“Энг фаол китобхон” танлови иштирокчилари Зоминга саёҳатга борди

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти Кенгаши томонидан китобхонлик маданиятини янада юксалтириш ҳамда аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида мутолаага бўлган қизиқишни ошириш мақсадида бир қатор тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Ана шундай ташаббуслардан бири сифатида ўтказилган “Энг фаол китобхон” кўрик-танловининг вилоят босқичида фаол иштирок этган китобсеварларга муносиб рағбат сифатида Жиззах вилоятининг Зомин туманига саёҳат йўлланмалари тақдим этилган эди.

Мазкур сертификатлар асосида жорий йилнинг 11–12 июнь кунлари танлов иштирокчилари ҳамда бир гуруҳ ишчи-ходимлар учун Зомин туманига икки кунлик маърифий ва маданий саёҳат ташкил этилди. Саёҳатдан кўзланган асосий мақсад китобхонларни рағбатлантириш, уларнинг дунёқарашини кенгайтириш, меҳнат жамоалари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлашдан иборат бўлди.

Саёҳат давомида иштирокчилар мамлакатимизнинг энг гўзал ва сўлим масканларидан бири ҳисобланган Зоминнинг бетакрор табиати, мусаффо ҳавоси ва кўркам манзаралари билан яқиндан танишдилар. Улар туманнинг диққатга сазовор туристик объектларига бориб, ҳудуднинг тарихи, маданий мероси ҳамда туризм салоҳияти ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлдилар.

Айниқса, тоғ бағрида жойлашган дам олиш масканлари, яшил табиат қўйнидаги сайрлар ва маданий тадбирлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Саёҳат давомида китобхонликнинг инсон маънавий ҳаётидаги ўрни, мутолаанинг шахсий камолотга таъсири ҳақида фикр алмашишлар ҳам ташкил этилди. Бу эса тадбирнинг нафақат дам олиш, балки маърифий аҳамиятини ҳам янада оширди.
- Бундай эътибор ва рағбат учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти Кенгашига миннатдорчилик билдираман, - дейди танловда 1-ўринни олган Самарқанд шаҳри 82-мактаб она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Ҳуснидахон Онарбоева. - Зоминга уюштирилган саёҳат нафақат дам олиш, балки янги таассуротлар олиш, китобсеварлар билан фикр алмашиш ва маънавий озуқа олиш учун ҳам ажойиб имконият бўлди.

Бундай тадбирлар келгусида ҳам давом эттирилиши, китобхонларни муносиб рағбатлантириш орқали жамиятда мутолаа маданиятини янада ривожлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз. Зомин бағрида ўтказилган ушбу саёҳат эса китобга меҳр қўйган инсонларга кўрсатилган юксак эътиборнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.