Мактабгача таълим ташкилотларида қамров ошдими?
Мамлакатимизда йилдан – йилга аҳоли сонининг кўпайиб бораётгани мактабгача таълим ташкилотларига бўлган эҳтиёжнинг ҳам ошишига сабаб бўлмоқда. Шу боис бугун давлат қарамоғидан ташқари хусусий, давлат – шериклик асосидаги ёки оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг фаолиятига кенг имкониятлар берилмоқда.
Факт ва рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, биргина 2025 йилда вилоятда 132 та, яъни 11 та давлат, 8 та давлат-хусусий шериклик асосидаги ва 113 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари очилган. Бунинг ҳисобига вилоятда қўшимча 11761 нафар бола мактабгача таълим билан қамраб олинган. Бу кўрсаткич 2024-йилга нисбатан 3,5 фоизга ошган. Бугун вилоятда мактабгача ёшда бўлган болаларнинг 75,6 фоизи мактабгача таълим ташкилотлари билан қамраб олинган.
- Мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини кенгайтириш мақсадида қамров даражаси паст бўлган олис ҳудудларда, жумладан, Булунғур туманидаги 51-умумий ўрта таълим мактабида 2 та, 70-умумий ўрта таълим мактабида 2 та ҳамда Каттақўрғон туманидаги 104-умумий ўрта таълим мактабида 3 та, 67-умумий ўрта таълим мактабида 3 та, жами 10 та гуруҳ “Ақлвой” лойиҳаси доирасида ташкил этилди, - дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бўлими бошлиғи Фурқат Жиянов. - Шунингдек, замонавий талабларга жавоб берадиган ва қайта жиҳозланган 2 та ИСУЗУ автобуси негизида 174 нафар боғча ёшидаги болаларга таълим-тарбия бериш йўлга қўйилди.
Шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Жаҳон банки ҳамкорлигида вилоятдаги 763 та мактабгача таълим ташкилотларига умумий қиймати 8 миллиард 150 миллион сўм бўлган 763 та ўйин майдончаси ҳамда тайёрлов гуруҳлари учун стол-стуллар етказиб берилган.
Тойлоқ “Илк ривожланиш маркази” тажрибаси асосида Иштихон, Оқдарё, Паст Дарғом ва Самарқанд туманларида ҳам шундай марказлар фаолияти йўлга қўйилиб, қўшимча 1500 ўрин яратилган.
Вилоятда 2026 йилда вилоятдаги мавжуд 13 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари реконструксия қилиниб, 1,5 мингга яқин янги қувват яратилади. Шунингдек, 3 та мактабгача давлат таълим ташкилотлари мукаммал таъмирланади. 19 та давлат-хусусий шериклик асосида, 139 та оилавий мактабгача таълим ташкилотлари ташкил қилинади. Бундан ташқари, Ургут туманида 10 та янги замонавий 1200 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилотлари қурилиб, қамров даражаси 73,6 фоизга етказилади.
Хуршида ЭРГАШEВА.