Эрон билан урушда нафақат нефть ва газ, яна нималарнинг нархи кўтарилади?

Эрондаги уруш COVID-19 ва Россиянинг Украинага бостириб киришидан бери кўрилмаган глобал инқироз юзага келтирмоқда. Нефть ва газ нархларидан сўнг БМТ ва иқтисодчилар деярли ҳамма нарсанинг нархи кўтарилиши ҳақида огоҳлантирмоқда: озиқ-овқат, таътиллар, таксилар, ипотека кредитлари, телефонлар, автомобиллар, электр энергияси ва иссиқлик...

Энергия импортига таянадиган камбағал ва ривожланаётган мамлакатлар аҳолиси ва бизнеслари энг кўп зарар кўради. Аммо олдинги икки инқироз тажрибаси шуни кўрсатдики, Яқин Шарқдаги янги уруш туфайли бадавлат америкаликлар ва европаликлар ҳам қийинчиликларга дуч келади.

Нима бўлди?

"Яқин Шарқдаги уруш тарихдаги глобал нефть таъминотида энг катта узилишларга олиб келди”, дейди Халқаро энергетика агентлиги (ИЕА).

Уруш Ҳормуз бўғози орқали глобал нефть ва нефть маҳсулотлари етказиб беришнинг қарийб 15 фоизини ва Форс кўрфазининг муҳим минтақасида нефть қазиб олиш ва қайта ишлашнинг ярмини тўхтатди.

Юк ташишни қайта тиклаш бир кунлик масала бўлса-да, тўхтатилган конлар ва нефтьни қайта ишлаш заводларини қайта ишга тушириш бир неча ҳафта, вайрон бўлганларини тиклаш эса бир неча ой ёки ҳатто йилларни олади. Шунинг учун таҳлилчилар Ҳормуз бўғози очилгандан кейин бир неча ҳафта, ҳатто ойлар давомида нефть нархи урушдан олдинги даражага тушмаслигига қўшилади.

Эроннинг янги олий раҳбари сўзларига кўра, бу яқин орада содир бўлмайди. У пайшанба куни бўғоз ёпилишини айтди ва агар Трамп бомбардимонни тўхтатишга қарор қилса ҳам Эрон Америка компенсация тўламагунча ва Яқин Шарқдан ҳарбий базаларини олиб чиқмагунча тинчланмаслигини қўшимча қилди.

Нефть нархларининг кўтарилиши ортидан қайта ишланган нефть нархи кескин кўтарилди. Қишлоқ хўжалиги ва юк ташиш учун зарур бўлган дизель ёқилғиси ҳам кўтарилди. Форс кўрфази мамлакатлари томонидан жаҳон бозорига етказиб бериладиган 20 фоиз реактив ёқилғининг ҳам нархи ошди.

Маълумотларга кўра, 6 мартга келиб фуқаро авиацияси ёқилғиси нархи Сингапурда урушдан олдинги даражага нисбатан уч баравар, Европада эса икки ярим баравардан кўпроққа қимматлашган.

"Биз ҳар хил нарсаларни кўрдик - 11 сентябрь, вулқон отилишлари, Россия устидан ҳаво йўлининг ёпилиши. Лекин ҳеч қачон талаб ва таклиф ўртасида бундай тафовут бўлмаган", дейди “Alton Aviation Consultancy” вакили Браян Терри.

Яна нима қимматлашади?

БМТнинг огоҳлантиришича, АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан уруши дунёга озиқ-овқат инқирози билан таҳдид қилмоқда.

"Нефть нархи кўтарилганда, кўпинча озиқ-овқат нархлари ҳам шунга мос бўлади", деб ёзади БМТ мутахассислари.

БМТнинг таъкидлашича, Ҳормуз бўғозининг блокадаси асосан камбағал мамлакатларга таъсир қилади. Судан 50 фоиз, Шри-Ланка ва Танзания учдан бир қисми, Покистон, Таиланд ва Кениянинг эса чорак қисми шу таъминотга боғлиқ.

Буларнинг барчаси нефть инқирозининг асосий таъсири. Аммо иккиламчи таъсир ҳам мавжуд.

Энергия нархларининг кўтарилиши анъанавий равишда иқтисодиётдаги деярли барча нарсалар учун харажатларнинг ошишига олиб келади. Инфляциянинг тезлашиши марказий банкларни кредит ставкаларини оширишга мажбур қилади. Бу ўз навбатида, бизнеснинг ўсишини ва жисмоний шахсларнинг истеъмол қилиш қобилиятини пасайтиради.

Инфляция туфайли ипотека нархларининг ошиши кўчмас мулк бозорининг пасайишига олиб келмоқда. Истеъмол кредитлари бўйича юқори фоиз ставкалари эса автомобиллар, маиший техника, ўйин-кулги ва таълимга бўлган талабни пасайтирмоқда.

Ишлаб чиқариш, чакана савдо ва қурилиш соҳалари икки томонлама қийинчиликларга дуч келмоқда: хомашё ва транспорт нархлари ошмоқда, талаб эса пасаймоқда. Ишдан бўшатиш ва даромадларнинг пасайиши одамларни ресторанлар, таксилар, меҳмонхоналар, адвокатлар ва ўқитувчиларга камроқ пул сарфлашга мажбур қилмоқда. Оқибатда замонавий иқтисодиётнинг муҳим қисми бўлган хизмат кўрсатиш соҳаси азоб чекмоқда. Ҳали ҳаммаси йўқолган эмас

Яқин Шарқ нефть ва газининг ўрнини босадиган ҳеч нарса йўқ. Фақат Россия глобал бозорга етказиб беришни сезиларли даражада оширишга қодир. Аммо бунинг учун Ғарб Украинага бостириб кирганлиги учун жорий этилган санкцияларни бекор қилиши керак. Ҳозирча фақат АҚШ буни қилишга қарор қилди, унда ҳам қисман.

Шунинг учун, уруш давом этар экан, аввалги ҳаётга қайтиш имконсиз ва оқибатлари фақат у тугаганидан кейин тўлиқ намоён бўлади, деб огоҳлантиради БМТ.