Иссиқ ҳарорат 40 даражадан ошганда экин ва чорвани қандай асраш керак?
Шу кунларда юртимизда ҳаво ҳарорати +40°C ва ундан юқори бўлиши кутилмоқда. Бундай жазирама экинлар, чорва моллари ва паррандалар учун ҳам жиддий синов ҳисобланади.
Ҳосил йўқотилиши ва нобудгарчиликнинг олдини олиш учун қуйидаги тавсияларга амал қилиш муҳим.
Экинлар учун
Аввало, дала ишларини эрта тонгда ёки кечқурун бажаринг. Бош кийим кийинг, енгил ва оч рангли кийимлар танланг. Тез-тез сув ичинг ва куннинг энг иссиқ соатларида дам олишга ҳаракат қилинг.
Экинларни эрта тонгда ёки кечқурун суғоринг. Энг мақбул вақт — қуёш чиқишидан олдинги соатлар. Куннинг энг иссиқ пайтида суғориш сувнинг тез буғланиши ва ўсимликнинг ҳарорат стрессига учрашига сабаб бўлади.
Имкон бўлса, томчилаб суғориш усулидан фойдаланинг. Сувни баргларга эмас, илдиз қисмига етказиш самаралироқ.
Тупроқни сомон, компост ёки бошқа органик материаллар билан мульчалаш намликни сақлайди ва илдизни қизиб кетишдан ҳимоя қилади.
Жазирама кунларда дарахт ва ўсимликларни кесиш, ортиқча баргларини олиб ташлаш ҳамда юқори меъёрда ўғит бериш тавсия этилмайди.
Кимёвий воситаларни куннинг иссиқ пайтида сепиш барг ва меваларнинг куйишига олиб келиши мумкин.
Чорва моллари учун
Чорва молларини соя-салқин жойда сақланг. Соат 11:00 дан 17:00 гача очиқ майдонда қолдирмаслик керак.
Молхонада ҳаво яхши айланиши, доимо тоза ва салқин ичимлик суви бўлиши шарт.
Жазирамада моллар кўпроқ сув истеъмол қилади. Шунинг учун сув идишларини тез-тез текшириб, ифлосланиши ёки қизиб кетишига йўл қўйманг.
Зарурат бўлса, эрта тонгда ёки иссиқ кучайишидан олдин молларни салқин сув билан ювиш мумкин. Бироқ муздек сувдан фойдаланиш тавсия этилмайди.
Озуқани эрталаб ва кечқурунги салқин вақтларда бериш мақсадга мувофиқ.
Паррандалар учун
Товуқхонада ҳаво алмашинувини яхшиланг, эшик ва деразаларни очинг, зарур бўлса вентилятордан фойдаланинг. Ҳаво оқимини тўғридан-тўғри паррандаларга қаратманг.
Паррандаларни катакларда зич сақлашдан сақланинг. Улар учун доимо тоза ва салқин сув тайёр бўлсин. Сув идишларини сояда сақлаб, кун давомида бир неча марта янгилаб туринг.
Агар товуқлар қанотларини ёйиб, оғзини очган ҳолда тез-тез нафас олаётган бўлса, бу иссиқ стрессининг белгиси. Бундай ҳолда уларни зудлик билан салқин жойга кўчириш лозим.
Эсда тутинг!
Жазирама кунларда тўғри парвариш экинлар ҳосилдорлиги, чорва ва паррандалар маҳсулдорлиги ҳамда инсон саломатлигини сақлашнинг энг муҳим омилларидан биридир.