Самарқанд шаҳрида Германия тажрибаси асосида ижтимоий тиббий парвариш маркази фаолияти йўлга қўйилди

Самарқанд шаҳрида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш мақсадида кўп тармоқли ижтимоий тиббий парвариш маркази иш бошлади.

Самарқанд шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ҳамда Самарқанд халқаро саломатлик фанлари олий мактаби ҳамкорлигида ташкил этилган муассасада ёлғиз кексалар, ногиронлиги бор ҳамда узоқ муддат парваришга муҳтож шахсларга уй шароитида ижтимоий-маиший ёрдам, қараб туриш, тиббий-ижтимоий реабилитация, кундузги қатнов асосида қараб туриш ва шахсий ёрдамчи хизматлар кўрсатилади.

– Хизматлар ҳафтасига беш кун ташкил этилиб, 40 нафар ногиронлиги бор фуқаро учун мўлжалланган, – дейди Абу Али ибн Сино ва Генрих Шиппергес номидаги Ўзбекистон-Германия халқаро саломатлик фанлари олий мактаби нодавлат таълим ва илмий методик муассасаси ректори Азамат Эгамбердиев. – Ушбу марказ муассасамиз тасарруфида ташкил этилган бўлиб, Ўзбекистон-Германия қўшма лойиҳаси асосида ногиронлиги бўлган шахсларнинг фаол ҳаётга қайтиши, жамиятга интеграция бўлиши ҳамда психологик-эмоционал ҳолатини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Марказга келувчилар яшаш жойидан автобусда бепул олиб келинади ва кечқурун яна манзилига етказилади. Кун давомида 20 нафар хорижлик ва маҳаллий мутахассис томонидан реабилитация ва соғломлаштириш машғулотлари, жисмоний машқлар, маданий-маърифий ва кўнгилочар тадбирлар, тўғри овқатланиш бўйича амалий машғулотлар ҳамда физиотерапия хизматлари кўрсатилади. Шунингдек, 30 дан зиёд мутахассисларимиз 355 нафар ногиронлиги бор ва имконияти чекланган фуқароларнинг уйига бориб, уларга ижтимоий-психологик ёрдам беради.

– Уч йил олдин операциядан кейин юролмай қолгандим, – дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи Зулфия Мусабоева. – Ижтимоий парвариш марказига келгач, соғлигимда ўзгаришни ва оёқларимда ҳаракатларни ҳис қиляпман. Асосийси, бу ерда нафақат тиббий, балки ижтимоий-психологик ва жисмоний машғулотлар билан муолажа кўрсатилаётгани менга манзур бўлди.

Самарқанд шаҳридаги Абу Али ибн Сино ва Генрих Шиппергес номидаги Ўзбекистон–Германия халқаро саломатлик фанлари олий мактаби ўтган йил июнь ойида Ўзбекистоннинг Оммавий-ҳуқуқий тадқиқотлар маркази ҳамда Германиянинг Людвигсбург амалий фанлар университети ва Ҳаймерер профессионал академияси ҳамкорлигида ташкил этилган.

Муассасанинг асосий мақсади – соғлиқни сақлаш соҳаси учун юқори малакали тиббиёт ходимлари ва бошқарув кадрларини тайёрлаш бўлиб, таълим жараёнига ўзбек ва немис тиббиёт мактабларининг илғор тажрибалари ҳамда замонавий технологиялар қўлланилмоқда.

– Таълим уч босқич –  немис тили бўйича тайёргарлик, уч йиллик касбий таълим ва бакалавриат ҳамда магистратурани ўз ичига олади, – дейди муассаса ректори А.Эгамбердиев. – Муассаса дипломининг халқаро тан олиниши битирувчиларга Ўзбекистон, Германия ва Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларида ишлаш имкониятини беради. Ҳозирда лойиҳанинг дастлабки босқичи сифатида тил ўрганиш курси ва ижтимоий тиббий парвариш маркази ташкил этилди.

Бу эса келгусида профессионал мутахассислар тайёрловчи касб-ҳунар мактаби фаолиятини йўлга қўйишга асос бўлади. Шу билан бирга, яқинда Тошкент, Нукус ва Наманган шаҳарларида ҳам Самарқанд халқаро саломатлик фанлари олий мактабининг филиалларини ташкил этиш режалаштирилган.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.