Бахтли ҳаёт учун беш қоида

Камтарона даромадга эга бўлса ҳам, инсон ўзини бахтли ҳис қилиши мумкин. Ёки аксинча, сиз бошқалар орзу қилган барча нарсага эга бўлиб туриб, ҳали ҳам шавқ ва иштиёқсиз бўлишингиз мумкин. Бахтни сотиб олиб бўлмайди, чунки у пул миқдорига эмас, балки ўз борлиғингизни қандай қабул қилишингизга боғлиқ.

Албатта, кишига қулайлик ва хавфсизликни таъминлаб берадиган пуллар муҳим. Лекин одатда бизни чинакам бахтли қиладиган самимият, муҳаббат, яхши дўстлар, мустаҳкам соғлиқ, ҳаётга бўлган иштиёқ ва мақсад каби туйғулар сотилмайди. Қуйида ҳисобингиздаги миллионларсиз, ўзингизни бойроқ ҳис қилишингизга ёрдам берадиган бешта оддий тамойиллар келтирилган.

Атрофингиздаги майда-чуйдалардан бошланг

Бахт камдан-кам ҳолларда узоқдан келади - у кичик нарсаларда яшайди. Эрталабки қуёш, қаҳва ҳиди, севимли қўшиқ ёки яқин дўстингиз қўнғироғи... Агар сиз оддий нарсаларни қадрлай бошласангиз, ҳаёт янада мазмунли бўлади. Бир кун бўлса ҳам барча нарсаларни фақат яхши томонини пайқаб яшашга ҳаракат қилинг ва бахт туйғусининг кўп қисми ўзингизда борлигига ҳайрон қоласиз.

Ўзингиз билан уйғунликда яшанг

Қандай қилиб ички уйғунликни топиш мумкин? Одамлар кўпинча ўзларини бошқалар билан солиштириб энергия сарфлаб юради. Уйғунлик эса ҳаётингизни бошқалар меъёрлари билан ўлчашни тўхтатганингизда келади. Ўзингизга яқин, сизга маъқул келадиган ва қувонч келтирадиган нарсалар билан банд бўлинг ва ҳеч қачон бошқалар муваффақияти ортидан қувманг. Ҳар қандай муваффақиятдан кўра ички осойишталик муҳимроқ.

Аслида сизга нима кераклигини тушуниб олинг

Баъзан биз шунчаки "шундай қабул қилинган"лиги учун нималарнидир хоҳлаймиз. Лекин агар сиз диққат билан ўзингизни эшитсангиз, биз хоҳлаган нарсаларнинг аксарияти керак эмаслигини билиб оласиз. Ҳақиқий истакларингизни тушуниб олиш - бу эркинликка бўлган биринчи қадамдир. Кераксиз нарсалар ортидан қувишни тўхтатсангиз, ҳақиқатан ҳам муҳимларига вақт топа оласиз.

Ўзингизда бор нарсалардан завқланишни ўрганинг

Орамизда бойроқ, муваффақиятлироқ ёки омадлироқ кишилар топилади. Агар сиз улардаги бор нарсаларга интила бошласангиз, ўзингизда борларидан завқ олишга ҳеч қачон вақтингиз бўлмаслиги мумкин. Бахтли бўлишнинг сирларидан бири - бу ўлчов ҳиссидир. Хурсандчилик ўзингизга етмаётган нарсаларни санашда тўхтаганингизда келади.

Ўзингизда бор нарса учун миннатдор бўлинг – шунинг ўзи бойлик

Ички мувозанатга эга ва шукроналик билдира оладиган одамнинг ўзи бойдир. Раҳмат айтиш учун ҳар куни камида битта сабаб топишга ҳаракат қилинг - шунда кайфиятингиз табиий равишда ўзгаради.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.