Меморандум: оила мустаҳкамлиги йўлидаги ишлар кенг тарғиб этилади
Бугун аёлларнинг дарди нима? Уларни қийнаётган муаммоларга қандай ечим бор? Фарзанд тарбияси, оила мустаҳкамлиги ёки ҳуқуқий масалаларда кўрсатилаётган кўмаклардан нечоғли фойдаланаяпти? Уларга иш топиб бериш, тадбиркорликка жалб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар қанчалик самара беряпти? Хотин-қизларга яратилаётган имкониятлар ҳақида кўпчилик биладими? Бу ҳақдаги ахборотлар жамоатчиликка етарли даражада етказиляптими?
Бу каби саволлар бугунги кунда ўз долзарблигини сақлаб қолмоқда. Зеро, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва фаоллигини ошириш, оила институтини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар самарасини аҳолига тўлиқ етказишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс.
Шу мақсадда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими ҳамда вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳужжат мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш ҳамда бу борадаги ишлар ва ижобий натижаларни кенг жамоатчиликка етказишга хизмат қилади.
Меморандумга мувофиқ, томонлар ўзаро ҳамкорликни ахборот очиқлиги, ишонч, самарадорлик ва манфаатдорлик тамойиллари асосида амалга оширади. Асосий мақсад эса вилоятда хотин-қизларнинг жамият тараққиётига қўшаётган ҳиссаси, ташаббуслари, ютуқлари ва фаолиятини оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиш, аҳолининг бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақидаги хабардорлигини оширишдан иборат.
Шунингдек, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш борасида қилинаётган ишлар ҳақида жамоатчиликка холис ва тезкор ахборот етказиш ҳамкорликнинг муҳим вазифаларидан бири сифатида белгиланган.
- Ушбу Меморандумдан асосий мақсад ҳудудларда оилаларни асраб қолиш, уларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш йўлида олиб борилаётган ишларни мунтазам ёритиб бориш, оммавий ахборот воситалари вакилларини бу соҳадаги ишлар билан яқиндан таништиришдан иборат, - дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Акрам Ҳайдаров. - Қолаверса, шаҳар ва туманларда фаолият юритаётган хотин-қиз журналист ва блогерлар учун ўқув-семинарлар ташкил этиш ҳам режалаштирилган. Бугун соҳага қўйилаётган талаблар, замонавий журналистика стандартлари, ахборот тайёрлаш маданияти ва касб этикаси бўйича республика ва вилоятнинг етакчи журналистлари иштирокида маҳорат дарслари ўтказилади.
Ҳамкорлик доирасида хотин-қизлар соҳасида амалга оширилаётган давлат дастурлари ва лойиҳалари ҳақида мунтазам ахборот алмашиш, ҳудудлардаги ижобий тажрибаларни оммалаштириш, ибратли оилалар ҳамда фаол хотин-қизларнинг ҳаёти ва фаолиятини кенг ёритиш кўзда тутилган. Шунингдек, журналистлар ва блогерларнинг жойларга чиқиб, муаммолар ва уларнинг ечимларини ўрганиши учун медиа-турлар, матбуот анжуманлари, давра суҳбатлари ва ижодий учрашувлар ташкил этилади.
Мазкур ҳамкорлик нафақат соҳада амалга оширилаётган ишларни кенг ёритишга, балки хотин-қизларнинг муаммоларига жамоатчилик эътиборини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳамда оилавий қадриятларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.