Самарқанд — Янги Ўзбекистоннинг туризм бренди

Бундан 35 йил аввал Самарқанд ҳақида сўз кетганда, Регистон майдони, Шоҳи Зинда мажмуаси, Амир Темур мақбараси, Бибихоним масжиди ёки буюк алломалар юрти экани тилга олинарди. Мустақиллик йиллари, айниқса, кейинги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Самарқанд нафақат тарихий, балки жаҳон туризм индустриясининг энг жозибадор нуқталаридан бири сифатида қараладиган бўлди.

Бир вақтлар туризм инфратузилмаси ривожланмаган, хорижий сайёҳлар оқими чекланган, меҳмонхоналари саноқли, халқаро даражадаги тадбирлар деярли ўтказилмайдиган, сайёҳлар асосан тарихий обидаларни томоша қилиш учун келадиган бу кўхна кент ҳозир халқаро форумлар, саммитлар, бизнес учрашувлар ва  маданий фестиваллар марказига айланди. Самарқандда давлат раҳбарлари иштирокида ўтказилаётган халқаро анжуманлар унинг нуфузини янада оширмоқда. Бугун жаҳон ОАВлари ва халқаро экспертлар диққати Самарқандга қаратилмоқда. Бунинг энг ёрқин намунаси сифатида «Silk Road Samarkand» халқаро туризм марказини келтириш мумкин. Ушбу марказ йилига 2 миллион нафар сайёҳга хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлиб, Марказий Осиёдаги йирик туризм кластерларидан бири ҳисобланади.

Туризм қишлоқларидан янги туристик йўналишларгача

2020-йилда Самарқанд  туманидаги Конигил республикада биринчи бўлиб «Туризм қишлоғи» мақомини олди. Бу ташаббус кейинчалик бутун вилоят бўйлаб кенгайди. Ургут туманидаги Терсак ва Омонқўтон, Нуробод туманидаги Оқсой, шунингдек, Тойлоқдаги Боғизоғон, Қўшработнинг Пангат маҳаллалари ҳам ана шундай мақомга эга бўлди. Натижада сайёҳлар учун фақат тарихий обидалар эмас, балки қишлоқ туризми, миллий ҳунармандчилик, тоғ туризми ва экотуризм йўналишлари ҳам очилди. Нуробод туманида экотуризм масканлари, Оқдарё туманида гастрономик туризм марказлари ташкил этилди. Бугун эса вилоятда зиёрат туризми, тиббий туризм, гастрономик туризм, агротуризм, экотуризм ва экстремал туризм жадал ривожланмоқда.

Хусусан, ҳозирда Ургут туманида параплада, ҳаво шарида учиш, Самарқанд халқаро туризм марказида дор йўли ва вертолётда сайр қилиш мумкин. Ёки Самарқанд туманидаги "Оқбўйра" туристик-рекреацион ҳудудида 7 гектар майдонда бунёд этилган йирик туризм лойиҳаси замонавий меҳмонхона ва дам олиш хизматларини ўзида мужассам этган бўлиб, йилига 300 минг нафаргача меҳмонларга хизмат кўрсатиш имкониятига эга.

Истиқлол йилларида Самарқанднинг транспорт инфратузилмаси ҳам мутлақо янги босқичга чиқди. Замонавий халқаро аэропорт барпо этилди. Бугун аэропорт орқали 30 га яқин халқаро ва маҳаллий йўналишларда парвозлар амалга оширилмоқда.  Янги автовокзал қурилиб, бир вақтнинг ўзида 50 та автобус, 80 та микроавтобус ва 400 та йўналишли таксига хизмат кўрсатиш имконияти яратилди. Ўтган йили «Самарқанд – Ургут» темир йўл линияси ишга туширилди. Бу вилоятнинг туризм салоҳияти юқори бўлган ҳудудларига боришни осонлаштирди, савдо-сотиқ билан шуғулланадиган Ургут халқига қулайлик яратилди ва қўшни Тожикистон давлати билан ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Мустақилликка эришганимиздан кейин Самарқанднинг маънавий-маърифий қиёфаси ҳам янгича мазмун билан бойиди ва буюк аждодларимиз мероси тикланди. Жумладан, Оқдарёдаги Маҳдуми Аъзам, Нурободдаги Ҳазрати Довуд зиёратгоҳлари, Самарқанд шаҳридаги Имом Абу Мансур Мотуридий ёдгорлик мажмуаси реконструкция қилинди. Буюк фақиҳ  Бурҳониддин Марғиноний қабри аниқланиб, аллома номини абадийлаштириш мақсадида мақбара қурилди. Пайариқ туманида Имом Бухорий мажмуаси замонавий қиёфада қайта барпо этилди. Бу эзгу ишлар Самарқанднинг ислом цивилизацияси марказларидан бири сифатидаги нуфузини янада мустаҳкамлади. Бугун Самарқанд нафақат тарих, балки маданият пайтахти сифатида ҳам танилмоқда. Жумладан,  «Самарқанд нони — халқ бренди», «Самарқанд оши» халқаро фестивали, «Folk Fest Samarkand”, халқаро ҳаво шарлари, параплан, бахшичилик фестиваллари, хорижлик санъаткорларнинг концертлари ва бошқа маданий тадбирлар кўплаб меҳмонларни жалб қилмоқда. Биргина «Самарқанд оши» фестивалига 300 мингдан зиёд сайёҳ ташриф буюрди. Ургутдаги ҳаво шарлари фестивалига 75 мингдан ортиқ томошабин қатнашди. Самарқанд нони, Самарқанд қоғози ва Самарқанд нўхат шўраги миллий бренд сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида вилоят туризмига киритилаётган инвестициялар ҳам йил сайин ошиб бормоқда. Биргина 2024-йилнинг ўзида туризм соҳасида умумий қиймати қарийб 1,5 триллион сўмлик 94 та лойиҳа амалга оширилди. Натижада 3728 та янги иш ўрни яратилди. 2025-йилда вилоятга 3 миллиондан ортиқ хорижий ва 5,3 миллион нафар маҳаллий сайёҳ ташриф буюрди. Шу йилнинг дастлабки беш ойида вилоятга 3 миллиондан зиёд хорижий ва 4 миллион 286 минг нафар маҳаллий сайёҳ Самарқандга келди. Ҳозирги кунда вилоятда жойлаштириш воситалари сони мингтага яқинлашиб, ўринлар сони 25 мингга етказилмоқда. Бу рақамлар Самарқанднинг халқаро туризм бозоридаги мавқеи тобора мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади.

Жўрабек СУЮНОВ,
вилоят туризм бошқармаси бошлиғи.