эдем Немановга ишонч билдирилган. У ўтган мавсумда 12 ўйинда майдонга тушиб, 6 та қуруқ ўйин ўтказди. Иккинчи посбонимиз Равшан Ягудин ҳам бор. Бу чизиқда устунлик «Навбаҳор» томонида. Чунки наманганликлар дарвозасини миллий терма жамоа дарвозабони Ўткир Юсупов қўриқлайди. Ҳимояга келсак, ўтган йилгидан фарқли равишда бу мавсум “Динамо” ҳимоясида кучли рақобат муҳити шаклланмоқда. Ҳимояда Жалолиддин Жумабоев, Салим Мустафоев, легионерлар Муҳаммаду Дембеле ва Мауро Бразил ҳаракат қилади. Марказий ҳимояда асосий юк Жаҳонгир Ўрозов зиммасига тушиши мумкин. Ҳужумда эса Анваржон Ҳожимирзаев, Улуғбек Ҳошимов ва Миржаҳон Мираҳмадовга ишонч билдирилган. Шу билан бирга, ҳужумчи ўрнини боса оладиган ҳужумкор ярим ҳимоячилар Фирдавс Абдураҳмонов, Азизбек Амонов, Бектемир Абдуманнонов, Нурилло Тўхтасинов, Ойбек Ўрмонжонов, Ҳислат Халилов, Санжар Қодирқулов ҳамда легионерлар Драмане Салоу ва Тил Мавретичлар ҳам ўзини кўрсатиши кутилмоқда. 

Фазлиддин РЎЗИБОEВ.