Соғлом бўлишнинг бешта оддий ва самарали усули

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таҳлилига кўра, кейинги ўн йилда дунё бўйича катталар ўртасида жисмоний фаоллик даражаси 5 фоизга пасайган. Бу шундай давом этса, 2030 йилгача камҳаракатлик кўрсаткичи 35 фоизгача ошиши прогноз қилиняпти.

Хўш, бу муаммонинг оддий ва оқилона ечими борми?

- Баъзилар жисмоний фаоллик учун кўп вақт, махсус майдон, спорт кийимлари ва кучли ирода керак, деган нотўғри тасаввурга эга, — дейди Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали директори Яшин Аҳмадов. — Аслида эса бунинг учун истак ва ҳаракатнинг ўзи кифоя.

Оғир жисмоний машқларга ҳар қандай организм ҳам дош бера олмайди. Қолаверса, қатор касалликларда бундай зўриқиш организм учун зарарли. Шундай экан, муаммонинг оқилона ечими — кундалик тизимли ҳаракатда.

Қуйида ҳар кунлик жисмоний фаоллик учун энг осон ва оммабоп усулларни келтириб ўтамиз.

1-усул: 20 дақиқалик енгил юклама.

Жамоат транспортида манзилингиздан бир бекат олдин тушинг. Автомобиль ҳайдасангиз, машинани ишхонангиздан узоқроқ жойга қўйинг. Шу тариқа кўпроқ пиёда юриш имконияти туғилади.

Юқори қаватларга лифтда эмас, пиёда кўтарилишга одатланинг. Иш ёки ўқишга келишда 10 дақиқа, қайтишда 10 дақиқа яёв юришни йўлга қўйсангиз, бу организм учун кунлик 20 дақиқа енгил кардиоюклама ҳисобланади.

2-усул: 30 дақиқа қоидаси.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳафтасига камида 150 дақиқадан иборат ўртача жисмоний фаолликни тавсия қилади.

Бу меъёрни ҳафтанинг 5 кунига 30 дақиқадан тақсимлаш мумкин. Шунда алоҳида спорт машғулоти билан шуғулланиш шарт бўлмайди. Тез юриш, уй меҳнати, болалар билан ўйнаш орқали ушбу юкламани осон уддалайсиз.

3-усул: ҳар соатда 5 дақиқа ажратинг.

Ҳар соатда камида 5 дақиқа ҳаракат қилиш тавсия этилади: ўрнингиздан туринг, бироз хона ёки йўлак бўйлаб ҳаракатланинг. Қоматни ростланг. 10 марта ўтириб-туриш машқини бажаринг. Бу усул диққат ва иш унумдорлигини оширишга ҳам хизмат қилади.

4-усул: ҳам мулоқот, ҳам ҳордиқ.

Дўсту яқинлар билан мулоқот учун сайрни танланг. Оилавий дам олиш учун эса велосаёҳат ёки стол тенниси ўйини жуда мақбул.

5-усул: технологиялар — дастёрингиз бўлсин.

Турли мобиль иловаларни қўллаш ва ҳаракат ҳақида эслатмаларни ёқиш, фитнес-трекерлар орқали кунлик фаолликни кузатиш соғлик учун фойдали.

Кунига 10 минг қадам юриш мажбурий меъёр эмас. Аммо бу кўрсаткич сизни соғлом ҳаёт учун йўналтирувчи ажойиб марра ҳисобланади. Унутманг, катта натижалар кичик қадамлардан бошланади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати.