Ҳормуз бўғози атрофидаги инқироз: дунё нефть бозорига таҳдид
Шу кунларда дунёдаги энг муҳим нефть савдо йўлларидан бири Ҳормуз бўғозида кема ҳаракати деярли тўхтаб қолди. Форс кўрфазини Ҳинд океани билан боғлайдиган бу тор денгиз йўлида юзлаб савдо кемалари ўтиш имконини кутиб турибди. Эрон расман тўлиқ блокада эълон қилмаган бўлса-да, амалда кемалар бўғоздан ўта олмаяпти.
Эроннинг Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси АҚШ ва унинг иттифоқчиларига тегишли кемаларга ҳужум қилиниши мумкинлигини билдирган. Шу сабабли вазият халқаро савдо ва нефть бозори учун жиддий хавотир уйғотмоқда.

Бўғоздаги вазият
Ҳормуз бўғозидаги кескинлик февраль охирида, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий операцияси бошланганидан кейин кучайди. Эрон ҳарбийлари бўғозни назоратга олганини маълум қилди ва айрим давлатларга тегишли кемаларга ҳаракатланиш тақиқланишини билдирди. Шу билан бирга, Эрон расмийлари айрим дўст давлатлар кемаларига ўтишга рухсат берилиши мумкинлигини айтди. Аммо воқеалар ривожи туфайли кўплаб кемалар йўлга чиқишга журъат қилмаяпти.

Кемаларга ҳужумлар
Сўнгги кунларда бир нечта нефть танкерлари ҳужумга учрагани ҳақида хабарлар тарқалди. Айрим кемалар ракета зарбалари оқибатида шикастланган, баъзи ҳолларда яраланганлар ҳам бўлган. Бу ҳодисалар савдо кемаларининг хавфсизлигига жиддий саволлар туғдирди ва кўплаб компаниялар бу йўналишдан вақтинча воз кечди.

Халқаро реакция
АҚШ президенти Доналд Трамп агар зарур бўлса, Америка флоти нефть танкерларини бўғоз орқали кузатиб ўтишга тайёр эканини айтди. Шу билан бирга, бир қатор халқаро суғурта компаниялари Форс кўрфазига кираётган кемаларни суғурта қилишни тўхтатганини хабар қилди.
АҚШ Марказий қўмондонлиги минтақадаги вазиятни назорат қилаётганини билдирди. Европа давлатлари ҳам ташвишланиб, денгизда хавфсизликни таъминлаш учун халқаро коалиция тузиш ғоясини муҳокама қилмоқда. Франция президенти Эммануэл Макрон эса Яқин Шарқда денгиз хавфсизлигини таъминлаш учун махсус «денгиз коалицияси» тузишни таклиф қилди.

Блокаданинг иқтисодий оқибатлари
Мутахассисларнинг фикрича, ҳатто қисқа муддатли блокада ҳам нефть нархларининг кескин ошишига олиб келиши мумкин. Чунки Ҳормуз бўғози орқали ҳар куни ўнлаб миллион баррель нефть ва нефть маҳсулотлари ташилади.
Агар бўғоздаги ҳаракат узоқ вақт чекланса, бу нафақат нефть бозорига, балки бутун дунё савдоси ва энергетика бозорига таъсир қилади. Айниқса, нефть импортига катта даражада боғлиқ бўлган Осиё давлатлари бу вазиятдан жиддий зарар кўради.
Нега Ҳормуз бўғози муҳим?
Ҳормуз бўғози дунёдаги энг стратегик денгиз йўлларидан бири. У Форс кўрфазини Ҳинд океани билан боғлайди. Бу йўл орқали Саудия Арабистони, Ироқ, Эрон, Қувайт, Қатар ва Бирлашган Араб амирликларидан нефть экспорт қилинади.
Мутахассислар ҳисобича, дунёдаги нефть ва суюқ углеводородлар савдосининг қарийб 20 фоизи айнан шу бўғоз орқали ўтади. Шунинг учун унинг ёпилиши ёки ҳаракат чекланиши глобал иқтисодиёт учун катта хавф ҳисобланади.
Нефть инқирози ортидан Россияга миллиардлар
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Яқин Шарқдаги кескинлик туфайли нефть нархларининг ошиши айрим экспортчи давлатлар, жумладан, Россия учун қўшимча даромад келтира бошлаган. Financial Times ёзишича, жаҳон бозорида нефть нархининг ўсиши Москвага кунига 150 миллион долларгача даромад келтирмоқда.
Ҳормуз бўғози амалда ёпилгач, Ҳиндистон ва Хитой томонидан Россия нефтига талаб ошган. Нашрга кўра, Россия бюджети нефть экспортидан 1,3–1,9 миллиард доллар қўшимча солиқ тушумларини аллақачон олган.
Г.Холдорова тайёрлади.