Одоб бозорда сотилмайди

Эски маҳалладаги хонадонлардан бирининг дарвозаси олдида ўтирган мўйсафид чол (одамлар уни “устоз” деб атайди) кўзларини юмиб, қуёшга қўлини тутиб, баҳор ҳавосидан, ўрик гуллари ҳидидан сармаст ўтирарди. Кўча тарафдан набираси Рустамнинг баланд овозда гапираётгани эшитилди:
– Ҳой, қизлар, тезроқ! Селфи оламиз!

Университетнинг учинчи босқичида ўқиётган Рустам икки нафар қиз ўртоқлари қуршовида келарди.
Кўчадан ўтаётган кампир
- Вой, болам, овозларингни пасайтириб гаплашинглар, - деди.
Рустам эса кулиб жавоб қайтарди:
– Замонавий яшаяпмиз, буви. Қаттиқ овоз чиқарса, нима қипти?
Чол кўзларини очди. Набирасининг бундай хурмача қилиқларини илгари ҳам кўрганди. Бугун сабри тугади. Ўрнидан туриб, аста-секин овоз билан чақирди:
– Рустамжон, кел, бир гаплашайлик, ўғлим.
Рустам телефонини чўнтагига солиб, қизларга “кейин кўришамиз” деб бобосининг олдига келди.
– Нима гап, бобо? Яна “одобсиз бўлдинг”, дейсизми?
Чол жилмайиб деди:
– Йўқ, ўғлим. Сенга бир ҳикоя айтаман.
Рустам қўлларини чўзиб, “Майли, эшитайлик”, дегандай ўтирди.
– Ёшлигимда Фаррух исмли ўртоғим бўларди. У ҳам сен каби олий ўқув юртида ўқирди. Унинг учун ўқиш – мажбуриятдек эди. Дарсга келарди, лекин китобни қўлига олмасди. Мудом “Диплом оламан-да, кейин иш топаман”, дерди. Кўчама-кўча санғиб юрар, катталарнинг насиҳатига амал қилмасди. Қиммат кийимлар кийиб, ўзини замонавий кўрсатиш учун ёт маданиятларни ўзида мужассам этганди. Миллий қадриятларимизни “эскича” деб масхара қиларди. Лекин она тилида оддий хатни тўғри ёзолмасди.

Бир куни Фаррухни чет элга амалиёт ўташга таклиф этишди. У бундай жуда хурсанд бўлди. “Мана, менинг замонавийлигим”, деб барчага мақтанди. Аммо амалиёт жараёнида оддий топшириқни бажаролмагани учун устозларининг ишончини оқлай олмади, юзи шувут бўлди. Ташқи кўриниш вақтинчалик эканлиги, маданият ва билим умрбод инсонга хизмат қилиши мумкинлигини кеч англади.

Халқимизда бир нақл бор - “Одоб бозорда сотилмайди”. Ҳаё, андиша, катталарга ҳурмат – бу миллий ўзлигимиз. Бегона маданиятларга кўр-кўрона тақлид қилиш илдизидан узилишдир.
Набирагинам, майли, ривожланган давлатлар технологиясини ўрган, илм-фанни ўзлаштир. Лекин Ватанингни камситма. Муваффақият ўзлигини англаган, юрт равнақи учун масъулиятни ҳис қилган инсонгагина насиб этади…
Рустам жим ўтирар, кўзлари намланишни бошлаганда бобо унинг елкасига қўл қўйиб, юмшоқ овозда деди:
– Сен Фаррухга ўхшаган саводсиз мутахассис бўлма. Нўноқ мутахассис – жамият учун хатар. Олий таълим талабага диплом берадиган муассаса эмас, у ерда билим берилади. Маданият кийим билан ўлчанмайди, у қалб ва тафаккурнинг ҳосиласи. Одоб-ахлоқ инсонни умрбод юксакликка етаклайди.

Фотима ЭРГАШЕВА,
Нарпай тумани.