Ҳакан Фидан эронлик ҳамкасбига Туркияга қаратилган ракета борасида хавотир билдирди

Туркия ташқи ишлар вазири можаронинг кенгайишига олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатлардан қочиш зарурлигини таъкидлади.

Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арагчи билан телефон орқали суҳбатда Эрон ҳудудидан Туркияга қараб учирилган ва Туркия ҳаво мудофааси тизимлари томонидан ушланган баллистик ракета юзасидан Туркиянинг хавотирини билдирди. У можарони кучайтириши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатлардан қочиш зарурлигини таъкидлади.

Аввалроқ, Туркия миллий мудофаа вазирлиги Эрондан Туркия ҳаво ҳудудига учирилган баллистик ракета Шарқий Ўрта ер денгизида жойлаштирилган НАТО ҳаво мудофааси ва ракетага қарши мудофаа тизимлари томонидан зарарсизлантирилгани ҳақида хабар берган эди.

***

Эрон ва Россия ташқи ишлар вазирларининиг телефон орқали суҳбатида АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужумлари ҳамда минтақадаги хавфсизлик ҳолатини муҳокама қилишган.

Эрон ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, суҳбат АҚШ ва Исроилнинг Эрон ҳудудига қилган сўнгги ҳужумлари ва уларнинг минтақавий хавфсизликка потенциал таъсирига бағишланган.

Лавров ҳужумлар натижасида Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаийнинг, шунингдек, юқори лавозимли амалдорлар ва тинч аҳолининг ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирган.

Россия ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Москванинг фикрича, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши операциялари халқаро ҳуқуққа зид ва минтақада ҳам, глобал миқёсда ҳам барқарорлик ва хавфсизлик учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлаган.

Шунингдек, у вазиятни дипломатик йўл билан ҳал қилишга чақириб, Россия тегишли саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган.

Ўз навбатида, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арагчи россиялик ҳамкасбига АҚШ ва Исроилнинг турар-жой массивлари, мактаблар, масжидлар, касалхоналар ва гуманитар ёрдам марказларига қилинган ҳужумлари билан боғлиқ сўнгги воқеалар ҳақида маълумот берган.