Стипендия жорий этилган мактаб

Рағбат доим кишиларда фаолликни ошириб келган. Шунинг учун ҳар соҳада инсонлар бир-бирини рағбатлантириб туриши керак. Айниқса, билим масканларида ўқувчилар рағбатлантириб турилса, уларда билим олишга иштиёқ кучаяди. Каттақўрғон шаҳридаги 9-умумий ўрта таълим мактабида икки йилдан буён аълочи ўқувчилар учун стипендия жорий этилиб келинади. Мактаб фаолиятини ўрганиш мақсадида ушбу таълим масканида бўлдик. 

- Мактабимизнинг собиқ ўқувчиси солиқ соҳасида меҳнат қилаётган Жаҳонгир Абдиевнинг ташаббуси ва таклифи билан ўқувчилар учун стипендия ташкил қилганмиз, - дейди мактаб директори Наргиза Фозилова. – Жаҳонгирнинг онаси Раҳбар Абдиева қатор йиллар ушбу мактабда бошланғич синфларга дарс берган. Муаллиманинг вафотидан кейин фарзандлари мактабда онасига савоби етиб туришини ният қилиб, ушбу хайрли ишга қўл уришди. 

Дастлаб мактабда ўқувчиларга стипендия беришнинг низоми ишлаб чиқилган. Низом шартларига кўра, ҳар йили сентябрь ойида 7-11-синф ўқувчиларидан тарих, математика, кимё, биология, инглиз тили, она тили, адабиёт, ҳуқуқ фанларидан имтиҳон олинади. Ҳар бир синфда фанлардан энг юқори балл тўплаган уч нафар ўқувчига стипендия жорий этилади. Ғолибларга беш ой муддат стипендия берилади. Масалан, сентябрда ғолиб бўлганлар январ ойига қадар, феврал ойида ғолиб бўлганлар июн ойига қадар стипендия олади. 

- Имтиҳонда энг юқори балл тўплаб, биринчи ўринни қўлга киритган ўқувчига ойига 300 минг сўм, иккинчи ўринга 200 минг, учинчи ўрин соҳибига 100 минг сўмдан стипендия берилади, - дейди Н.Фозилова. – Ўқувчиларни ўқишга қизиқтириш мақсадида ушбу пулларни ҳар ой мактаб жамоаси олдида тантанали топширамиз. Шунингдек, ғолибларнинг ота-оналарини ҳам ташаккурномалар билан тақдирлаймиз. Бу албатта, ўқувчиларда билим олишга интилишни янада кучайтиряпти. Ҳатто талабгорлар кўпайиб кетаётганидан имтиҳонда қатнашганларнинг натижаларини текширишга анча вақтимиз кетмоқда. 

Бундан ташқари, фан олимпиадаларида шаҳар, вилоят босқичида юқори ўринларни олган ўқувчиларга, миллий ва халқаро сертификатга эга бўлган ўқитувчи ва ўқувчиларга бир марталик мукофот пули берилади. Масалан, ўтган йили юқори синф ўқувчиларидан Баҳодир Шукруллаев ва Сарвар Очиловга инглиз тилидан ИEЛТС сертификатини қўлга киритгани учун 600 минг сўмдан рағбатлантириш пули берилган. 

- Онам ушбу мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган, - дейди бошланғич синф ўқитувчиси Зулхумор Абдиева. – Онамнинг хотирасига биз фарзандлар мактабда “Абдиева Раҳбар Салимовна” номидаги стипендия ташкил этдик. Акам ҳар сафар мендан “Ўқувчиларда ўқишга қизиқиш кучайдими?” деб сўрайди. Ўқувчиларни рағбатлантириш орқали озгина билим олишга қизиқтираётган бўлсак, бу бизнинг ютуғимиз. Маҳалламиздан Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган етук мутахассислар етишиб чиқишини истаймиз.

Сафаримиз давомида стипендия соҳиблари билан ҳам учрашдик. 

-  Стипендиямга китоблар сотиб оляпман, - дейди 8-синф ўқувчиси Мавлуда Шукурова. – Бу ота-онамга ёрдам бўляпти, улар ҳам стипендия соҳиби бўлганимдан хурсанд.

- Синфдошларим ҳам стипендия олишга ҳаракат қилиб, яхши ўқияпти, - дейди 11-синф ўқувчиси Азиза Исмоилова. – Яқинда она тилидан миллий сертификатга эга бўлдим. Сентябрь ойида танловда қатнашиб, иккинчи ўринни қўлга киритдим ва шу кунга қадар 200 минг сўмдан стипендия олиб келяпман. Насиб бўлса, кейинги танловда ҳам қатнашмоқчиман. 

Мактабда жорий этилган стипендия баъзилар учун арзимас пулдек туюлиши мумкин. Аммо озгина рағбат ҳам ўқувчиларда қизиқиш уйғотганини уларнинг гапларидан билиб олдик. Балки шунинг учундир янги ўқув йилида мактаб ўқувчилари кўплаб танловларда қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллаган. Масалан, мактабнинг 4 нафар ўқувчиси фан олимпиадасида вилоят босқичига чиққан. Мактаб жамоаси “Eкологияга оид ҳуқуқингизни биласизми?”, бадминтон бўйича “Умид ниҳоллари” спорт мусобақаларининг вилоят босқичида, “Ёш қутқарувчилар” кўрик-танловининг шаҳар босқичида иккинчи ўринни қўлга киритган.

Бундан ташқари, ўқувчилар жамоаси “Беш ташаббус олимпиадаси”да амрейстлинг бўйича биринчи ўринни эгаллагани учун иккита замонавий спорт майдончаси ютиб олган. Ҳозирча мактаб ҳовлисида битта замонавий спорт майдончаси қуриб берилган. Иккинчиси яқин кунларда қурилиши режалаштирилган.

Мактаб Эcо-Счоолс лойиҳасида ҳам фаол қатнашиб, мактаб ҳовлисида иссиқхона қурилишига рухсат олган. Албатта, бундай ютуқларнинг бошида ташаббускор, фаол раҳбар турганини ҳам эътироф этиш керак. 

- Ўтган йилнинг май ойида менежерлик сертификатини олдим, - дейди мактаб директори. – Сертификат олганимдан кейин маошим икки бараварга кўтарилди. Бугун 13 миллион сўм маош оляпман. Шунингдек, ўқитувчилардан Олмос Абдуллаев, Гулруҳ Шарипова, Фарида Хайриева, Севара Шаробиддиновалар 13-14 миллион сўмдан ойлик иш ҳақи олишяпти. Мактабда 8 нафар ўқитувчида ҳам миллий, ҳам халқаро даражадаги сертификатлар мавжуд. Яна 5 нафар ўқитувчи миллий сертификатга эга.

Мактаб ҳаёти билан танишар эканмиз, ҳомийлар томонидан ўқувчиларга берилаётган эътибор ва ғамхўрликдан хурсанд бўлдик. Афсуски, бундай мактаблар вилоятимизда бармоқ билан санарли. Қанийди, бу каби мактаблар кўпайса, раҳбарлар ўзи таълим олган мактабига озгина бўлса ҳам ҳисса қўшишга ҳаракат қилса.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.