Ургутлик “Дон Кихотлар”

* Соғлиқни сақлаш вазирлиги рухсатисиз тиббиёт муассасаларига тегишли ерлар туман ҳокимлиги заҳирасига олинган

* Тадбиркорларга дарахтлар кестиришга йўл бермаётган қаҳрамонлар

* Ёпилган шифохонанинг туғруқ бўлими опен бюджетда ғолиб чиқмоқда

* Ибн Сино шифохонаси тикланиши имконсизми?

Ҳазилнинг ўрни эмас, Ургутда айнан шундай инсонлар яшайдиган қишлоқ бор. Уларнинг фидойиликлари ҳазилакам эмас. Ўзлари истиқомат қилаётган қишлоқ ҳудудидаги 500 га яқин арча ва бошқа бир неча турдаги дарахтлар экилган майдонни қўриб келишмоқда. Ҳа, бу сўзни айнан шу маънода тушунаверинг, қўриб, қўриқлаб келишаяпти.

Табиийки, набототни асраш ҳаммамизнинг бурчимиз, дейишингиз мумкин. Лекин бу ердаги арчазор майдонида ҳам кўп гап бор-да. Нафақат экология, балки аҳоли саломатлиги учун жон куйдираётган бу инсонларнинг мақсади аниқ. Келинг, бу мақсадлар ҳақида ёзишдан аввал гап нима ҳақда бораётганини батафсилроқ тушунтирсак.

Ургут тумани, Жўраптепа маҳалласида ўтган асрнинг 80-йилларида шифохона қурилган. Қурилгандаям ўша пайтлардаги колхоз маблағи ва аҳолисининг ҳашари билан кўтарилган. Абу Али ибн Сино номидаги ушбу 3-сон шифохона қарийб 80 минг аҳолига хизмат кўрсатган. Унда шифохона талабларига мос келадиган барча бўлимлар мавжуд бўлган ва аҳолининг узоғини яқин, оғир аҳволини енгиллаштирган. Жуда яхши хизмат кўрсатгандирки, мана орадан неча йиллар ўтса ҳамки, аҳоли ушбу шифохона қайта очилишидан умидвор. Ҳа, тўғри ўқидингиз, шифохона минг афсуслар бўлсинким, 2014 йилдан бошлаб, юридик мақом сифатида тугатилиб, Ургут туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфига ўтказилди. 2016 йилгача аҳолига хизмат кўрсатиб келди ва ўша йилнинг май ойида барча бўлимлар ёпилиб,  Жозмон ҚВП сифатида фаолият кўрсатди. 2017 йилдан бошлаб эса оилавий поликлиникалар қаторида аҳолига хизмат кўрсатиб келаётир.

Тўртта қишлоқни ўзида мужассам этган, 6 мингга яқин аҳоли истиқомат қиладиган Жўраптепа маҳалласи аҳлининг мақсади битта: ушбу шифохона аввалгидай фаолиятини бошласин. Шифохона иш бошласа фақат бу маҳалла эмас, атрофдаги ўнлаб қишлоқлар ҳам шу тиббий муассаса хизматидан фойдаланиши ва камида 50 минг аҳолига хизмат кўрсатиши мумкин.

-Қаровсиз қолгач, манаман деган бино ҳам нурай бошлайди, йиқилади, - дейди Жўраптепа маҳалласи фаоли Абдулла Омонов. – Тўғриси, уларни асраймиз, яна шифохона ўз ишини бошлайди, дея умидимизни ҳамон узганимиз йўқ. Бир пайтлар жуда сўлим, 500 га яқин арча ва бошқа манзарали дарахтлар экилган 4,6 гектар майдоннинг ярми қолди бугун.

Ҳа, бундан бир неча йиллар илгари собиқ шифохонага тегишли бўлган, туман тиббиёт бирлашмаси балансида бўлган, фойдаланилмаётган ерлар сифатида унинг 2,5 гектар майдони турли йўналишлардаги тадбиркорларга бериб юборилди. Гарчи соғлиқни сақлаш муассасаларига тегишли бўлган майдонлар соғлиқни сақлаш вазирлиги розилиги билан амалга оширилиши ҳақида тегишли ҳужжатлар мавжуд бўлса-да, аммо ер туман ҳокимлиги заҳираси ўтаяпти ва тадбиркорларга “ноль” қийматда берилмоқда.

Аҳоли бу ер учун жиддий талашди: бир нечта суд инстанцияларига югурди, хуллас, ер ҳокимлик заҳирасига ўтганлиги аниқ бўлди.

Гарчи шундай бўлса-да, ҳозирча бу ерда ҳеч қандай ишлар бошланмаган. Жўраптепаликлар мазкур ерда экилган дарахтларни кестиришга тадбиркорларга тиш-тирноғи билан қаршилик қилишмоқда. Хуллас, ҳозирча бу ерларда тадбиркорлик фаолияти олиб борилмаяпти ва дарахтлар ҳам фаолларнинг жиддий назорати билан жойида турибди.

Буни қарангки, фаолларнинг саъй-ҳаракати билан ҳеч бўлмаса поликлиника атрофи ўраб олинди ва поликлиника биносидан ташқари бир бино капитал таъмирдан чиқарилди. Хўш, бу қандай бино, дейсизми? Туғруқхона биноси. Яъни бир пайтлар туғруқхона сифатида фаолият кўрсатган, анчайин хароб аҳволга келиб қолган бино маҳалла аҳлининг югур-югури билан 2023 йилда ташаббусли бюджетда ғолиб, деб топилаяпти. Ушбу лойиҳада иштирок этишда қуйидаги мақсадларга эътибор беринг: “Ургут туманидаги жойлашган 3-сон шифохонани қайта ремонт қилиш, туғруқхона ва даволаниш бўлимида 10 койка жой ташкил қилиш... ва ҳоказо мақсадларда бир миллиард 200 миллион сўм маблағ ажратилди”.

Ташаббусли бюджетда иштирок этиш йилига эътибор беринг: 2023 йил! Бу пайтда шифохонанинг ёпилганига етти йил бўлган. Мақсадлар ҳам шифохона тикланиши катта умидни бераяпти. Ҳақиқатда бу маблағ яна ўша, қаҳрамонларча ўз мақсадидан қайтмаётган аҳолининг талабчанлиги ва тиниб-тинчимаслиги ортидан бу ерда ростдан ҳам жиддий таъмирлаш ишлари бошланиб кетади. Мана, таъмирлаш ишлари амалга оширилганига ҳам ҳадемай уч йил бўлади, озроқ пардоз ишлари ва тиббий жиҳозлар келтирилса, иш бошлаш мумкин. Лекин! Шу билан иш битса қанийди, ахир бино бор дегани шифохона иш бошлади, деб бўлмайдида. Ахир штатлар масаласи, яна қанча тиббий масалалар билан боғлиқ бу иш. Фаоллар эса опен бюджетдан таъмир учун юитлган маблағдан қанчалик умидланганини тасаввур қилолмайсиз. Умидки, биз бир пайтлар қийналмай фарзандларимизни даволайдиган, аёлларимиз туман марказига эмас, ёнимиздаги туғруқхонада фарзанд кўрадиган, кексаларимиз қийналмай, ўз ҳудудидаги шифохонада даволанадиган шифохонамиз қайта тикланади, деган орзулар қарийб ижобат бўладигандай хурсанд бўлишди.

Бугун бир миллиард 200 миллион сўмга амалга оширилган таъмирланган бино эса бўм-бўш. Лекин аҳолининг мақсади, интилишларида бу бўшлиқни илғамайсиз. Улар бир пайтлардаги каби ям-яшил арчалар, зилол сувлар оқиб турувчи катта майдонда, навбатларсизу, тиқилинчларсиз тиббий хизматдан фойдаланилган йиллар келишидан умидини асло узишмаган.

Аслида Ургут тумани вилоятдаги энг катта туманлардан бири. 600 мингга яқин аҳоли истқомат қиладиган туманда яқинда марказда минг ўринли марказий шифохона қурилиши ҳақида яхши хабарлар бор. Лекин катта ҳудуд учун бу етарлими? Қолаверса, кейинги йилларда туман марказларидаги шифохоналар ҳам замонавий ускуналар билан жиҳозланиб, турли жарроҳликлар, замонавий даволашлар амалга оширилмоқда. Бу эса туман марказлари шифохоналарига ҳам қатновни тобора ошириб бораётир. Тўғрироғи, бугун туман шифохоналари, вилоят марказларида ҳам шифохоналардаги навбатни кўриб, беморлигинг икки ҳисса ошади.

Шундай шароитда Жўрпатепа маҳалласида, енгилроқ хасталикларни даволаш, аҳолини оғирини енгил қилишни наҳотки иложи бўлмаса. Қолаверса, неча йиллардан шу масала бўйича қаҳрамонларча ҳаракат қилаётган аҳоли ҳам бу масалада қараб турмаймиз, агар шифохона тикланадиган бўлса биз камарбастамиз, деб турган бўлса! Бундан ортиқ жўмардлик борми?!

Гулруҳ МЎМИНОВА.