“Анора”: ёлғизлик ва беморликка малҳам

Айни куч-қувватга тўлиб, фаол меҳнат қилиб юрган Наргиза 45 ёшида инсультга чалиниб, ҳаракатсиз бўлиб қолди, ҳатто гапиролмаслигидан тушкунликка тушди.

Даволанди, шифокорларнинг айтганини қилди. Маҳалласининг ижтимоий ходими шу каби касалликларни парваришлаш хизмати ташкил этилганини айтиб, уни “Анора” кўп тармоқли ижтимоий-тиббий парвариш марказига олиб келди. Наргиза бу масканга қатнаётганига беш ойдан ошди. Жисмоний ва руҳий ҳолатни тиклаш бўйича замонавий дастурлар ёрдамида соғлигини тикламоқда. Ҳозир гапира бошлади, қийналиб бўлса-да, ўзи юриб, марказга келмоқда.

Яқинда Самарқанд шаҳридаги “Анора” кўп тармоқли ижтимоий-тиббий парвариш марказида очиқ эшиклар куни ўтказилди. Унда жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

- “Анора” кўп тармоқли ижтимоий-тиббий парвариш маркази Германия давлати ҳамкорлигида ташкил этилган ижтимоий лойиҳа бўлиб, доимий равишда парваришга муҳтож инсонларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш ва уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган, - дейди марказ раҳбари Азамат Эгамбердиев унинг фаолияти билан иштирокчиларни таништирар экан. -  Марказимиз ўтган йилдан ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорликда ишламоқда. 300 нафарга яқин самарқандликларга патронаж қаров, тиббий ва ижтимоий хизматлар кўрсатамиз. Марказда ҳозирги пайтда 40 нафарга яқин малакали ассистентлар хизмат олиб боради. Бу ерда беморнинг жисмоний ва психоэмоционал ҳолатини қайта тиклаш, кундалик ҳаётда ўзига ишонч ҳосил қилиш кўникмасини шакллантиришга интиламиз. Марказда яқин кунларда ижтимоий-тиббий реабилитация хизматлари кўрсатишни ҳам бошлайди.

Германиядан келган экспертлар, юридик фанлари доктори Гералд Зандер ва немис тили бўйича эксперт Ханс-Йохан Райх марказда эксперт сифатида олиб бораётган ишлари ҳақида тўхталиб ўтишди.

-Тақдир тақозосига кўра ёлғиз яшайман, - дейди Самарқанд шаҳрилик 85 ёшли Раиса Коннонова. – Бу ерга ҳар куни келиб, машғулотларида қатнашаман, шифокор ва тренерлар ёрдамида  жисмоний машқлар бажараман. Бизнинг ёшимизда ўзимизни эплаб юриш, кунлик маиший ишларимизни амаллаб юриш учун ҳам катта ирода ва ҳаракат керак. Бу ерда мана шу кучни оламиз, ўз устимизда ишлаймиз, одамлар билан муомалада бўламиз.

“Анора” кўп тармоқли ижтимоий-тиббий парвариш маркази аҳолига бир неча йўналишда ёрдам кўрсатилади. Хусусан, ёлғиз қарияларга уйда ёрдам кўрсатиш, (кундалик рўзғор ишлари), тиббий-соғломлаштириш, кундузги парвариш, яъни реабилитацион дастурлар, руҳий-ижтимоий кўмак амалга оширилади. Қолаверса, имконияти чекланган яқинларига қарайдиган қариндошлар учун ўқув дастурлари, ижтимоий-тиббий ёрдамнинг замонавий усуллари, бу бўйича тавсия ва таҳлилий материаллар тайёрлаш  учун илмий изланишлар олиб бориш ҳам йўлга қўйилган. Марказ хизматлари кам таъминланган оила аъзолари учун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси орқали бепул амалга оширилади. Шунингдек, бу ерда пуллик хизмат кўрсатиш имкони ҳам мавжуд.

Гулруҳ Мўминова.