Эрон блокадаси нималарга олиб келади?

Дональд Трамп Эронга қарши Ҳурмўз бўғози ҳудудида денгиз ҳарбий блокадаси жорий этилганини эълон қилди. Вашингтонга кўра, АҚШ бўғозга кириш ёки ундан чиқишга уринаётган барча кемаларни истисносиз тўхтатиш ниятида. 15 дан ортиқ АҚШ ҳарбий кемалари Эронни қамал қилмоқда.

Бу қарор АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокаралар натижасиз якунланганидан сўнг қабул қилинди. Асосий савол — мазкур блокада Эрон учун нимани англатади ва яқин келажакда муроса қилиш имконияти борми?

Исломободда бўлиб ўтган музокаралар 21 соат давом этди ва 1979 йилдан бери мамлакатлар ўртасидаги илк бор юқори даражадаги учрашув бўлди. Reuters маълумотига кўра, Теҳрон Вашингтоннинг уранни бойитишни тўхтатиш ва тегишли инфратузилмани йўқ қилиш ҳақидаги талабини рад этган. Эрон парламенти спикери Муҳаммад-Боқир Ғолибоф ўз томони «конструктив таклифлар» берганини айтди, аммо америкаликлар «ишончни қозона олмаган».

Аслида бу музокаралардан жиддий натижа кутилмаган эди. Таҳлилчилар 2015 йилги ядровий келишувга эришиш учун ўнлаб йиллар сарфланганини эслатмоқда.

Яқинда ҳарбий ҳаракатлар вақтинча тўхтатилгач, ҳар икки томон ўзини ғолиб сифатида кўрсатишга уринди ва қатъий позицияни эгаллади. Ҳам Теҳрон, ҳам Вашингтон шартларни ўзлари белгилашни истади, бу эса келишувга эришишни янада қийинлаштирди.

Томонлар бир-бирининг кемаларини чеклашни бошласа, бу жараён узоқ давом этиши мумкин. Блокада, аввало, Эрон иқтисодиётига, хусусан, нефть соҳасига босим ўтказиш воситаси сифатида кўрилмоқда. АҚШ ўз ҳаракатларини Эрон ҳарбий кучлари етиб бормайдиган ҳудуддан туриб амалга оширишни ўйлайди. Бироқ Теҳрон ҳам жавоб чораларини кўриш имкониятига эга ва бу нафақат Эрон, балки АҚШ иттифоқчиларига ҳам таъсир қилиши мумкин.

Қўшимча хавф омилларидан бири — Баб ал-Мандеб бўғозини кўрфазидаги вазият. Бу ерда Эронга яқин кучлар, жумладан ҳусийлар денгиз йўлларини тўсиш имкониятини бир неча бор намойиш этган. Шу боис мазкур қарор глобал иқтисодиётга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Яъни, нефть нархлари ошиши ва таъминотда узилишлар кузатилиши эҳтимол. Бунинг устига Эрон АҚШ денгиз блокадасига жавобан Баб ал-Мандеб бўғозини ёпиш билан таҳдид қилди.

Ҳурмўз бўғози атрофидаги ҳаракатлар қанчалик кескин бўлса, ҳарбий тўқнашувлар қайта бошланиш эҳтимоли шунчалик юқори бўлади. Агар иқтисодий босим кучайса, Теҳрон АҚШ иттифоқчиларига қарши янада фаол чоралар кўриши мумкин.

Энг ёмон сценарийда, низо яна ҳарбий босқичга ўтади. Шу билан бирга, дипломатик имкониятлар ҳам сақланиб қолмоқда. Ҳозирда Покистон воситачилигида музокара формати мавжуд. АҚШ ва Эрон ўртасидаги можарога чек қўйишга қаратилган музокараларнинг янги босқичи 16-21 апрель кунларида ўтиши эҳтимоли бор.

Муросага эришиш жуда қийин бўлади. Аммо ҳатто қисман келишув, масалан, ўт очишни тўхтатишни узайтириш ва ўзаро хавфсизлик кафолатлари вазиятни юмшатиш йўлида муҳим қадам бўлиши мумкин.

Гулнора Холдорова тайёрлади..